Home / МАҚОЛАЛАР / БЕМОРНИ ЙЎҚЛАГАН КИШИ ЖАННАТ ХУРФАСИДА БЎЛАДИ

БЕМОРНИ ЙЎҚЛАГАН КИШИ ЖАННАТ ХУРФАСИДА БЎЛАДИ

Ҳар бир инсон касал бўлади. Бу баъзида кучли, баъзида енгил кечади. Ривоятларга кўра, фақат Фиръавн касал бўлмаган экан. Бу унда ғурур ва кибр ошишига олиб келган. Аслида касаллик ҳам имтиҳон, ҳам раҳмат бўлади. Баъзан енгил касаллик ўзидан кейин келадиган оғир дардни қайтаради. Бу вақтда мўмин киши имтиҳонга сабрли бўлиши ва дардининг даъвосини маърифат билан излаши лозим бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:         “Аллоҳ бирор дард берган бўлса, албатта, шифосини ҳам бергандир”[1].

Динимизда бемор кишини йўқлаб, ҳолидан хабар олиш мўминнинг мўминдаги ҳаққи ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни қуйидаги тарзда изоҳлаб берганлар. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга етти нарсани: касални бориб кўриш, жанозада қатнашиш, айтилган жойга бориш, мазлумга ёрдам бериш, қасамни оқлаш, саломга алик олиш ва акса урган кишига ташмит айтишни буюрдилар”[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақларни бошқа ҳадисда ҳам баён қилганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Мусулмоннинг мусулмон зиммасидаги ҳаққи бешта: кўришиб қолса, салом бериш, касал бўлса, бориб кўриш, вафот этса, жанозасида қатнашиш, чақирилган жойга бориш, аксирганда “алҳамдулиллаҳ” деса, унга “ярҳамукаллоҳ” дейиш[3].

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларни бу ҳақларни бажаришга тарғиб этишлари ва унга риоя қилишга қайта-қайта урғу беришларида жамият учун кўп манфаатлар бор. Муҳим жиҳати шундаки, мусулмонлар бу ҳақларни адо этиш билан бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлади, дўстлик ришталари мустаҳкамланади. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида улуғ ажрга эришади.

Бемор аҳволидан хабар олишнинг нечоғли аҳамиятли амал эканини қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам билинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ азза ва жалла қиёмат кунида бундай дейди: “Эй одам боласи, касал бўлдим, Мени кўргани келмадинг!” Банда: “Эй Парвардигор, Сени қандай қилиб кўргани бораман, ахир Сен оламларнинг Раббисан-ку?” дейди. Аллоҳ: “Билмасмидинг, фалончи бандам касал эди, уни кўргани бормадинг? Билмасмидингки, сен уни кўргани борганингда, унинг ҳузурида Мени топардинг!”[4].

Бу ҳадиси қудсийдаги маъно шуки, инсонлар бир-бирига муҳтож қилиб яратилган. Баъзида ёрдамга, меҳрга муштоқ, касал бўлиб ётганда кимларнидир кўришга интиқ бўлади. Ким бир беморни зиёрат қилиб, кўнглини кўтарса, Аллоҳ таоло ҳам унга яхшилик ато этади ва ёру мададкор бўлади. Қиёматда катта ажр-савоб билан мукофотлайди.  

Касал кўргани борган киши гўёки жаннат боғларида сайр қилган бўлади. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Албатта, мусулмон киши ўзининг мусулмон биродарини (касал ҳолида) зиёрат қилса, то уйга қайтгунича, жаннат хурфаси ичида бўлади”. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, жаннат хурфаси нима?” деб сўради. “У жаннат(нинг терилган) меваларидир”, дедилар[5].

Исломда агар касал бошқа дин вакили бўлса ҳам, зиёрат қилиб, ҳолидан хабар олиш кўрсатмаси бор. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир яҳудий бола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилиб юрар эди. У бетоб бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳолидан хабар олгани бордилар. Бош томонига ўтириб: “Исломни қабул қил”, дедилар. Шунда у ёнида турган отасига қаради. Отаси: “Абул Қосимга – соллаллоҳу алайҳи васаллам – итоат қил”, деди. У мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетаётиб: “Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин”, дедилар”[6].

Бу улуғ савобли иш қуйидаги тартибда амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Беморни кўришга борган киши ҳар томонга алангламасдан, биродарига қарасин. Қўлини пешонаси ё қўлига қўйиб, меҳрибонлик билан: “Иншоаллоҳ, тезроқ сиҳат топасиз. Кўрмагандай бўлиб кетасиз. Умрингиз узоқ бўлур”, деб юпатсин ва кўнглини кўтарсин. Бемор олдида кераксиз гапларни айтиб, узоқ ўтирмасин. Хайрлашиш чоғида Аллоҳдан шифо тилаб дуо қилсин. Имкони бўлса, бемордан ҳам ўзи учун дуо олсин.

[1] Имом Бухорий ривояти.
[2] Имом Бухорий ривояти.
[3] Имом Бухорий ривояти.
[4] Имом Муслим ривояти.
[5] Имом Муслим ривояти.
[6] Имом Бухорий ривояти.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …