Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ

ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ

Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик” (Наҳл сураси, 44-оят), деб таъкидлаган. Демак, Қуръони каримни Аллоҳ таоло ирода қилганидек тушуниш учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига мурожаат қилиш зарур.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум кучли фасоҳат ва заковат эгалари бўлиб, ўзларидан кейингилар муҳтож бўладиган воситачи илмлардан беҳожат эди. Шунга қарамай, Қуръони каримни тўғри англашда Пайғамбар алайҳиссаломнинг изоҳларига эҳтиёж сезган. Масалан, “Имон келтирган ва имонига зулмни аралаштирмаганлар…” (Анъом сураси, 82-оят)даги “зулм”дан мурод ширк эканини, оқ ва қора ипдан мурод куннинг аввалидаги оқлик ва туннинг қоронғулиги эканини, “Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (жаннат) ва зиёдалик бордир” (Юнус сураси, 26-оят)даги “зиёдалик”дан мурод Аллоҳ таолонинг дийдорини кўриш эканини айнан Пайғамбар алайҳиссалом баён қилиб берганлар. Кўриб турганингиздек, агар у зот алайҳиссалом изоҳлаб бермаганларида, араб тилини пухта билишнинг ўзи билан бу маъноларни англаб етиш имконсиз эди.

Қуръони каримда умумий тарзда келган оятлар Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларда батафсил ёритиб берилган. “Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилингиз!” (Бақара сураси, 43-оят), “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдингиларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят), “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят) каби умумий маънода нозил бўлган оятлар ҳадиси шарифларда тафсилотлари билан ёритилган.

Пайғамбар алайҳиссалом бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилингани, унинг ракатлари сони ва фарзу вожибларини сўзлари билан баён қилган бўлсалар, “Намозни мен ўқигандек ўқингиз”, дея амалда ҳам кўрсатиб берганлар.

Шунингдек, закот кимларга вожиблиги, нисоб миқдори қанчалиги, нималар ҳисобидан чиқарилиши, рўза тутиш кимларга фарзлиги, уни қандай амаллар бузиши,  ҳаж ибодати кимларга фарз қилингани, унинг фарзу вожиблари каби масалалар ҳам ҳадисларда баён қилинган. Булардан ҳеч бири Қуръони каримда батафсил ёритиб берилмаган. Агар бу каби масалалар ўзимизга қўйиб берилганида, ақлимизни ҳарчанд ишга солмайлик, уларни била олмаган бўлар эдик. Булар Қуръонни тўғри англаш учун ҳадисга таяниш лозимлигини яна бир карра тасдиқлайди.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум исломда ҳадиснинг ўрни қандайлигини яхши билган. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг қандай ҳаж қилганларини сўзлаб берар экан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил бўлаётганда у зот орамизда эдилар. Унинг маъноларини Пайғамбар алайҳиссалом биздан кўра яхшироқ билардилар. Бинобарин, у зот қандай амал қилсалар, биз ҳам ўшанга қараб иш қилар эдик” (Имом Муслим ривояти), дейди.

Айюб Сахтиёний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир одам Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шухайрга: “Бизга фақат Қуръондан гапиринг”, деганида, у: “Аллоҳга қасамки, биз Қуръоннинг ўрнига бошқа нарса бўлишини хоҳламаймиз. Лекин Қуръонни биздан кўра яхшироқ биладиган кишиларни хоҳлаймиз” (Ибн Абдулбарр ривояти), деган.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу шафоат ҳақида гапирганида, одамлар орасидан бир киши:

– Эй Абу Нужайд, сизлар бизга шундай ҳадисларни айтасизки, биз Қуръонда унинг асли (таги) борлигини кўрмаймиз, – деди.
Шунда Имрон ғазабланиб, ҳалиги одамга:
– Қуръонни ўқидингизми? – деди.
– Ҳа, – деди у.
– Унда хуфтон намози тўрт ракат, шом намози уч ракат, бомдод намози икки ракат, пешин ва аср намозлари тўрт ракат деб ёзилган эканми?!
– Йўқ.
– Ундай бўлса, бу нарсани кимдан ўргандингиз? Биздан эмасми?! Биз уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганмадикми?”
Имрон яна бундай деди:
– Қуръонда ҳар қирқта қўйдан битта қўй, фалонта туядан фалонта туя, фалон дирҳамдан фалон дирҳам закот берилиши ёзилган эканми?
– Йўқ, – деди бояги одам
– Ундай бўлса, бу нарсани кимдан ўргандингиз? Биздан эмасми?! Биз уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганмадикми?

Аллоҳ таоло: “…ва “Кўҳна уй”ни тавоф қилсинлар!” (Ҳаж сураси, 29-оят), деган. Қуръонда “Исломда закоти бериладиган молларни закот йиғувчининг олдига олиб келишни талаб қилиш ҳам, закот йиғувчи одамни закоти бериладиган моллар олдига боришга мажбур қилиш ҳам, киши ўзининг қизи ёки синглисини бошқа бир одамга унинг қизи ёки синглисига маҳр бермаслик шарти билан уйланиши ҳам йўқ”, деб ёзилганини кўрдингизми?! Аллоҳ таоло унда: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз” (Ҳашр сураси, 7-оят), деганини эшитмадингизми?! Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сизлар билмаган нарсаларни ҳам ўрганганмиз” (Ибн Батта, Ожуррий, Ҳоким ва Ибн Абдулбарр ривоят қилган).

Юқорида айтилганлардан аён бўладики, Қуръонни тўғри англаш учун ҳадисга таяниб иш кўриш шарт. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлингки, менга Қуръон ва у билан бирга ўхшаши ҳам берилди” (Имом Аҳмад ривояти), деб бежиз айтмаганлар. Бу борада салафи солиҳларга эргашиш лозим. Ҳадиси шариф ҳам Қуръони карим сингари қалбимизда ўз ўрнига эга бўлиши керак.

Ёш авлодни ҳадиснинг ҳурматини жойига қўядиган ва уни амалга татбиқ этадиган кишилар қилиб тарбиялаш керак.

Қизиқ, ҳадисни инкор этувчи баъзи кимсалар диний амалларни кимдан ўрганаётган бўлса?! Уларнинг бу номақбул ишдаги имомлари ким бўлиши мумкин?!

Алоуддин НЕМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …