Home / МАҚОЛАЛАР / ШУНДАЙ БИР КУН КЕЛИБ, У СИЗЛАРНИНГ УСТИНГИЗДАН КУЛИШИ МУМКИН…

ШУНДАЙ БИР КУН КЕЛИБ, У СИЗЛАРНИНГ УСТИНГИЗДАН КУЛИШИ МУМКИН…

Имом Бухорийнинг илм талабида юрт кезганлари

   Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Бухорий айтганлар: «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилдан эшитдим: “Ҳаж қилдим. Акам онамни олиб қайтдилар. Мен ҳадис илми талабида қолдим. 18 ёшга етганимда “Қазоё ас-саҳобати ват-тобеъин ва ақовийлуҳум” (Саҳобалар ва тобеъинларнинг фатволари ва айтган сўзлари) китобини ёза бошладим. Бу Убайдуллоҳ ибн Мусо даврларида эди.

   “Ат-Тарих” китобини ҳам ўша пайтда ойдин кечаларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ёздим. Ушбу китобимга кирган ҳар бир шахснинг ўз қиссаси бор. Лекин китобнинг чўзилиб кетишини хоҳламаганим учун уларни ёзмадим.

   Марвда фақиҳларнинг мажлисларига борардим. Ёш эдим. Учрашганимда уларга салом беришдан уялардим. Ўша дарсларни тартибга солувчи бир киши мендан: “Бугун қанча ёздинг?” – деб сўради. Мен: “Иккита”, – дедим. Бу билан иккита ҳадисни назарда тутгандим. Ҳозир бўлганлар кулишди. Шунда шайхлари: “Кулманглар, шундай бир кун келиб, у сизларнинг устингиздан кулиши мумкин”, – деб айтдилар».

   Абу Ҳотим Имом Бухорийнинг қуйидаги сўзларини эшитганликларини айтганлар: «Мен Ҳумайдийнинг ҳузурларига кирдим. 18 ёшда эдим. У киши ким биландир бир ҳадис устида тортишаётган эканлар. Мени кўргач: “Ана бизнинг орамизни очадиган киши келдилар”,   дедилар. Ҳар иккалалари ҳадисларини ва фикрларини менга айтиб бердилар. Ҳумайдийнинг фойдаларига ҳукм чиқардим. У кишига хилоф қилган одам агар ўз фикрида қолган ҳолатда ўлса, кофир бўлиб кетарди».

Манба: “Машҳур даҳолар сийрати” (Сияру аъламин нубало) китобидан

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …