Ислом оламида “Ҳадис илмида амирул мўминин” деган шарафли номга сазовор бўлган Имом Бухорий ҳаёти ва илмий-маънавий меросини ўрганар эканмиз, унинг асарлари нафақат ҳадис илмини, балки тарих, фиқҳ, тафсир, одоб‑ахлоқ ва ақоид каби илмларни ҳам қамраб олганига гувоҳ бўламиз. Шу билан бирга мунозарали савол ҳам туғилади: “Имом Бухорий қайси фиқҳий мазҳабдан?” Албатта, Имом Бухорий фиқҳий мазҳаблардан қайси бирига мансуб бўлганлиги борасида уламолар, тадқиқотчилар ва аҳли илм турли хил фикрларни илгари суришган[1]. Баъзи уламолар Имом Бухорий Шофеъий мазҳабининг машҳур олимлари Имом Заргароний, Абу Савра, Каробисийларга шогирд бўлгани учун ўша мазҳабга амал қилган, дейди. Тожуддин Субкий “Табақотуш Шофеъия” номли китобида, Сиддиқ Ҳасанхон “Абжадул улум”да ва Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да Имом Бухорийни шофеъий мазҳабига мансублигини айтишган. Яна баъзи уламолар Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг дарсларини эшитгани учун Имом Бухорий ҳанбалия мазҳабида эди, деб фикр билдирадилар. Жумладан, Ибн Қайюм ўзининг “Эъломул муваққаъийн” китобида ва Ибн Абу Яъло Фарро “Табақотул ҳанобила” китобида Имом Бухорийни ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлган уламолардан дейишган.
Моликий мазҳабининг вакиллари эса Имом Бухорийни моликий мазҳабига мансуб бўлган, чунки у Имом Моликнинг “Ал-Муватто”сини Абдуллоҳ ибн Юсуф Тиннисий, Саййид ибн Анбар ва Ибн Букайрлардан ривоят қилган, дейди.
Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрларига келсак, улар Имом Бухорийга саҳиҳ ҳадисларни алоҳида бир китоб қилиб жамлашни таклиф қилган шахс ҳанафий мазҳабида бўлган Исҳоқ ибн Роҳувайҳ бўлган, Имом Бухорий ундан сабоқ олган, бинобарин у ҳам ҳанафий мазҳабига мансубдир, деганлар[2].
Кейинги вақтларда баъзи уламолар бу фикр ва таҳлилларни рад этиб, аллома у ёки бу устозидан ҳадислар ривоят қилса, унинг мазҳаб издоши бўлиши шарт эмас, деган фикрга келишди.
Имом Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий айтадики, “Менинг фикримча, Бухорий ҳеч бир мазҳабга тобе эмас. Агар у Шофеъий мазҳабига тегишли бирор масалани келтирган бўлса, бошқа ўринларда ўзига яраша Ҳанафий ва Моликий мазҳабларига тегишли масалалар ҳақида ҳам фикр юритган”.
Ҳақиқатдан ҳам бир шахсдан ҳадис ривоят қилди ёки илм ўрганди дегани бу ўша шахснинг мазҳабида бўлди, дегани эмас. Агар шундай бўлганида ҳар қайси имом ўзидан олдин ўтган имомнинг мазҳабида бўлиши керак эди. Ваҳоланки, иш бундай бўлган эмас. Маълумки, Имом Шофеъий Имом Моликдан сабоқ олган ва унинг “Ал-Муватто” асарини ёд билган. Имом Аҳмад Имом Шофиъийдан фиқҳни ўрганган, Имом Шофеъийнинг ўзи эса Имом Аҳмаддан ҳадис ўрганган. У Имом Аҳмадга “Сизлар саҳиҳ хабарларни бизлардан кўра яхшироқ биласизлар. Шунинг учун агар бирорта саҳиҳ хабар топилиб қолса, бизни ҳам хабардор қилиб қўйсангиз. Токи мен унинг олдига борай. У Куфада бўладими, Басрадами ёхуд Шомда, барибирдир”, – деган эди.
Имом Бухорийнинг замондош шогирди Имом Термизий ўзининг “Мазаҳибул аимма” номли асарида Имом Бухорий мазҳаби ҳақида маълумот келтирмаган. Машҳур тўрт мазҳаб асосчилари турли устозлардан сабоқ олсалар-да, ўзларининг билими, тажрибаларига суяниб алоҳида мазҳаб-йўлларга асос солганлар.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, Имом Бухорий агарда бирор мазҳаб асосчиси фикрига қўшилмаса, ўша мазҳаб асосчисининг номини айтмасдан, китобида “баъзи кишиларнинг фикрларига ихтилоф ҳолатида шуни айтаманки” деб, ҳурмат билан четлаб ўтади[3]. Бунинг сабаби эса аллома келтирилган ҳадисда ўз фикрини билдирар экан, бошқа мазҳаб асосчилари ва тарафдорларини камситмаслик эди.
Бу каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Имом Бухорий баъзи ҳадисларда бир мазҳаб нуқтаи назаридан ёндашса, бошқа ҳадисларда бошқа мазҳабга ёндашади. Ҳатто баъзи ҳадисларда тўрт мазҳабга ҳам ёндашмасдан ўз фикрини баён этган. Бу эса Имом Бухорийнинг бирор муайян мазҳабнинг изидан бормаганлигига яққол далилдир.
Шайх Тоҳир Жазоирий, шайх Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий ва бошқалар Имом Бухорийнинг ўзи мужтаҳид олим бўлган дейдилар ва бу гапни кўпчилик қўллаб-қувватлайди[4].
Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Мадиний “Муҳаммад ибн Исмоил бизнинг наздимизда Ибн Ҳанбалдан кўра фақиҳроқ ва идроклироқдир”, деганида унинг ҳузурида ўтирганлардан баъзилари “Чегарадан ошириб юбордингиз”, дея унга эътироз билдирадилар. Шунда Абу Мусъаб: “Агар сиз Моликни кўрган ва у билан Муҳаммад ибн Исмоилнинг юзига қараган бўлганингизда эди, фиқҳ ва ҳадис борасида ҳар иккаласи ҳам бирдир, деган бўлар эдингиз”, деб жавоб беради[5].
Ибн Ҳажар Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли борасида уни фиқҳий мазҳаблардан бирига тақлид қилган деб сифатлаган кишиларга жавоб тариқасида: “У ҳадислардан фиқҳий аҳкомларни чиқариб олган, уларнинг ровийларига таржимаи ҳол ёзган, ундан бошқалар идрок қилмайдиган нарсалар сабабли ҳадис соҳасининг моҳирларидан бўлган бир кишидир”, дейди[6].
Шундай бўлса-да, аввал ўтган имомлардан айримлари Бухорийни ўзларининг мазҳабларига мансуб деганликларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо энг ишончли якуний мулоҳаза шуки, юқорида айтилганидек, Имом Бухорий ўзининг мустақил мазҳабига эга мужтаҳид бўлган, фиқҳни барча мазҳаблардан олган, раъй ва ҳадис мактабларидан хабардор бўлган, сўнгра ана шу мазҳабларнинг орасидан ўзи танлаб олган турли хил қарашлари билан мустақил бўлиб чиққан. Имом Бухорий фиқҳини ўрганиш учун йўлга қўйилган махсус тадқиқотларнинг барчаси ана шу фикрга иттифоқ бўлган. Олиб борилган тадқиқотларнинг якуний натижаларидан шундай хулосага келиш мумкин, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”даги фиқҳий қарашлари муайян бир мазҳабга мансуб эмас. Имом Бухорий мустақил мужтаҳид бўлган. Давоми бор…