Home / МАҚОЛАЛАР / УЗОҚ УМР КЎРГАН САҲОБА

УЗОҚ УМР КЎРГАН САҲОБА

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан минглаб инсонлар ҳамсуҳбат бўлган. Бироқ уларнинг барчаси ҳам саҳоба бўлиш бахтига мушарраф бўлмаган, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарлик даврларида кўрган, у зот билан ҳамсуҳбат бўлган ва имон келтириб, мўмин ҳолида вафот этганларгина саҳоба дейилади.

Саҳобаларни фақат яхши сифат ва яхши ном билан тилга олиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг мартабаси юксак даражада эканини қуйидагича баён қилганлар:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ». رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ[1]

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳобаларимни сўкманглар (таҳқирламанглар), жоним унинг қўлида бўлган зот (Аллоҳ)га қасамки, агар сизлардан бирортангиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин нафақа қилсангиз ҳам, бирорта (саҳобалар)нинг “муд”[2]ини ҳам, унинг ярмини ҳам топа олмайди”, – дедилар.  (Имом Термизий ривояти).

Саҳобаларни ҳақоратомуз – ёмон сўз билан тилга олган кимса эса ҳақ йўлдан адашиши муқаррар, чунки Ислом дини кейингиларга улар орқали етиб келган. Саҳобалар бу омонатни етказиш йўлидаги барча машаққатларни зиммасига олган ҳолда вазифани тўла-тўкис адо этган. Уларнинг адади қанча бўлгани ҳақида тарихчилар аниқ бир тўхтамга келмаган. Баъзи манбаларда юз мингдан ортиқ дейилса, бошқаларида бир юз ўн тўрт минг нафар бўлгани қайд этилган.

Машҳур саҳобалардан бири Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бўлиб, унинг тўлиқ исми Анас ибн Молик ибн Назр ибн Зомзом ибн Зайд ибн Ҳаром ибн Жундуб ибн Омир ибн Ғанам ибн Аъдй ибн Нажжор ибн Саълаба ибн Амр ибн Хазраж Ансорийдир. У ўн иккинчи бобоси Хазражга нисбат бериб, Хазражий ҳам дейилади. Абу Ҳамза унинг кунясидир.

Отаси – Молик ибн Назр ҳам ўша даврда яшаган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарлик даврларида кўрган, лекин имон келтирмасдан мушрик ҳолида вафот этган.

Онаси – машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон ибн Холид ибн Зайд ибн Ҳаром Ансорийдир. Унинг куняси “Умму Сулайм” ва “Румайсо” бўлган. Манбаларда Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг исми Саҳла, Унайфа ва Мулайка бўлгани қайд этилган. Насаб жиҳатдан Умму Сулаймнинг бобоси Холид билан турмуш ўртоғи Моликнинг бобоси Зомзом ака-ука бўлиб, иккиси ҳам Зайд ибн Ҳаромнинг фарзандлари эди. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо эри Молик ибн Назр вафот этмасдан аввал исломни қабул қилган. Турмуш ўртоғи вафот этганидан сўнг Абу Талҳа Зайд ибн Саҳл Ансорий Нажжорийга турмушга чиқади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларида У зотнинг хизматларида бўлиб турадиган киши керак эди. Анас розияллоҳу анҳунинг ота-онаси бу имкониятдан фойдаланиб ёш Анасни У зотнинг хизматларига берган. Анас розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига топширилиши гарчи бир марта юз берган бўлса-да, икки саҳиҳ ривоятга кўра, бу воқеа икки марта содир бўлган дейилади.

– Биринчиси, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоятига кўра
онаси Умму Сулайм розияллоҳу анҳо олиб бориб топширган:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ: جَاءَتْ بِى أُمِّى، أُمُّ أَنَسٍ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – وَقَدْ أَزَّرَتْنِى بِنِصْفِ خِمَارِهَا وَرَدَّتْنِى بِنِصْفِهِ. فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللَّهِ! هَذَا أُنَيْسٌ، ابْنِى. أَتَيْتُكَ بِهِ يَخْدُمُكَ. فَادْعُ اللَّهَ لَهُ. فَقَالَ: «اللَّهُمَّ أَكْثِرْ مَالَهُ وَوَلَدَهُ».

 قَالَ أَنَسٌ: فَوَاللَّهِ! إِنَّ مَالِى لَكَثِيرٌ. وَإِنَّ وَلَدِى وَوَلَدَ وَلَدِى لَيَتَعَادُّونَ عَلَى نَحْوِ الْمِائَةِ، الْيَوْمَ.[3]

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Онам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келдилар. Онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган хурмонинг ярмини менга бериб, қолган ярмини (кейинчалик менга бериш учун) кийимларига ўраб қўйди. У зотга қараб: Эй Расулуллоҳ! Мана бу менинг ўғлим Анасча. Мен уни сизнинг хизматингизга олиб келдим. Унинг учун Аллоҳга дуо қилинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, унинг моли ва фарзандларини мўл қилгин!” – деб дуо қилдилар.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: Аллоҳга қасамки! Ҳақиқатда менинг молу давлатим кўпдир. Менинг фарзандларим ва набираларим (фарзандларимнинг фарзандлари) бугунги кунда юз нафардан ошади.

– иккинчиси, Имом Бухорийнинг ривоят қилишига кўра, уни Расулуллоҳга ўгай отаси Абу Талҳа розияллоҳу анҳу олиб бориб топширган:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ – عَنْهُ قَالَ: قَدِمَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ لَيْسَ لَهُ خَادِمٌ، فَأَخَذَ أَبُو طَلْحَةَ بِيَدِي، فَانْطَلَقَ بِي إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ أَنَسًا غُلَامٌ كَيِّسٌ فَلْيَخْدُمْكَ، قَالَ: فَخَدَمْتُهُ فِي السَّفَرِ وَالْحَضَرِ مَا قَالَ لِي لِشَيْءٍ صَنَعْتُهُ لِمَ صَنَعْتَ هَذَا هَكَذَا؟ وَلاَ لِشَيْءٍ لَمْ أَصْنَعْهُ لِمَ لَمْ تَصْنَعْ هَذَا هَكَذَا؟[4]

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида хизматларини қилгувчи бир дастёрлари, хизматкори йўқ эди. Шунда Абу Талҳа мени қўлимдан тутиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар-да: “Ё Расулуллоҳ, Анас (зийрак) эпчил ва фаросатли бола, сизнинг хизматингизни қилсин!” – дедилар. Шундан сўнг, мен ул зотнинг (ўн йил) сафарда ҳам, муқимликда ҳам хизматларини қилдим. Ул зот менга бирор марта қилган ишим учун “Нега бундай қилдинг?” ёхуд бирор марта қилмаган ишим учун “Нега бундай қилмадинг?” деб айтмадилар”. Ушбу икки ҳадис ҳам (саҳиҳ йўл билан) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Шу боис бу воқеа икки марта содир бўлган дейилади.

Ўша кундан бошлаб Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган.

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларида Анас розияллоҳу анҳу ўн ёшда бўлган. Шундан сўнг яна ўн йил хизматларида бўлган.

Буни Анас розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзлари исботлайди.

قال الزهري، عن أنس بن مالك: قدم رسول الله صلى الله عليه وسلم المدينة، وأنا ابن عشر سنين، وتوفي وأنا ابن عشرين سنة، وكن أمهاتي يحثثنني على خدمته[5].

Зуҳрий айтади: Анас розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мен ўн ёшда эдим. Вафот этганларида йигирма ёшда эдим. Онам мени У зотнинг хизматларига қизиқтирар эди”, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас розияллоҳу анҳуга муносабатлари меҳрибон отанинг фарзандига қилган муомаласидек бўлган. Буни Анас розияллоҳу анҳу шундай баён қилган:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки “Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди”, дер эдилар”. Анас ибн Молик ўн йил давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилган бўлсалар-да, у зотдан бирор марта танбеҳ эшитмаган. Бу ҳолат Расулуллоҳнинг олий хулқларига ва Анас ибн Моликни Абу Талҳа айтганидек ўта зийрак ва фаросатли бўлганига далолат қилади.

Анас розияллоҳу анҳу энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалардан биридир. У киши ҳадис ривоят қилиш борасида 5374 та ҳадис ривоят қилган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва 2630 та ҳадис ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳулардан кейинги ўринда туради. Анас розияллоҳу анҳу 2286 та ҳадис ривоят қилган. Шундан 168 тасини ҳам Имом Бухорий, ҳам Имом Муслимлар ўз асарларида келтирган. Ушбу ҳадислардан 83 тасини ёлғиз Имом Бухорий, 71 тасини Имом Муслим келтирган. Қолган 1964 таси эса бошқа ҳадис китобларида келтирилган.

Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида кўп бўлгани боис ҳадис ва суннатни ўзлаштиришда пешқадам саҳобалардан эди. Ҳатто, аксар амалларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай бажарган бўлсалар Анас розияллоҳу анҳу худди шундай ўзлаштириб олган. Шунинг учун ҳам намозни чин ихлос, хушуъ ва хузуъ билан ўқишда Анас розияллоҳу анҳуга етадиган саҳобий кам бўлган.     

عن ابى هريرة: ما رأيت أحدا أشبه صلاة، برسول الله صلى الله عليه وسلم من ابن أم سليم ـ يعنى أنس.[6]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умму Сулаймнинг ўғли – яъни Анас ибн Моликдан бошқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор кишини кўрмадим”, деган.

Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ вафотларидан сўнг аввал Дамашқда яшаган, кейин Басрага кўчиб ўтиб, ўша ерда 93/712 йили 103 ёшида  вафот этган. Муҳаммад ибн Сийрин жасадини ювган. Қатода ибн Мудрик эса жанозасини ўқиган.

Анас розияллоҳу анҳу энг охирги вафот этган саҳобалардан бўлиб, кўплаб энг сўнгги тобеъинларга устозлик қилган.

[1] Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомъеут Термизий. Риёд. 1999. –Б.872. 3861-ҳадис.
[2] Оғирлик ўлчов бирлиги бўлиб, 1 муд 544 грамга тенг.
[3] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳу Муслим. Мсир. Мактабатул ийман. Китаб фазоилус саҳоба. 32–боб. 143-ҳадис. –Б. 1241.
[4] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. Ж. 2. – Қоҳира. Муассасатул Мухтор, 2004. 2768-ҳадис. – Б. 636. 
[5] Абул Ҳажжож Юсуф ибн Закий. Таҳзибул камол. Ж. 3. – Байрут. 1980. – Б. 363.
[6] Абул Ҳажжож Юсуф ибн Закий. Таҳзибул камол. Ж. 3. – Байрут. 1980. – Б. 368.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …