Home / МАҚОЛАЛАР / ОДАМЛАР ОРАСИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ

ОДАМЛАР ОРАСИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ

Ҳар доим одамлар орасини ислоҳ қилишга уриниш ва самарали воситачилик қилиш улуғ мақсад ва ижобий натижаларни рўёбга чиқаришда энг таъсирли йўлдир. Бу икки томонни ислоҳ қилишда куч ишлатишдан кўра кўпроқ самара берган. Чунки куч-қувватнинг таъсири тез кетади. Аммо яхши саъй-ҳаракатнинг таъсири инсон қалбидаги гина-кудуратни суғуриб олишга, одамларнинг бир-биридан рози бўлиб яшашига, тортишаётган томонларнинг муросага келишига ёрдам беради. Шунингдек, ислоҳ қилиш кечиримли бўлишга, хато қилганни узр сўрашга, бағрикенглик, аҳил-иноқликка чорлайди. Натижада одамларнинг қалби гина-кудуратдан покланади ва юмшайди.

Аллоҳ таоло мўминлар орасини ислоҳ қилишга тарғиб қилиб, қуйидаги оятларни нозил қилган:

“Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз”[1].

“Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг”[2].

“Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар”[3]

Бу оятлар ҳамиша инсонларнинг аҳил-иноқ яшашига ундайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи керак. Ўшанда адолат қарор топади, инсон кўнгли хотиржамликни туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди. Мусулмон киши ҳаётда шариат кўрсатмалари асосида ўрта йўлдан юриб, одамлар орасини ислоҳ қилиши мақтовга лойиқ ишдир. Бу ислом динининг юксак ғояларидан бири ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ислоҳ қилиш муҳим бўлгани учун ҳатто, ёлғон гапиришга ҳам рухсат берганлар. Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Яхшиликни айтади ва яхшиликни етказади”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Муслим ушбу сўзларга қўшимча қилган: “Мен (Умму Кулсум бинти Уқба) У зотнинг одамлар “ёлғон” дейдиган нарсадан бирортасига рухсат берганларини эшитмаганман. Фақат уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига ёлғон гапиришига рухсат берганлар”.

Ислом динида ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам ундан каттароқ зарарни қайтариш учун рухсат берилган. Чунки одамлар орасини ислоҳ қилиш, кўпчилик манфаати йўлида душманни доғда қолдириш ва эр-хотиннинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун ёлғон гапириш  фойдалидир.

Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдида товушини баланд кўтариб тортишаётганларнинг овозини эшитиб қолдилар. Уларнинг бири иккинчисидан қарзидан ўтиб беришини ва бирор енгиллик қилишини сўрарди. Наригиси эса: “Аллоҳга қасамки, бундай қилмайман!” дер эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқиб: “Маъруф ишни қилмасликка Аллоҳнинг номига онт ичаётган киши қани?” дедилар. У: “Мен, эй Аллоҳнинг Расули. Буларнинг қай бирини истаса, ўша бўлақолсин”, деди”.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган саволлари билан яхшиликни қилмасликка қасам ичган саҳобани қаттиқ койидилар. Мусулмончиликда энг савобли ишлардан бири яхшилик йўлидаги ўзаро ёрдамдир. Бу қарздорга чиройли муомалада бўлиш, жамият аъзоларига беғараз кўмак бериш ва уларнинг қайғу-аламини енгиллатишдан иборатдир.

Бироқ ҳар бир шахс ўзи учун хоҳлаётган тинчлик, саодат ва бошқа неъматларни биродарига ҳам чин дилдан тиламаса, аҳил-иноқ жамият вужудга келмайди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи учун хоҳлаган яхшиликни биродарига ҳам соғинишни имоннинг шартига киритганлар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингизга яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз чинакам мўмин бўла олмайсиз”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан ҳамиша мўмин биродарларимизга ёрдам қўлини чўзиб, хусуматчиларнинг орасини ислоҳ қилиб турайлик. Албатта, ярашишни қабул қилиш бағрикенглик, олийжаноблик ва ўзаро ҳурмат белгисидир.

[1]Нисо сураси, 114-оят.
[2]Ҳужурот сураси, 10-оят.
[3]Анфол сураси, 1-оят.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …