Home / МАҚОЛА / ОДАМЛАРГА ОЗОР БЕРИШ, КАМСИТИШ ВА ШАЪНИНИ ПОЙМОЛ ҚИЛИШНИНГ ҲУКМИ

ОДАМЛАРГА ОЗОР БЕРИШ, КАМСИТИШ ВА ШАЪНИНИ ПОЙМОЛ ҚИЛИШНИНГ ҲУКМИ

Исломда одамларга озор бериш, обрўсини тўкиш, уларга тил ва амал билан ҳар қандай зарар етказиш ҳаромдир. Барча мусулмонларнинг бундан қайтарилгани Қуръонда очиқ-ойдин баён этилган:

﴿وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا﴾

“Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар”[1].

Исломнинг илк даврида дин душманлари айниқса аёлларга бўҳтон қилиш орқали мусулмонларга кўп озор беришга интилган. Мўмин инсон Аллоҳ таоло учун Унинг энг қадрли бандасидир. Ҳақ таоло бир неча оятда Ўзи мўминларнинг валийси эканини таъкидлаган. Кимки мўмин инсонга жисмонан ё маънан озор берса, Парвардигорнинг қаҳрига учраб, шунга яраша жазосини олади.

Имом ибн Абу Ҳотим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан: “Айтингларчи, энг ёмон рибо нима?” дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билади”, деди. Шунда у зот: “Аллоҳнинг эътиборидаги рибонинг энг ёмони мусулмон кишининг обрўсини тўкишни ўзига эп кўришдир”, дедилар. Сўнгра “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” оятини ўқидилар (Байҳақий. Шуъабул имон).

Ислом мусулмоннинг иззат-ҳурматини ерга уриш ва шаънини поймол қилишдан қаттиқ қайтаради.

Аллоҳ таоло:

﴿وَيْلٌ لِكُلِّ هُمَزَةٍ لُمَزَةٍ﴾

(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!”[2] дейди.

Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллари билан кўп тўкувчи одам араб тилида “ҳумаза” дейилади. Бировларнинг айбини, камчиликларини имо-ишора билан масхара қилувчини эса “лумаза” дейдилар. “Вайл” жаҳаннамдаги бир водийни ёки ҳолига вой, ҳалок бўлсин, маъноларини англатади.

Ушбу икки сифатга эга бўлганларнинг барчаси қаттиқ жазога учрайди. Чунки мўмин кишининг қонини тўкиш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, обрўсига путур етказиш ҳам шунчалик ёмондир.

Мусулмон киши доим бошқаларни қўллаб-қувватлаши ва ҳимоя қилиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор кимнинг ҳузурида мўмин киши хор қилинса ва у киши ёрдам беришга қодир бўла туриб унга ёрдам бермаса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни барча махлуқотлар олдида хор қилади”, дедилар (Имом Аҳмад. Муснад).

Абу Довуднинг “Сунан”ида Жобир ва Абу Толҳа розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир мусулмон бошқа бир мусулмон кишини иззат-ҳурмати поймол бўлаётган ва обрўси камситилаётганида ёрдамсиз қолдирса, Аллоҳ таоло ёрдам беришни яхши кўрадиган пайтда уни ёрдамсиз қолдиради. Бир мусулмон бошқа бир мусулмон кишини иззат-ҳурмати поймол бўлаётган ва обрўси камситилаётганда унга ёрдам берса, Аллоҳ таоло ёрдам беришни яхши кўрадиган пайтда унга ёрдам беради”.

Бинобарин, инсонлар ҳамиша бир-бирига яхши муносабат кўрсатиши, бир-бирини ҳурмат-иззат қилиши ва жамиятдаги ахлоқий меъёрларга риоя этишда бардавом бўлиши лозим.

[1] Аҳзоб сураси, 58-оят.
[2] Ҳумаза сураси, 1-оят.
Ушбу мақола Наввор ибн Шаллийнинг “Жамиятдаги иллатлар ва уларнинг ечимлар” китоби асосида тайёрланди.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Мақола PDF форматда

Мақола Word форматда

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …