Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юксак эътибор билан таъкидланмоқда.
Муҳтарам Президентимиз дунё харитасида пайдо бўлган янги илмий Марказ фаолиятига тўхталар экан, ушбу илмий Марказ юртимизга илм, барака олиб келишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Юртбошимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган илмий Марказ мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида, ёшлар тарбиясида беқиёс ўрин тутиши билан ўзига хос аҳамиятга эга.
Марказ илмий ходимлари мутафаккир алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш ҳамда мавжуд манбаларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказишдек масъулиятли вазифалар билан шуғулланиб, илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.
30-январ куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ташриф буюрди.
Меҳмонни Марказ директори Ш.Ю.Зиёдов кутиб олди.
Марказ директори Ш.Ю.Зиёдов дастлаб меҳмонларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берди.
Марказда буюк алломаларимизнинг бой илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда илмнинг шу йўналишлари бўйича илмий ходимлар ва малакали мутахассисларга яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар тўғрисида маълумотлар берди.
Марказ директори меҳмонларни Марказ кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар билан таништирди.
Шундан сўнг меҳмонлар Музейда сақланаётган ноёб экспонатлар, замонавий ахборот берувчи воситалар, ҳадис илмига оид нодир китоблар билан яқиндан танишдилар. Улар мана шундай маънавият-маърифат масканлари инсонни улуғворликка, аждодларга муносиб авлод бўлишга ва боболаримиздан фахрланиш туйғусини ҳис қилишга ундашини таъкидладилар.
Айниқса меҳмонлар, кутубхонада сақланаётган ҳадис илмига оид қўлёзма ва тошбосма асарларга ва музейдаги буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ҳамда илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларга жуда юксак баҳо бердилар.
Ташриф учун муфтий У.Алимовга Марказ директори Ш.Зиёдов ўз миннатдорчилигини билдирди.
ИБХИТМ Матбуот хизмати