Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ҳамда Марказ томонидан чоп этилган “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” ва Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснади Кеший” асарлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Дастлаб, Сирожиддин Абдувоитов юртимизда азалдан илмга қаратилган эътиборга аждодларимиз қолдирган бой маънавий мерос намуналари далил бўлиши, алломалар илмий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, ислом динининг асл моҳиятини кенг халқ оммасига етказиш мақсадида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлади.
Шунингдек, Марказ фаолияти, айни пайтда олиб борилаётган тадқиқотлар, нашр этилган адабиётлар, режалаштирилган илмий лойиҳалар хусусида маълумот берди.
Марказ илмий ходими Тоҳир Эвадуллаев бугунги кунда муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган турли бузғунчи кучларнинг кирдикорларини очиб берди. Ёшларни воқеликка теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашга, ҳушёр бўлишга, маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулосалар чиқаришга, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга даъват қилди.
Бундан ташқари, талабаларга юртимиздан етишиб чиққан кўплаб буюк сиймолар орасида дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган Аҳмад Фарғоний ва Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси ва назариётчиларидан бири Махдуми Аъзам Косонийнинг ибратли ҳаёт йўллари ва қолдирган бой илмий мероси, хусусан, аграр соҳа илми ривожи йўлидаги хизматлари ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати