IX-XII асрларга келиб, Мовароуннаҳр шаҳарлари барча соҳаларда ўз ривожининг юксак поғоналарига кўтарилди. Манбаларда уни «Уйғониш даври» деб ҳам эътироф этилди. Ислом динининг юксак таълимот эканини кўрсатувчи нодир манбаларнинг аксари ҳам ана шу асрларда яратилди.
Бироқ XIII аср бошида мўғуллар бутун Мовароуннаҳрни эгалладилар. Шаҳарга ўт қўйилиши, дарё ҳавзалари очиб, аҳоли мавзеларига сув бостирилиши, олимларнинг қатл этилиши, ҳунармандларнинг узоқ Мўғулистонга ишчи кучи сифатида ҳайдаб кетилиши, урушга яроқли кишиларнинг мажбуран ўз қўшинлари сафига жалб этилиши сабаб, минтақада аҳоли сонининг кескин камайиб кетишига олиб келди. Бу ҳолат ҳудудда ижтимоий ривожланишга асос бўладиган илмларнинг ва аҳолининг кундалик турмушини маълум мезонларга солиб турувчи фиқҳий асарларнинг тақчиллиги сабаб бўла бошлади. Ислом илмлари ичида айни фиқҳ илм эса бу мезонларни тартибга солиб, аҳоли ўртасида ижтимоий зиддиятларни олдини олиш ва иқтисодий табақаланишни олдини олишга сабаб бўлувчи омил эди. Шу боисдан мазкур соҳага аҳолининг эътибори ошди. Бироқ аҳолининг зиёли яъни илмли аллома ва олималари ҳамда уларнинг асарлари мўғил босқини тарафидан зарар етказилган ёинки оддий халқ ўқий олмайдиган ҳолатда эди. Давр ва маконнинг ўзи эса бу соҳада мўъжаз асарларни татбиқ этувчи фиқҳ алломалари ва уруш оқибат ҳамда унинг ортидан тушаётган солиқларни тўловчи оддий халқ учун камроқ вақт сарфлаб мутолаа қиладиган фиқҳий нодир асарларни талаб қила бошлади.
Қадимдан илм –маърифат маркази бўлган Мовароуннаҳр яна ўз салоҳиятини тиклай бошлади. Мана шундай илмий салоҳияти юқори қомусий олимлардан бири Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий эди. Бу зот фиқҳ соҳасига ўз даври учун таърифлаб бўлмас ҳисса қўшди десак муболаға қилмаган бўламиз. Имомни бобоси имом Тожуш-шарийъа бўлмиш Маҳмуд бин Садруш- шарийъадан олган. Садруш-шарийъа отасидан олган, отаси ҳам Садруш шарийъа лақабли бўлиб, бу зот ҳам илмни отаси Жамолуддин ал-Маҳбубийдан олган. Бу эса, Шайхул-имом, Муфтий Имомзодадан олган, у зот Имадуддин исмли устоздан, у эса отаси Шамсул-аимма аз-Зарнужарийдан олган, бу зот эса, ас-Сарахсийдан, имом ас-Сарахсий ал-Ҳилвонийдан у эса, Насафлик Алийнинг отасидан, бу зот Муҳаммад ибн Фазлдан, у эса, ас-Субазмунийдан, у эса, Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс ал-Кабирдан олган[1].
Убайдуллоҳ ибн Масъуд аждодларидан қолган илмий асарларни жамлаб, нафис ёдгорликларни тўплаш билан шуғулланиб келди ва бобоси таълиф этган асарни кейинчалик қисқартириб, мухтасар холга келтирди.Унинг оила аъзолари фиқҳ илмини ўз замонасининг энг забардаст олимларидан олганлар. Бу авлоднинг фиқҳ илмини ўрганиш силсиласи бухоролик атоқли фақиҳ Абу Абдулло ибн Абу Ҳафс Кабирга бориб этади[2].
У кишининг тўлиқ исмлари Убайдуллоҳ Содруш шарийъа ал-Асғар ибн Масъуд ибн Тожуш шарийъа Махмуд ибн Содруш шарийъа Аҳмад ибн Жамолуддин Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий ал-Бухорийдир. Бу алломага бевосита оқилона баҳо бериш албатта фиқҳ илми билан боғлиқ. Хусусан, Фиқҳ илмининг таърифига келсак.
«Фиқҳ» сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жой-ларигача тушунишни англатади. Шарийъат истилоҳида эса, «Шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга фиқҳ деб айтилади».
Ушбу таърифдаги «шаръий далил» деганимизда, асосан, Қуръони карим ва Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушунамиз.
«Фаръий ҳукмлар» эса, аслийнинг тескариси, яъни шаҳобча, кичик аҳамиятли, демакдир. Шарийъатда эса, ибодатлар ва муомалотни ўз ичига олувчи ҳукмлардир. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида динда фақиҳ бўлишни юқори баҳолаганлар.
عَنْ مُعاوِيَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ يُرِدِ الله بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ ففي الدِيْنِ. رَوَاهُ الأَرْبَعَةِ
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди»,- дедилар”.
Тўртовлари ривоят қилишган.
«Фиқҳ» сўзидан келиб чиққан ҳолда шарийъат ҳукмини дақиқ жойларигача тушунишни таъминлайдиган илм ҳам «фиқҳ» дейилади. Ана шундай илмий малакага эга бўлган одамни эса «фақиҳ» дейилади. Юқоридаги таъриф ва ҳадислардан кўриниб турибдики, динда фақиҳ бўлган инсон жуда теран ва дунё қарши кенг инсон экан. Шундан маълумки нафақат ўз даврининг балки бугунги аҳолининг ижтимоий муносабатлари ҳамда иқтисодий муомалотларида қўшган ҳиссаси беқиёс. Шу билан биргаликда ислом илмларида ўз даври ва бугунги кунда ҳам илмий баҳслар ҳамда муаммоли саволларга ечим бўлувчи асарлари билан хизмат қилмоқда.
Алломанинг ҳаёти ҳақида жуда кўп маълумотлар йўқ илмий ижодига қараганда. Бунга сабаб чиғатой улусининг ўша даврдаги сиёсий ва ижтимоий тарқоқлик ҳамда баъзи бир тарихий сабаблардир. Шунга қарамай олимнинг илмий ижоди ва ёзган асарлари воситаси ўлароқ бир сўз айтиш мумкин: Боболари имом Тожуш шарийъа Маҳмуд ибн Содруш шарийъанинг тарбиялари натижасида машҳур аллома бўлиб этишдилар. Ўша даврда Бухорода ҳукм сурган таҳликали вазият Содруш шарийа оиласини Хуросон томонга, яъни Кирмон шаҳрига кўчиб келишга мажбур қилди. Убайдуллоҳ ибн Масъуд у ерда боболари қўлларида таълим ва таҳсилни давом эттирадилар. Манбалардаги маълумотларга кўра боболари Кирмон шаҳрида вафот этганлар. Кейинчалик у зот Кирмонни ташлаб, ўша даврда Хуросоннинг йирик марказларидан бири бўлмиш Ҳирот шаҳрига келадилар ва илмий фаолиятларини шу ерда давом эттирадилар. У кишининг қалби доимо она ватан Бухорога қайтиш илинжида бўлган.
Имом Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий (р.а) Бухоро шаҳрида, илму маърифат булоғи бўлган, ўз бағрида етук фақиҳ уламоларни тарбия этган оилада таваллуд топдилар. Сабабики: Убайдуллоҳ ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳнинг насаблари улуғ саҳобий Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У кишига «Убодий» нисбатининг берилиши ҳам шу сабабдандир. Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг насаби ҳақида ҳиндистонлик машҳур олим Абдулҳай Лакнавийнинг ёзишича, Саййид Аҳмад-ат-Таҳовийнинг шогирди ал-Мавло Абдулмўмин ад-Димётий «Таолиқу-л-анвор ала дурри-л-мухтор» («Дурру-л-мухтор китобига ёрқин ҳошиялар») номли асарида, унинг насабини саҳоба Убода ибн ас-Сомитга боғлайди. У жумладан, бундай деб ёзади: «Устозимиз Сайид Муртазо Ҳусайн силсиласида» Садруш-шарийъанинг насабини қуйидагидек зикр этилганини кўрдим: Убайдуллоҳ ибн Маъсуд ибн Тожуш-шарийъа Маҳмуд ибн Садруш-шарийъа Аҳмад ибн Жамолуддин Абдулкарим Убайдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Абдулмалик Умар ибн Абдуллазиз ибн Муҳаммад ибн Маҳбуб ибн ал-Валид ибн Убода ибн ас-Сомит ал-Ансорий ал-Маҳбубийдир. Шунингдек, устозимиз унинг насабини «Бухоро тарихи»да кўрганман деган.[3] ”Маҳбубий” нисбати ҳам боболаридан бирларига бориб тақалади.
Садруш-шарийъа лақаби билан машҳур бўлиб келган Убайдуллоҳ ибн Масъуд ҳанафийлар фиқҳининг порлоқ юлдузи ҳисобланади. Боболари Тожуш-шарийъа лақаби билан шуҳрат қозонган Маҳмуд ибн Садруш-шарийъа эди. Бизга маълумки баъзи манбаларда «Содруш-шарийъа ал Асғар» «Кичик Содруш-шарийъа» лақаблари билан келади. У кишининг катта боболарининг лақаби ҳам Содруш-шарийъа бўлиб келади насаблари сабабидан. Шу сабабдан фарқлаш учун катта бобо «Содруш-шарийъа ал Акбар» – «Катта Содруш-шарийъа», набира эса «Содруш-шарийъа ал Асғар» – «Кичик Содруш-шарийъа» деб аталган.
Баъзи манбаларда икковлари «Содруш-шарийъа биринчи» ва «Содруш-шарийъа иккинчи» деб ҳам фарқланган. Аммо Содруш-шарийъа лақаби асосан Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан ишлатилган.
У бобоси тарбиясида камол топиб, Шарқ фалсафаси, калом илми ва табиатга оид фанларни ўзлаштириб, фиқҳ илмида катта аллома сифатида танилди ва ҳанафий мазҳабининг атоқли ва сермаҳсул олимларидан бири бўлиб ижод қилди.
Имом содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорийнинг устозлар силсиласи жиҳатидан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга этиб боради. Қуйидаги тартибда:
- Боболари Тожуш шарийъа Маҳмуд ибн Содруш-шарийъа.
- Катта боболари Аҳмад ибн Жамолуддин.
- Жамолуддин Убайдуллоҳ ал Маҳбубий.
- Шайх имом Муфтий Имомзода.
- Шайх Имодуддин.
- Шамсул Аимма Заранжарий.
- Имом Сарахсий.
- Имом Ҳалвоний.
- Абу Али Насафий.
- Имом Маҳмуд ибн Фазл.
- Имом Субазмуний.
- Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабир.
- Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний.
- Имом Абу Ҳанифа.
Устозлар силсиласидан кўриниб турибдики, Имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий замонасининг кўзга кўринган алломаларидан бўлиб, айниқса усулул фиқҳ, фуруъул фиқҳ, хилоф, жадал, ҳадис, наҳв, луғат, адабиёт, илми калом, мантиқ каби илмларда пешқадам бўлганлар.
Имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий бир қанча китоблар таълиф қилганлар. Улар қуйидагилар:
- «Ал-Вишоҳ».
- «Таъдилул улум».
- «Шарҳул Виқоя».
- «Ал Муқаддимотул Арбаъа».
- «Аш-Шурут вал Маҳозир».
- «Ат-Танқийҳ».
- «Ат-Тавзийҳ».
Имом Убайдуллоҳ ибн Масъуд ҳанафий мазҳабидаги машҳур усулул фиқҳ олимларидан биридирлар. Бу имомнинг «Ат-Танқийҳ» деб аталган китоблари усулул фиқҳ соҳасидаги мўътабар китоблардан ҳисобланади. Имом ибн Масъуд бу китобларини ёзишни бошлашлари билан имомнинг дўст ва биродарлари унинг қўлёзмасидан кетма-кет кўчириб бордилар. Натижада асар ёзиб тугалланишидан олдин тарқалди. Кўчиришда баъзи хатоларга йўл қўйилган эди. Имом ибн Масъуд бундан огоҳ бўлгач, «Ат-Танқийҳ»га «Ат-Тавзийҳ фий ҳалли ғавомиз ат-Танқийҳ» номли шарҳ ёздилар. Ушбу китоб усул илми бўйича шофиъий ва ҳанафий йўналишларини бирлаштириб ёзилган муҳим асар бўлиб, йирик олимлар томонидан шарҳланган.
- «Ниқоя Мухтасари Виқоя».
Фиқҳ илмида машҳур ҳамда ҳозирда мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилишга урф бўлган «мухтасар ал-виқоя» асари «Нуқоя мухтасари виқоя» асаринг иккинчи машҳур бўлган номларидан. Ҳозир шу ҳақида бироз маълумот ўрнида тўхталамиз. У зот бобоси ёзган «Виқояту-р-ривоя»ни араб тилида шарҳлаб, уни «Шарҳу-л-виқоя» деб атади. Бу китоб энг яхши ва тўлиқ шарҳ ҳисобланади. Шундан кейин баъзи ўқувчиларнинг «Виқояту-р-ривоя» китобини ўзлаштириб олишга қурби этмаётганлигини сезиб, ундаги энг зарурий масалаларни танлаб олиб, уни «Ан-Нуқоя» («Қисқача баён») ёки «Мухтасару-л-виқоя» деб атади.
Асарнинг муқаддимасида муаллифнинг ўзи бу ҳақида шундай деб ёзади:
“Бобом Маҳмуд ибн Садру-ш-шарийъа менинг фиқҳ илмини яхши ўрганишим учун «Виқояту-р-ривоя фи масоили-л-Ҳидоя» китобини тузди. Бу китобдек сўзлари мўъжаз, мазмуни аниқ ва тўла иккинчи бир китобни замон аҳли кўрган эмас. Мен баъзи бир толиблар ҳиммати бу китобни ўрганиб ўзлаштиришга қодир эмаслигини сезиб, зарурий масалаларни танлаб олиб, ушбу «Мухтасар» («Қисқартирилган китоб»)ни чиқардим. Ҳар ким «Ал-Ҳидоя»да келтирилган масалаларни ўрганиб, ўз хотирасида сақламоқчи бўлса, «Виқоя» китобини (бобом таълиф этган китобни) ўрганиб олишга урингай. Шошилиб турган, вақти оз бўлган киши мен таълиф этган бу «Мухтасар» («Мухтасару-л-виқоя»)ни ўрганишга таважжуҳ қилгай”.
Шунингдек, «Ал-Муқаддимоту-л-арбаъа» («Тўртта муқаддима»), «Таъдийлу-л-улум ва-ш-шурут…» номли асарлари ҳам катта эътибор ва шуҳрат касб этиб келган.
Заркалий берган маълумотга кўра, «Маъоний»(Адабиётга оид) фанлар соҳасида «Ал-Вишоҳ»(«Бўйинга тақиладиган безак»)номли китоб ҳам унинг қаламига мансубдир[4].
Ҳиндистонлик машҳур олим Абдулҳай Лакнавий «Мухтасару-л-виқоя» муаллифи Убайдулло ибн Масъудни «Барча томонидан қабул қилинган имом, шарийъат қонунларининг соқчиси, аслий ва фаръий (жузъий) муаммолар устози ва қисқартирувчиси, ақлий ва нақлий (шаръий) фанлар олими, фақиҳ (ҳуқуқшунос), фиқҳ усулларининг билимдони, мантиқий, муҳаддис (ҳадисшунос), муфассир, тилшунос, адиб, мутакаллим, буюк қадру манзилат ва юксак мақом эгаси, илму адаб билан тўлиб тошган, мажду азаматни ота-боболаридан мерос қилиб олган зот эди»[5], – деб танитади.
Садру-ш-шарийъа иккинчи Убайдуллоҳ ибн Масъуд 1346 йил ҳаётдан кўз юмди. Унинг қабри ота-боболарининг абадий макони – Бухоронинг Шеробод деган жойидадир.
-
«Ислом ҳуқуқшунослиги» Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. «Тошкент ислом университети» нашриёти – 2002.
-
«Кифоя шарҳи мухтасорул виқоя». Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. Тошкент – 2008.
-
Абдулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай ал-Лакнавий. «Фавоидул баҳийя фий тарожим ал-Ҳанафийя», Қозон: «Матбаатул хизона». 1903, Б. 57.
-
Бурҳонуддин Марғиноний. Ал – Ҳидоя. Абдулҳай Лакнавий муқаддимаси билан. Лакну, Ҳиндистон: «Асаххул-матобиъ», 1304 ҳ.й.
-
Жўзжоний А.Ш. Абу Мансур Мотрудий: ғоявий бирлик дарғаси Шарқ машъали, 2000, № 1-2.
-
Жўзжоний А.Ш. Бухоролик фақиҳлар силсиласи Ҳаёт ва Қонун, 1994, №3.
-
Жўзжоний А.Ш. Мажмаул мақсуд – нодир ҳуқуқий манба: Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 1996, 27 август.
-
Жўзжоний А.Ш. Марғиноний ва унинг издошлари. Тошкент: ТИУ, 2000
-
Жўзжоний А.Ш. Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби анъаналари тарихидан. Ўзбекистон ижтимоий фанлар, 1994, №8.
-
Убайдуллоҳ ибн Масъуд. Мухтасар. Татарча таржимада ўзбекча тилида нашрга тайёрловчилар: Рашид Зоҳид, Акрам Деҳқон. Тошкент: «Чўлпон», 1994.
-
http://www.fiqh.uz.