Арабистон ярим ороли VII асрга келиб ҳар жиҳатдан жаҳолатга ботган ўлкага айланди. У ерда яшовчи қабила ва элатлар инсон табиатини безовчи гўзал фазилатлардан тамоман узоқлашган эди. Аҳвол шу даражага етган эдики, ҳудудда яшовчи қабилалар бири-бирига ҳужум қилиб, одамларни асир олар, табиийки, асир олинган инсонлар қул қилиб сотилар эди. Бу даврда қулларни сабабсиз ўлдириш одатий ҳолга айланган эди. Шу ва бошқа омиллар туфайли Арабистон ярим ороли разолат ва ахлоқсизлик ўчоғига айланган, оддий халқ эса қашшоқликдан қаттиқ азият чекар эди.
Бундан ташқари, бу даврда инсонни маст қилувчи ичимликлар кўплаб истеъмол қилинар, қимор, фоҳишабозлик ва судхўрлик каби иллатлар чуқур илдиз отган эди. Қабилалар ўртасидаги хун олиш одати эса энг оғриқли муаммолардан бирига айланган эди. Баъзи қабилалар ўртасидаги бундай адоват бир неча аср давом этарди. Бунга мисол сифатида Мадинадаги Авс ва Хазраж қабилаларининг 130 йилдан бери давом этаётган душманлик муносабатларини келтириш мумкин. Бундай ҳолат ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда эди.
Бу даврдаги энг жирканч ҳолатлардан ҳолатлардан яна бири қиз болаларнинг тириклайин кўмилишидир. Одатда, кўпдан бери давом этаётган анъаналарга кўра, қиз бола шарм-ҳаё рамзи дея баҳоланган ва уни турмушга бериш ўша хонадон учун ор ҳисобланган. Бу эса, юқорида айтилганидек, ўта ярамас одатнинг пайдо бўлишига олиб келган. Мазкур ҳолат ҳам Арабистон ярим оролида яшовчи халқларнинг нечоғлик жаҳолат ботқоғига ботганини кўрсатади.
Бундан ташқари, зикр қилинаётган даврда одамлар тош ва ёғочдан ўз қўли билан ясаган бутларга сиғинар, улар номидан қурбонликлар келтиришарди. Шунингдек, одамлар турли сохта илоҳларга назр улашиб, уларга илтижо ва дуо қиларди. Бундай шикр одатлар араблар ҳаётига чуқур сингиб кетган эди. Шунинг учун улар: “Биз боболаримизни шу йўлда топдик. Бу йўл тўғри йўлдир. Нима бўлса бўлсин, йўлимиздан қайтмаймиз”, деган қоидага қатъий амал қилар эди.
Бундай инсонларга нажот йўлини ким кўрсатади, уларнинг ҳис-туйғуси ва қобилиятини ким йўналтиради ва ривожлантиради? Уларнинг бошини ким қовуштиради?
Шундай бир киши келиши керак эдики, у оламнинг қандай маъно касб этганини, инсоннинг кимлигини, нега яратилганини, бу дунёга қандай мақсад билан юборилганини, вазифаси нимадан иборат эканини ўргатиши лозим эди. Тушунарсиз бир китоб, маъносиз қоғоз тўпламига айланган оламни маъносизликдан қутқариб, нималарни англатишини баён қилиши ва инсоннинг мазкур буюк китоб олдида қандай туриши кераклигини кўрсатиши лозим эди.
Шундай бир зот келиши керак эдики, у зот инсонга ўхшаб яшашни, ҳаётдан ҳақиқий лаззат олишни, ҳақ-ҳуқуқ, адолат, тенглик, муҳаббат, ҳурмат, ростгўйлик ва ҳалолликни мукаммал жорий қилиши лозим эди.
Инсоният яна қанча кутиши мумкин эди? Фақат инсоният эмас, тоғ-тош, тирик ва жонсиз ҳар бир мавжудот ҳам ўша қутқарувчини соғинч ва интизорлик билан кутиб, ёнар эди.
Жаноби Ҳақ бу соғинчли кўзларни йўлда қолдирмади. Севикли Расули Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. У зотнинг келиши оламларга раҳмат бўлди. Бир зумда олам чароғон бўлди ва маъно касб этди, инсоният у зотга боғланиб ўзини топди. Инсонлар у зот орқали тўғри йўлни топди. У зотга берилган энг буюк мўъжиза — Қуръонни қўлига олди, оламни ўқиди ва ўқитди:
“Қаранг, – дедилар у зот, – шу муҳташам оламга, шу муҳташам юлдузлар билан безатилган осмонга; қуёшга, ойга қаранг, қандай нозик ҳисоблар билан айлантирилаётганини кўринг… Қаранг кечага, кундузга, қандай бир-бирини излаб келаётганини кўринг… Шу тоғларга, саҳроларга, дарёларга, ирмоқларга, ер остига кўмилган ва яна тирилиб чиқадиган саноқсиз ўсимликларга қаранг. Ўз яратилишингизга қаранг. Сизларни бир қатра сувдан Яратган зот ҳақида тафаккур қилинг.
Ақлларингизни ишлатинг. Бу ишлар тасодифий ишлар эмас, ўз-ўзидан бўлиши мумкин эмас. Бир Яратгучининг илми, қудрати ва иродаси билан шундай мукаммал тартибга солинган. Буларни англаб, ҳеч кимга зарар ва фойда бера олмайдиган бутларга сиғинишдан воз кечинг. Бу маъносиз ва кулгили эътиқодлар билан ўзингизни пастга урманг. Сизларни инсон қилиб яратган Роббингизга имон келтиринг ва саноқсиз неъматлар билан сизларни яшатган Холиқингизга шукр қилинг ва фақат Унга ибодат қилинг».
Ақлини ишлатган инсонлар мазкур илоҳий даъватга итоат этди. Уларнинг қийналган руҳига абадийлик мамлакати эшиклари очилди. Ширкдан қутилиб, тавҳид жаннатига кирдилар. Улар ҳидоят нурига парвона ва нубувват қуёшининг манзумасига боғланган юлдузлар бўлди.
Оламнинг асл моҳиятини билишни истамаган кимсалар эса мавҳумликдан қутула олмади. Уларнинг қайсар қалби ўзини алдади, қаттиққўл ғурури йўлдан оздирди. Ақлини ишлатмаган тоифалар уларни бу саодатдан маҳрум этди.
Имон билан куфр ораси кенгайиб борди. Қоронғулик билан ёруғлик, кеча билан кундуз каби…
У зот тенги ва мисли кўрилмаган шундақй улкан инқилоб қилдики, қисқа вақт ичида ўша талончи, пароканда, ёввойи одамлардан дунёнинг энг маданиятли ва илми инсонлари етишиб чиқди. У зот уларнинг руҳига сингиб кетган бир эмас, юзлаб одат ва хулқни ўзгартирди. Бир-бирининг қонини тўкишдан қайтмаган миллатни, ҳатто чумолига озор бера олмайдиган даражадаги раҳм-шафқат тимсолига айлантирди.
Бу танланган инсонларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нур ҳалқаси ичида тарбия топди. Расулуллоҳ уларга инсоннинг кимлигини, қаердан келиб, қаерга кетишини, вазифаларининг нимадан иборат эканини тушунтирдилар. Уларнинг бошбошдоқ бўла олмаслигини, бу дунёга имтиҳон учун юборилганини, натижада, мўминлар билан кофирлар, яхшилар билан ёмонларнинг ажратилишини баён қилдилар.
Улар орасидан шундай буюк инсонлар чиқдики, дўст-душман ҳаммаси уларни тақдир этди. Масалан, Ҳазрати Абу Бакр, Расулуллоҳни таниш билан пайғамбарлардан кейин энг улуғ инсон мақомига етди. Ҳаётини ҳақ йўлга бағишлади, бор-будини Аллоҳ йўлига сарфлади. Раҳм-шафқати, ҳурмат-эҳтироми, олижаноблиги, келажакни кўра билиши ва матонати билан ажралиб турди.
Исломдан олдин жоҳил ва қаттиққўл бўлган Умар, имон лаззатидан тотиб, Пайғамбар алайҳиссалом тарбиясини олгач, адолати билан бутун оламга машҳур бўлди ва номи тарихга олтин ҳарфлар билан ёзилди. Пайғамбар sollallohu alayhi vasallam: “Агар мендан кейин бир пайғамбар келадиган бўлса, Хаттоб ўғли Умар келар эди”, деган таърифга сазовор бўлди.
У зотнинг тарбияси билан фаришталар ҳам ҳурмат қилган ва ниҳоятда сахийлиги билан шуҳрат қозонган Ҳазрати Усмон ҳамда илм ва ирфон ошиғи, зуҳд ва тақво тимсоли бўлган қаҳрамон Ҳазрати Али каби шахсиятлар етишди.
Оддий бир аскар бўлгани ҳолда бирдан “Аллоҳнинг қиличи”га айланган, жанг майдонининг довюрак жангчиси Холид ибн Валид, сиёсат даҳоси Амр ибн Ос, оддий бир қул бўлгани ҳолда умрининг охиригача бош қўмондонлик мақомини сақлаб қолган Зайд ибн Ҳориса ва унинг ўғли Усома, аввал чўпон бўлгани ҳолда кейинчалик Эрон вилояти ҳокими бўлиб, ўша мақомда ҳам оддий инсонлар каби ҳаёт кечирган Салмон Форсий сингари зотлар – ана шу ўн саккиз минг оламга раҳмат қилиб юборилган пайғамбар алайҳиссаломдан сабоқ олиб, ёрқин сиймоларга айландилар.
Бу инсонлар ушбу нур дарёсидан шундай бир учқун олдиларки, натижада, улар энг маданий, энг маърифатли инсон бўлиб етишди, энг юқори чўққиларга кўтарилди. Шу билан бирга, улар ўша файз билан жўшиб, ҳақ ва ҳақиқатни эшитиш ва таъминлаш учун мамлакатма-мамлакат кезиб юрар эди. Юқорида номлари зикр қилинган улуғ инсонлар энг маданиятли халқларга ҳам устоз бўлиб қолдилар.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





