У яна сўзи давомида саволга қуйидагича жавоб берган:
“Агар ўша мазҳабда мана шу тўғри деб эътиқод қилган бўлса, ўша мазҳабга амал қилади. Лекин далил жиҳатдан олганда “Аёллар эркакларни(нг) тенгидир” ҳадиси булардан кўра қувватли ҳисобланади. Далил жиҳатдан қараганда билагини теккизмаслиги ва тиззасини ҳам тўғри қилиши қувватли бўлиб кўринади”.
Содиқ Самарқандий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни намоз орасидаги бу фаръий масалага нотўғри қиёс, нотўғри таъвил қилмоқда.
Аслида, ҳадисга кўра, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж қилиш каби бир қанча ибодатларда аёллар эркаклар билан тенгдир. Яъни, эркакларга бир кунда беш вақт намоз қандай фарз қилинган бўлса, аёлларга ҳам шундай миқдор фарздир. Бир ой рўза эркакларга қандай фарз қилинган бўлса, аёлларга ҳам шундай фарздир. Закот, ҳаж ва бошқа фарз қилинган амаллар ҳам шунга қиёс қилинади.
Аммо, амаллар ижросида айрим ҳолатларда аёллар билан эркаклар амалларининг фарқи мавжуд. Масалан, закотни беришда маҳрами орқали етказиши, ҳаж ибодатида эҳром ўрнига тикилган кийим кийиш мумкинлиги, уларнинг эҳроми кийиб юрган кийимлари экани, шунингдек, намозда қиёмда туриш, сажда қилиш ва қаъдада туриш каби амалларда ҳам фарқ мавжуд.
Ҳанафий мазҳаби уламоларининг саҳоба ва саҳобиялар ибодатларидан андоза олиб қилган ижтиҳодига кўра, бу икки хилқат соҳиблари намоз ўқиш жараёнида ҳам фарқланади. Намозда эркаклар ўзларида хушу-хузу ва тавозе билан бирга, ғайрат ва шижоатни намоён этиб турса, аёллар хушуъ-хузуъ ва тавозе билан бирга, маъсумалик ва шарму ҳаёни намоён этиб туради.
Содиқ Самарқандийнинг ўз сўзига далил сифатида юқоридаги ҳадисни келтириши нотўғри, унинг қиёси ҳам нотўғри деган сўзимизга яна далил:
Тасаввур қилинг! Анави салафий айтганидек, аёллар эркакларга ўхшаб намоз ўқиса!? Аёллар қиёмда қўлларини киндик остига қўйиб, ўша салафийларга ўхшаб оёқлари орасини очиб юбориб турса, саждага борганларида тирсакларини ўзидан узоқлаштириб, қўлтиқларини кенг очиб, тиззаларини тўғри қилиб сажда қилса!? Қандай бўлади-ю, ҳанафий мазҳабида кўрсатилганидек, намозга қоим бўлганда қўлларини кўксига қўйиб, оёқлари орасини имкон қадар ёпиб қиёмда турса, тирсакларини йиғиштириб, қўлтиқларини ёпиб, тиззаларини букиб сажда қилса?! Бу ҳолат қандай бўлади? Юқорида айтилган икки ҳолатда намоз ўқиётган икки аёлнинг қайси бирининг ибодати гўзал, қайси бирининг ибодати фаросатсиз ижро этилган ҳисобланади? Хулоса сиздан.
Ислом фақат амални бажаришдан иборат эмас. Амалларни бажариш икки хилдир. Биринчиси, амалларни Аллоҳга маҳбуб бўладиган даражага олиб чиқиб, фаҳму фаросат билан гўзал тарзда бажариш. Иккинчиси, шунчаки бажарсам бўлди, дея пала-партиш бажариш. Бу икки ҳолатдан биринчиси ҳақиқий ибодат, иккинчиси одатга айланган ибодат дейилади.
Сохта салафийларнинг бу сўзлари замирида ҳам намоз эътиборга арзийдиган нарса эмас, пала-партиш бўлса ҳам бир амаллаб ётиб турсанг бўлаверади, деган маъно ётади. Уларнинг бу сўзлари остида неча асрлар давомида хушуъ-хузуъ ва ҳаё билан бажариб келинаётган ибодатни шунчаки кундалик одатга айлантириш ҳаракати мавжуд.
Агар юқоридаги ҳадисда айтилган исломда аёл ва эркакнинг тенглигини Содиқ Самарқандий каби тушунадиган бўлсак, эркаклар ҳам аёлларга тенгликни даъво қилиб, ҳаж ва умра қилганларида аёллар каби эҳром киймасдан ўз кийимларида қолиши ёки аксинча, аёллар ҳам ҳаж ва умрада эркаклар каби эҳром кийиши мумкин бўлиб қолади. Шунингдек, юқоридаги ҳадис унинг тушунчасига кўра таъвил қилинадиган бўлса, аёлларни эркакларга ўхшаб кийинишини ҳам исломдаги тенглик деб баҳолаш мумкин бўлади.
Демак, ҳар бир мусулмон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини тўғри маънода англамоғи лозим. Жумладан, юқоридаги ҳадисдаги тенглик сўзидан ҳар бир хилқат соҳиби ўзига белгилаб берилган илоҳий мезонга амал қилиши кераклиги англашилади.
Дин-диёнатга оид масалалар дуч келган одамдан сўраб оладиган масала эмаслигини юқорида айтилган жавоблардан ҳам анлаб оламиз. Шу ўринда муҳтарам аёлларимиздан илтимос қилиб қолар эдикки, динингизга тегишли саволларни ўзингиз танимаган, билмаган одамдан сўраманг. Акс ҳолда, сизни нотўғри йўлга бошқариб, ибодатингизнинг хароб қилиб қўйиши, намозингизни ибодатдан одатга айлантириб қўйиши мумкин.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





