Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “МУҚАДДАСДИР ВАТАН БАЙРОҒИ”

“МУҚАДДАСДИР ВАТАН БАЙРОҒИ”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Марказ илмий ходимлари иштирок этган тадбир аввалида Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими С.Абдувоитов сўзга чиқди ва байроғимиз, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи йўлида барчамизни бирлаштириб, мамлакатимиз мустақиллигини ҳамиша кўз қорачиғидек асрашга, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга, юксак ишонч ва қатъият билан келажакка қадам ташлашга даъват этиб туришини таъкидлади.

Тадбирда шунингдек, мамлакатимиз суверенитетининг рамзи бўлган давлатимиз байроғида миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш йўлидаги эзгу мақсад ва миллий ғояларимиз, асосийси, умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, орзу-умид ва ёруғ келажакка интилишларимиз, ор-номусимиз ва ғуруримиз акс этгани тилга олинди.

Марказ директори Бош маслаҳатчиси, профессор Б.Тўраев ва Марказ илмий котиби Б.Турсунов буюк аждодларимизнинг Ватан ва унинг байроғига бўлган меҳр-муҳаббати борасида Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур сингари улуғ давлат арбобларининг ватанпарварлиги, фидойилиги ва юрт равнақи учун чеккан заҳматлари хусусида тўхталди.

 

Иштирокчилар халқимизнинг асрий орзу-истаклари, шон-шарафи ва халқимизга хос меҳмондўстликни ўзида мужассам этган, барчамизнинг фахру ифтихоримиз ифодаси бўлган Давлат байроғини асраб-авайлаш ҳар биримизнинг энг олий бурчимиз эканини таъкидлашди.

 Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …