Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 11 ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Марказ бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Йўлдошхон Исаев 2020 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг VIII қурултойи иштирокчиларига йўллаган табригида билдирган таклифига биноан 11 ноябр “Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни” деб белгилангани ва ушбу кун байрам сифатида кенг нишонланишини таъкидлади.
Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев тадбир иштирокчиларини байрам билан қутлаб, “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар ҳамда “Ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталиги”ни юқори савияда ташкил этишда фаоллик кўрсатишга чақирди.
Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Шавкат Туйғунов сўнгги йилларда касаба уюшма ташкилотларига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани, айрим муҳим ва долзарб масалаларга айнан шу тизим орқали ечим топиш имкониятлари ҳақида тўхталди.
Тадбирда сўзга чиққанлар меҳнат жамоасидаги аҳиллик улкан ютуқ ва муваффақиятлар гарови эканини таъкидлаб, Марказ бошланғич касаба уюшма қўмитаси негизида ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари, меҳнат муҳофазаси ҳамда ижтимоий ҳимоясининг узлуксиз таъминланиши ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратишда барча фаол иштирок этиш лозимлигини қайд этди.
Шундан сўнг барча ходимларга Марказ бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалар топширилди.