“Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусидаги халқаро конференциянинг “Нодир манбаларни консервация ва реставрация қилиш, реестр тузиш ва рақамлаштириш масалалари” деб номланган II шўъба йиғилиши бўлиб ўтди.
Халқаро конференциянинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Миср давлатларидан 50 нафарга яқин олим ва мутахассис иштирок этган бугунги йиғилишида 20 дан ортиқ илмий маърузалар тингланди.
Халқаро конференция “Марказий Осиё – Ислом санъати ўчоғи” форуми доирасида қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимидаги мавжуд муаммоларни амалий фаолият асосида бартараф қилиш, нодир манбаларни консервация ва реставрация қилишни янада такомиллаштириш борасида Ўзбекистон ва хориж тажрибасини мувофиқлаштириш ҳамда уни қадимий ёзма манбалар реестрини тузиш ва рақамлаштириш ишида амалиётга кенг қўллаш мақсадларида ташкил этилди.
Анжуман шўъба йиғилишлари давомида тизимдаги муаммолар аниқланиб, ютуқ ва камчиликлар белгилаб олинди ҳамда соҳани янада такомиллаштиришга оид фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Конференцияда мамлакатимиздаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузиш ва доимий мониторингини юритиш бўйича соҳа мутахассислари кўникмалари оширилиб, давлат реестри асосида қадимий ёзма манбаларнинг турлари бўйича (қўлёзма, тошбосма манбалар, тарихий ҳужжатлар) каталоглар ва электрон нусхаларини яратиш жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил этилди ҳамда манбалар консервацияси ва реставрацияси билан шуғулланаётган соҳа ходимларининг мунтазам равишда касбий салоҳиятини ошириш бўйича Ўзбекистон ва хориж тажрибаси ўрганилди.
Конференция якунига кўра кўрилган масалалар ва тингланган маърузалар асосида илмий қийматга эга маълумотлар ҳамда тўпланган маҳаллий ва хорижий тажриба, шунингдек, нодир ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар кенг жамоатчиликка етказилди. Иштирокчилар маърузаларини илмий тўплам тарзида нашр этишга келишиб олинди.
Анжуман сўнгида иштирокчиларга ташкилотчиларнинг тегишли сертификатлари топширилди.
Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази
Матбуот хизмати