Бугун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан мамлакатимизда диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган илмий изланишлар натижаларини маҳаллий ва халқаро жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда Имом Бухорий илмий меросини тадқиқ этиш борасида ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди.
Онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ва жамоаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мутасадди ходимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси олимлари, Ҳадис илми олий мактаби педагог ва талабалари, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари иштирок этишди.
Конференция ишини ZOOM видеоконференция платформаси орқали экспертлар, мутахассис, мустақил тадқиқотчи ва тингловчилар жами 40 дан зиёд нуқтадан туриб кузатиб боришди.
Анжуман давомида мамлакатимиз ва Миср ҳамда Туркия давлатларининг 10 га яқин олим маърузалари асосида илмий мулоҳазалар юритилди.
Иштирокчилар мамлакатимизда маънавий қадриятларнинг ҳаётий ўрнини тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ва самарасини юқори баҳолаб, бу жараёнда аждодларимизнинг диний-маърифий меросини чуқур тадқиқ қилишга қаратилаётган юксак эътиборни эътироф этдилар. Муҳокамалар давомида исломдан озиқланган диний-маърифий қадриятларнинг ҳаётий мақомини юксалтиришга қаратилган давлат сиёсати доирасидаги амалий тадбирлар таҳлил этилиб, аксар мамлакатлар тараққиётининг магистрал йўналиши сирасидаги демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятни барпо этиш йўлидан бораётган Ўзбекистондаги диний ва дунёвий мезонларнинг ўзаро бунёдкор ҳамкорлик тажрибаси ўрганилди.
Конференция давомида Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси борасида ўтказилаётган тадқиқотларнинг тарихий ва замонавий кўринишлари умумлаштирилиб, бу борада истиқболдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.