Ўзбекистон қадимдан улуғ алломалари, буюк мутафаккирлари билан бутун жаҳонга машҳур бўлган. Юртимизда ҳар бир соҳада етишиб чиққан олимлар дунё тамаддунига беназир ҳисса қўшишган. Бунинг натижасида ўрта асрларда уйғониш даври, яъни Шарқ ренассанси вужудга келган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, дея таъкидлади.[1]
Ҳақиқатан, кўҳна Шарқ, хусусан, бизнинг замин буюк мутафаккирлари, алломалари амалга оширган улкан кашфиётлар туфайли катта шуҳрат қозонган. Уларнинг илм ва кашфиётлари, маънавий ва маданий мероси ҳозирга қадар ўз аҳамиятини сақлаб қолган.
Ана шундай алломалардан бири Абу Лайс Самарқандийдир. Машҳур фақиҳ ва мутакаллим олимнинг тўлиқ исми – Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий бўлиб, “Абу Лайс” куняси билан машҳур бўлган. “Абу Лайс”, яъни шернинг отаси[2] куняси билан машҳур бўлишига сабаб сифатида шердек баҳодир, жасур, довюрак, шижоатли бўлган.[3]
Алломанинг туғилган йили аниқ эмас. Шу боис унинг “Уюн ал-масоил” асарини таҳқиқ қилган Саййид Муҳаммад Муҳанний олимнинг таваллуд санаси ҳақида аниқ маълумот келтирмаган.[4] Туркияда чоп этилган ислом энциклопедиясида ҳам Абу Лайс Самарқандийнинг таваллуд санаси келтирилмаган.[5] Интернет сайтларида ҳам олимнинг туғилган йили аниқ кўрсатилмасдан,[6] балки X асрда таваллуд топгани келтирилади.[7]
Лекин айрим тадқиқотчилар Абу Лайс Самарқандийнинг 298/911 йили Самарқандда туғилиб, 375/985 йил шу ерда вафот этгани, олим умри давомида тафсир, фиқҳ, усул (дин асослари), ақида, зуҳд бўйича илмий фаолият юритиб, кўплаб асарлар ёзганини келтиради.[8]
Бошқа тарихчилар эса у киши, тахминан, 301–310 ҳижрий йиллар оралиғида таваллуд топганини айтишади. Абу Лайс Самарқандийнинг таваллуд санаси аниқ эмаслигига асосий сабаб сифатида ўша пайтда одамларнинг дунёга келиш санасини аниқ қайд этиш урф бўлмаганини айтиш мумкин.
Алломанинг туғилган санаси аниқ бўлмагани каби, вафоти тўғрисида ҳам турли маълумотлар бор. Довудий ўзининг “Тобақот ал-муфассирийн” асарида у киши 393 ҳижрий сананинг 11 Жумадул аввал тунида вафот этган деган.[9] “Тобақот ас-санийя фи тарожим ал-ҳанафийя” асарида 383 йилнинг 3-санасида дейилган. “Тож ат-тарожим”да эса 375 ҳижрий йил қайд этилган бўлса,[10] “Жаваҳир ал-мазийя”да 373 йилнинг 3-куни дейилган.[11]
“Кашф аз-зунун”да Ҳожи Халифа Абу Лайс 376 ёки 383 ёки 393 ҳижрий йилларнинг бирида вафот этганини айтади.[12] “Тарих ат-турос ал-аробий”да унинг вафоти 373 йил экани, 375 ва 393 деган сўзлар ҳам борлиги келтирилади.[13]
“Ал-ансоб” асари муаллифи Абу Саъид Абдулкарим Самъоний (1113–1167) аллома ҳақида биринчи бўлиб маълумот берган. Унинг ёзишича, “Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Тузий Абу Ҳанифа мазҳабидаги фақиҳлардан бўлган. Баҳс-мунозараларда машҳур бўлган. Самарқандда яшаган ва шу ерда вафот этган. Устози Абу Иброҳим Термизий бўлиб, ундан ҳадис ривоят қилган. Шогирди Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Саид Самарқандий Навоий бўлган”.[14]
Алломанинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида кўплаб олимлар ўз асарларида маълумотлар келтиришган.[15]
Абу Лайс Самарқандий ёзган асарлар Андалусиядан Индонезиягача кенг тарқалиб,[16] асрлар давомида мўмин-мусулмонларнинг тафсир, ақида, ҳадис, фиқҳ борасидаги илмлари янада юксалишига, энг муҳими, ҳанафий мазҳабининг кенг тарқалишига хизмат қилган.
Абу Лайс Самарқандий дастлабки билимларни отаси Муҳаммад ибн Иброҳим Тузийдан ўрганади. Муҳаммад ибн Иброҳим Тузий замонасининг фақиҳ уламоларидан бўлган.[17]
Абу Лайс Самарқандийнинг барча устозлари ҳанафий мазҳаби уламолари бўлиб, уларнинг кўпчилик силсиласи Имоми Аъзам Нўъмон ибн Собит Абу Ҳанифа (699–767), Абу Юсуф (731–798), Муҳаммад ибн Ҳасанга (749–805) бориб тақалади.
Аллома кўплаб асарлар ёзган. Хусусан, тафсир борасида «Баҳр ал-улум» (Илмлар денгизи) номли уч жилдли китоб ёзган. Фиқҳ борасида “Хизонат ал-фиқҳ” (Фиқҳ хазинаси) “Уюн ал-масоил”, (Масалаларнинг сарчашмалари), “Муқаддима Абу Лайс фис-солат”, (Намоз муқаддимаси), “Ан-навозил фил фатово” (Фатволар ҳақида китоб), “Таъсис ан-назоир ал-фиқҳийя”, “Ал-Мабсут фи фуруъил фиқҳ ал-Ҳанафий”, “Ан-Наводирул муқаййида” (Фиқҳнинг нозик масалалари ҳақида), “Шарҳ ал-жомиъул кабир” ва “Шарҳ ал-жомеъус сағир”. (Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг китобларига шарҳ ёзганлар), “Муқаддима фи баёни ал-кабоир вас-сағоир”, “Фатово Абу Лайс” асарлар ёзган.
Ақоид борасида ҳам “Китоб мухталиф ар-ривоя” (Турли ривоятлар ҳақида китоб), “Китоб баён ақоид ал-усул” (Дин асослари қоидалари баёни китоби), “Китоб асрор ал-ваҳий” (Ваҳий сирлари китоби) асарлар таълиф этган.
Олимнинг 30 га яқин асари бизгача етиб келган.
Юқорида келтирилган маълумотлардан маълум бўладики, Абу Лайс Самарқандий тафсир, ҳадис, ақида, тиббиёт, фалсафа ва тарих соҳаларидан кўра кўпроқ ислом ҳуқуқшунослигига оид асарлар ёзган.
Алломанинг фиқҳга оид 11 та асари бор. Шу боис Абу Лайс Самарқандий номига “Ал-фақиҳ”, яъни тенги йўқ фақиҳ лақаби қўшиб айтилади. Лақабдаги “ал” артикли унинг фиқҳ борасида замондошларидан ҳеч ким тенглаша олмайдиган даражага эришганига далолат қилади.
Абу Лайс Самарқандийнинг биз ўрганаётган “Уюн ал-масоил” асари ислом ҳуқуқшунослигида ҳанафий мазҳаби асосида ёзилган муҳим манба бўлиб, 230 саҳифадан иборат. Асарда ислом шариатининг асосий арконлари, ҳукмлар, қоидалар, муомалалар баён этилган.
Барча фиқҳ китобларида бўлгани каби аллома Абу Лайс Самарқандай ҳам “Уюн ал-масоил” асарини таҳорат боби билан бошлаб, намоз, рўза, закот, ҳаж, никоҳ, талоқ, савдо, қасам, каффорат ва муомалалар бобларини келтиради.
Бу асарнинг аҳамияти шундаки, унда ислом ҳуқуқшунослигига оид мавзулар аниқ, лўнда ва тушунарли тарзда келтирилган. Шу билан бирга, асарда ҳар бир мавзу бўйича Мовароуннаҳрга хос фатволар ҳам баён этилгани асарнинг қийматини янада оширган.
Айни пайтда ушбу асар ўзбек тилига таржима қилинмоқда. “Уюн ал-масоил” асари ўзбек тилига таржима қилингач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ўрта махсус ислом таълим муассасалари ўқувчилари учун муҳим қўлланма ва дарслик бўлади, деган умиддамиз.
- Абу Лайс Самарқандий. Уюн ал-масоил. – Дорул кутубил илмийя, Байрут, 1998 й. – Б. 7.
- Islam ansiklopedisi. – Istanbul, 1988 yil, Cilt 36, S 473.
- Броккельман. К. GAL I, 196; Sezgin F. GAS, I. S – 445-450; Абдуллаев А. Абу Лайс Самарқандий. – Т.: ТИУ. 2011. – Б. 5; Зириклий. Ал-аълом. Ж. 8. – Байрут: Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. – Б. 27.
- Абдуллаев А. Абу Лайс Самарқандий. – Т.: ТИУ, 2011. – Б. 6-7.
- Самъоний. Ал-ансоб. – Байрут. Дору-л-фикр, 1998. – Б. 515.
- Абдуллаев А. Абу Лайс Самарқандий. – Т.: ТИУ. 2011. – Б. 7-8.
- Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Уватов У. Абу-л-лайс ас-Самарқандий. – Т.: Маънавият, 2010 – Б. 79-80.
- Луайс Маълуф. Ал-Мунжид фил луға. – Байрут, Дорул машриқ, 1986 й. – Б. 741.
- Ан-На‘йм. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003 й. – Б. 766.