Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази тадқиқотчиси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Барот Амонов Ўзбекистон Республикаси Инновацияни ривожлантириш вазирлигида “Ёш олимларнинг илмий салоҳиятини ривожлантиришда илмий стажировкаларнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида иштирок этиб нутқ сўзлади.
Ёш олим нутқида жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида олиб борган илмий изланишларининг моҳияти ва хорижда стажировка ўташ учун яратилган имкониятлар хусусида маълумотлар берди.
Аввал хабар қилганимиздек, Инновацияни ривожлантириш вазирлиги томонидан ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотлар (марказлар, университетлар ва бошқалар)га қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича эълон қилинган танловда ғолиб чиқиб, Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида илмий сафарда бўлиб қайтган Амонов Барот Муродович Буюк Британияда илмий иши юзасидан тадқиқотлар олиб бориш билан бирга кўплаб тадбирлар, маърузаларда иштирок этди ва қатор тақдимотлар ўтказди.
Маърузачи илмий сафарининг барча босқичлари ҳақида батафсил тўхталиб, чет элда ўтказилган амалиётнинг истиқболда илмий ютуқларга эришишдаги алоҳида ўрнини эътироф этди ва тақдим этилган ушбу имконият учун вазирлик мутасаддилари орқали ҳукумат вакилларига чуқур миннатдорчилик билдирди.
Давра суҳбати давомида ёш олимларни хорижий давлатларга илмий стажировкаларга юбориш бўйича бугунги кунгача амалга оширилган ишлар ва келажакдаги истиқболли режалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари тадбир давомида илмий стажировкаларда ўз малакасини ошириб келишга муваффақ бўлган ёш олимлар бирлашмаси “Innofund” young scientists Alumni фаолияти ҳақида сўз борди ва ушбу стажировкаларда қатнашган 7 нафар ёш олим ўзларининг тажрибалари ва таассуротлари билан бўлишдилар.
Инновацияни ривожлантириш вазирлиги ва Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни кўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ташкиллаштирилган стажировкаларда шу кунга қадар 400 дан зиёд ёш олимлар дунёнинг энг ривожланган 30 дан ортиқ давлатларида илмий тадқиқотлар ўтказиб, ўз малакаларини ошириб келишга ва етакчи олимлар билан тажриба алмашишга муваффақ бўлишган.
Тадбир сўнгида ҳафталикда фаол иштирок этган ташкилотлар ва уларнинг ходимлари, тақдимотда қатнашган ёш олимлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.