Home / ЯНГИЛИКЛАР / «ИМОМ БУХОРИЙ» ОРДЕНИ ТАЪСИС ЭТИЛИШИ БАРЧАМИЗГА ЯНГИЧА РАҒБАТ БЕРАДИ

«ИМОМ БУХОРИЙ» ОРДЕНИ ТАЪСИС ЭТИЛИШИ БАРЧАМИЗГА ЯНГИЧА РАҒБАТ БЕРАДИ

Маълумки, кейинги йилларда юртимизда шу муқаддас заминда яшаб ижод этган, илм-фан ва маданият ҳамда ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш, уларни халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бунга мисол сифатида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилгани ҳамда Шерободдаги Абу Исо Муҳаммад Термизий ва Қарши туманидаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳлари ҳамда бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилганлигини келтириш мумкин.

15 августда Президентимиз томонидан имзоланган “Имом Бухорий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонун ушбу эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда бу йўналишда мамлакатимизда салмоқли ишлар рўёбга чиқарилди. Шу маънода, юртимиздаги илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ҳамда мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда халқаро майдонда тарғиб қилишда катта ютуққа эришган олим ва тадқиқотчиларни рағбатлантириш, таъбир жоиз бўлса, тақдирлашни йўлга қўйишни даврнинг ўзи тақозо этаётганди. Шу сабабли ҳам Олий Мажлис Сенатининг ўттиз биринчи ялпи мажлисида ушбу қонун бир овоздан маъқулланди.

Ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонимиз Имом Бухорий илмий мероси барчамиз учун ибрат ва намуна мактабидир. У ўз ҳаёти давомида машаққатли илм йўлини босиб, инсоният тарихида чуқур из қолдирди. Олим томонидан яратилган ишончли ҳадислар тўплами ислом оламида муқаддас Қуръони каримдан кейинги манбадир. Буюк бобомизнинг тадқиқот услублари ҳалоллик ва поклик рамзи бўлиб, ўзидан кейинги барча илм аҳли учун бебаҳо маёқ сифатида хизмат қилмоқда.

Имом Бухорийдек мўътабар инсонни дунёга келтирган ва тарбиялаган она зоти нақадар улуғлигини у кишининг волидаси тимсолида кўришимиз мумкин. Аллома ўз китобини тугатиб, онасидан дуо қилишни сўрайди. Она эса “Илоҳим, бу асар қиёматгача бардавом бўлсин!” деб дуо қилади…

“Имом Бухорий” номидаги орденнинг таъсис этилиши мамлакатимиз тарихидаги муҳим воқеалардан, десак, асло муболаға эмас. Олий даражадаги “Имом Бухорий” ордени билан диний-ижтимоий соҳадаги раҳбар ва етук уламолар, олимлар, педагог ва илмий тадқиқотчилар, хорижий давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари, хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхона, консуллик муассасаси ва уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда вакиллари, хорижий олимлар, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари мукофотланади.

“Имом Бухорий” орденининг таъсис этилиши барча юртдошларимизга фахр-ифтихор бағишлашдан ташқари, шу соҳада меҳнат қилаётган фидойи олим ва тадқиқотчилар, раҳбарлар, парламентлар вакиллари, умуман, барча-барчамизга янгича рағбат бериши, шубҳасиз.

Абира ХУСЕЙНОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 16 август, №176(8238)

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …