Ер юзидаги барча нозу-неъматлар одамлар фаровон яшаши учун яратилган. Барча шарт-шароитлар инсон учун, унинг ҳаёти қувончли бўлиши учун мўлжалланган. Инсон тайёр неъматларга эгалик қилибгина қолмай, ҳаётини янада гўзал, янада мароқли, янада қулай қилиш учун тер тўкиб, меҳнат қилади. Инсон ўз онги, тафаккури туфайли доимо ҳаракатда бўлиб, олға интилади. Булар, албатта, Яратганнинг инсон зотига меҳр-муҳаббатидан.
Ислом дини ва унинг муқаддас манбаси бўлган Қуръони каримда инсон зотини эъзозлаш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. “Бақара” сурасида ҳатто фаришталар ҳам Одамга сажда қилиши буюрилгани таъкидланган (34-оят).
Хуллас, инсон зоти ислом фалсафасида ер юзидаги энг қадрли, энг улуғ мавжудотдир. Шундан келиб чиқиб, инсон зотини қадрлаш мажбурияти ҳар биримизнинг зиммамизга юкланган.
Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори бежиз илгари сурилмади. Юртимизда рўй бераётган барча ижобий ўзгаришлар меҳнаткаш инсонлар қўллари билан бунёд қилинмоқда. Ўзбекистоннинг қиёфаси кун сайин кўркамлашиб бормоқда, янги қурилаётган осмонўпар бинолардан тортиб, юртимизнинг ҳар бир вилояти, ҳар бир туманида қад кўтараётган замонавий шаҳарчалар (ситилар), завод-фабрикалар инсоннинг бунёдкор қўли билан юзага келмоқда.
Шундай экан, инсонни қадрлаш, улуғлаш замон талабига айланиши табиий ҳолдир. Инсонни қанчалик қадрлаб, меҳнатини нечоғли муносиб тақдирласак, у ўз меҳнатини шу қадар такомиллаштиради, ривожлантиради. Шу тарзда меҳнат сифати ҳам ошиб боради. Инсон меҳнатини қанчалик ерга урсак, у шу қадар танбаллашади ва меҳнатининг сифати ҳам пасайиб боради. Инсон қадрланмас экан, эл ҳам қадр топмайди. Элнинг обрўйи инсон қадри билан ўлчанади. Қайси мамлакатда инсон меҳнати юқори баҳоланса, ўша мамлакатнинг обрўйи ҳам юқори бўлади.
Меҳнатнинг икки тури мавжуд – жисмоний ва интеллектуал меҳнат. Интеллектуал меҳнат жисмоний меҳнатни такомиллаштиради.
Яқинда ёш шахматчиларимиз 44-умумжаҳон шахмат олимпиадасининг ғолиби бўлди. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев уларнинг жасоратини тақдирлаш бўйича қарор қабул қилди. “Ғолиб шахматчиларимизни муносиб тақдирлашимиз лозим, уларга нафақат пул мукофоти, балки автомобиль ҳам совға қилишимиз лозим, ахир, шахматчилар меҳнатининг боксчилар меҳнатидан қаери кам?! Боксчи мушагига таянса, шахматчи миясига таянади, шахматчининг меҳнати боксчининг меҳнатидан оғирроқ”, деган фикрни билдирди. Бу ҳам интеллектуал меҳнат юқорироқ қадрланиши лозим, деган ғоянинг тасдиғи бўлди.
Мустақиллик бизга инсон меҳнатини қадрлашни ўргатди. Шу асосда малакали ишчилар, мутахассислар авлоди шаклланиб бормоқда. Аммо, афсуски, инсон меҳнатининг ҳаққи паст қўйилгани сабабли айрим малакали юртдошларимиз юқори ставкада ҳақ тўлайдиган мамлакатларга чиқиб кетмоқда. Меҳнатга ҳақ тўлашда илғор мамлакатлар тажрибасидан андоза олиш керак. Бугун аввалги даврларда ҳисобга олинмаган камчиликларни тузатиш, меҳнатга ҳақ тўлаш тартибини адолатли меъёрга келтириш лозим. Шундагина юртимизда чинакамига инсон қадри кўтарилади. Бу эса юртимиз нуфузи ошиши учун асос бўлади.
Бугунги кунда ёшларимизни замонга мос руҳда тарбиялашга алоҳида эътибор берилмоқда. Кўпчилик ёшларимиз илм олиш, тажриба орттириш, малака ошириш учун ривожланган мамлакатларга юборилмоқда. Улар, шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодиётини, фан ва маданиятини юксалтиришга оид билим ва тажриба билан қайтади. Бу билим ва тажриба мамлакатимизнинг ҳар томонлама юксалишига ҳисса бўлиб қўшилади. Юрт равнақи унинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган одамларга, уларнинг фидокорона ва самарали меҳнатига боғлиқ. Меҳнатнинг сифат ва унуми ана шу меҳнат эгаси бўлган инсонларнинг қай даражада қадрланишига, муносиб ҳақ тўланишига, қулай шарт-шароитлар яратилганига бевосита боғлиқдир. Бу борада ҳам юртимизда кенг изланишлар олиб борилмоқда.
Бир пайтлар “япон электроникаси мўъжизаси” бутун дунёга машҳур эди. Унинг замирида меҳнатни ташкил этишнинг японча шарт-шароитлари муҳим аҳамиятга эга бўлган. Япон электрон қурилмаларининг сифатлилигини таъминлаш учун уларни ишлаб чиқарувчи завод цехлари сув остига жойлаштирилган эди. Бу цехларда микрочипларни қўлда пайвандлаш ишлари амалга ошириларди. 13-16 ёшли қизлар ишлар эди. Бундай тоифадаги ишчиларнинг қўллари нозик ишларни бажаришга мос, кўзлари ўткир бўлади. Маошни кўпроқ олиш мақсадида улар чипларни ускуналарга сифатли ва мустаҳкам қилиб пайвандлай оларди. Микрочипларни жуда ингичка симлар билан ускуналарга пайвандлашар ва натижада ускуна сифатли ишлар эди. Ишчи қизлар 16 ёшга тўлгач бўшатилар эди, чунки бу ёшда улар онгида севги-муҳаббат ва бошқа турдаги чалғитувчи ўй-хаёллар, омиллар пайдо бўлади ва улар иш сифатига зарарли таъсир қилади.
Шу тариқа японлар сифатли маҳсулот меҳнатни тўғри ташкил этишнинг меваси эканини исботлаб берди. Эндиликда яна ҳам кичик микрочипларни роботлар аниқ ва пишиқ қилиб пайвандламоқда.
Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиорининг эълон қилинишидан кўзланган бош мақсад ҳам инсон зотига, унинг меҳнатини қадрлашга эътиборни кучайтиришдан иборатдир. Барча бойликларнинг ижодкори бўлган меҳнаткаш инсоннинг қадрланиши, улуғланиши – бу бўлажак ютуқларимизнинг таянчидир. Юртимизда инсон қадрининг улуғланиши оқибатида жорий йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 28 турдаги 3 триллион 940,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. 29та “Янги Ўзбекистон” массивларида 21312 та хонадонли 619 та кўп қаватли уй-жойларнинг 397 тасида қурилиш ишлари бошланган. (Халқ сўзи, 2022 йил 6 август. 1 бет. Олий Мажлис Сенати АХБОРОТИ).
Қуръони каримда инсонни ер юзининг султони, барча яратилган жонзотлар орасидаги энг эркин ва суюкли банда сифатида улуғланиши ҳар биримизнинг зиммамизга инсонни эъзозлаш, қадрлаш масъулиятини юклайди. Шунинг учун ҳам инсон Янги Ўзбекистоннинг энг улуғ қадриятидир. Бу қадриятни қанчалик қадрласак, юртимиз ҳам шу қадар обод ва фаровон ўлкага айланади.