Кеча пойтахтимизда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этишнинг долзарб масалалари” мавзуида Ёш шарқшуносларнинг академик Убайдулла Каримов номидаги XVIII анъанавий халқаро конференцияси иш бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ҳузуридаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA), Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманнинг очилиш маросимида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов табрик нутқи сўзлади.
Анжуман иши давомида қадимий ёзма манбаларни марказлашган ҳолда сақлаш, тадқиқ этиш, уларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш бўйича, барча музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузиш ва доимий мониторингини юритишга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Конференцияда исломшунослик, манбашунослик ва матншунослик соҳаларида илмий изланишлар олиб бораётган олимлар, хорижий давлатлардан маърузачилар, тадқиқотчилар, докторантлар ва мустақил тадқиқотчилар иштирок этишди.