Home / МАҚОЛАЛАР / “КИТОБУЗ ЗУАФОИС САҒИР” АСАРИНИНГ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

“КИТОБУЗ ЗУАФОИС САҒИР” АСАРИНИНГ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

Мовароуннаҳрда яшаб ижод қилган буюк мутафаккир ва алломаларнинг бой илмий мероси ҳамда уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси ва илм-фан тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ҳар томонлама теран ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун хорижий давлатлардаги кутубхона ва архив фондларида сақланаётган қўлёзма асарларини аниқлаш ва электрон нусхаларини тўплаш долзарб масалага айланмоқда.

Бу борада халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланган ноёб қўлёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда бу жараёнга рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга биноан мамлакатимиз ҳудудидаги музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий қўлёзма манбаларнинг илмий долзарблиги ва муҳимлигига қараб, уларни таржима ва тадқиқ қилиш жадвали ишлаб чиқилиб, халқчил тилда босқичма-босқич нашр этилади.

Муҳаддислар султони деб эътироф этилган буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳаёти ва бой маънавий меросини кенг тадқиқ этиш юзасидан нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Имом Бухорий 40 йил мобайнида кўплаб мамлакатларда бўлиб, 24 та асар ёзгани манбаларда қайд этилган. Шулардан бири “Китобуз зуафоис сағир” бўлиб, у “Китобуз зуафо” номи билан ҳам зикр қилинган. Муаллиф унда 418 нафар заиф даражали ровийнинг исмларини алифбо тартибида келтириб ўтган.

Манбаларда қайд этилишича, мазкур китобни Имом Бухорийдан 3 ҳофиз – Абу Башар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Аҳмад ибн Ҳаммод Давлавий, Абу Жаъфар Мисбоҳ ибн Саид ва Адам ибн Мусо Хаворий ривоят қилган[1].

Муҳаддисларнинг айримлари даражаси заиф ҳадисларни жамлаб, заифлик сабабларини келтирган. Заиф ровийларни ҳар жиҳатдан танитадиган, улар ҳақида кенг маълумот берадиган “рижол”, яъни ровийларни билиш ҳақидаги китоблар ҳам анчагина. Имом Насоийнинг (в. 303/915) “Китобуз зуафо вал матрукин”, Уқаймийнинг (в. 322/934) “Китобуз зуафоил кабир”, Ибн Ҳиббоннинг (в. 354/965) “Китобул мажруҳин”, Ибн Адийнинг (в. 365/975) “Комил фий зуафоир рижол”, Имом Дорақутнийнинг (в. 385/995) “Китобуз зуафо вал матрукин”, Ибн Ҳажарнинг (в. 852/1449) “Лисонул мезон” ва Ибн Жавзийнинг (в, 597/ 1200) “Китобуз зуафо вал матрукин” китоблари шулар жумласидандир.

Имом Бухорий “Китобуз зуафоис сағир” асарида аксар ҳолларда заифликнинг сабаблари ровийнинг устозлари зикри билан бирга баён қилинади. Ровийларнинг нуқсон ва қусурлари ўта аниқлик билан кўрсатилади. Имом Бухорий улар ривоятининг заифлик негизларини аниқлашга жуда эҳтиёткорлик ва зўр масъулият билан ёндашган.

Ҳозирги кунда хорижий давлатларнинг кўплаб кутубхона ва архив фондларида мазкур асарнинг нодир қўлёзмалари сақланмоқда. Жумладан:

  • Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳридаги Ал-Азҳар университети марказий кутубхонасида инв. № 446;
  • Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги “Маккатул мукаррама” кутубхонасида инв. № 2/122;
  • Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонасига қарашли Лалели коллекциясида инв. № 2089;
  • Яман Республикасининг Сано шаҳридги “Жомиъул кабирил ғарбий” кутубхонасининг тарих бўлимида инв. № 193 ва № 0599;
  • Кувайт давлатининг Кувайт шаҳридаги “Куллиётул одоб вал махтутот” кутубхонасида инв. № 3 مج 148 ب ;
  • Ҳиндистон Республикасининг Патна шаҳридаги “Худобахш” кутубхонасида инв. № 1/557 2932-2937 ва № 1/558 2897, 12/690 рақамлар остида сақланмоқда.

 “Китобуз зуафоис сағир”нинг Лалели коллекциясидаги қўлёзма нусхаси 19 варақдан иборат бўлиб, 12б-варақдан басмала билан бошланган. Варақларининг ўлчами 22х15.5 см. бўлиб, матн сатрлари 19 қаторни ташкил этади. Мазкур қўлёзма 731/1331 йилда хаттот Умар ибн Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аъжамий Шофиий Ҳалабий томонидан насх хатида кўчирилган. Асарнинг 17б ва 28б-варақларида пойгир бор. Баъзи боб номлари қизил сиёҳда ёзилган.

Асар 12б-варақдан бошланганига қараганда, у мажмуа таркибида бўлган. 12а-варағида асар номи ва муаллиф исми қуйидагича келтирилган:

كتاب الضعفاء لابى عبدالله محمد بن اسمعيل البخارى[2].

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Китобуз Зуафо” асари.

12б-варақдан басмаладан кейин ушбу асарни ижоза йўли билан еткизган ровийлар силсиласи келтирилган:

بسم الله الرحمن الرحيم أخبرنا الشيخ الإمام العالم أبو عبد الله محمد بن عمر بن عبد الغالب العثماني قراءة عليه، وأنا اسمع في ليلة العشرين من شهر رمضان سنة أربع عشرة وستمائة قدم علينا حلب قال: أخبرنا الشيخ أبو عبد الله محمد بن أحمد بن عبد الله بن الحسين الفاراني، أنبأ أبو علي الحسن بن أحمد الحسن الحداد إجازة، أنبأ أبو نعيم أحمد بن عبد الله بن أحمد الحافظ، ثنا أبو أحمد محمد بن أحمد بن الغطريف العبدي الدهستاني بجرجان بسنة إحدى وسبعين وثلاثمائة قرأت عليه في أصله، فأقر به، قال قرأت على آدم بن موسى الخواري ثنا أبو عبد الله محمد بن إسماعيل قال:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Дунё имоми, шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Абдулғолиб Усмоний бизга ўқиб берди. Мен олти юз ўн тўртинчи йили Рамазон ойининг йигирманчи кечасида Ҳалабга келганимда тинглаган эдим. Бизга Шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн Фароний хабар қилди. Бизга Абу Али Ҳасан ибн Аҳмад Ҳаддод ижоза (рухсат) берган ҳолда хабар қилди. Бизга Абу Нуайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳофиз хабар қилди. Бизга уч юз етмиш биринчи йили Журжонда Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ғитриф Абди Даҳстоний ҳадис айтди. “Унга аслидан ўқиб бердим, у шунга иқрор бўлди”, деди. Мен Адам ибн Мусо Хаворийга ўқиб бердим, деди. Бизга Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Исмоил айтди:

Юқорида таъкидланганидек, мазкур қўлёзма Адам ибн Мусо Хаворий томонидан ривоят қилинган нусхадир.

Асарнинг 1а, 22а ва 30б-варақларида юмалоқ муҳр бўлиб, уларда қуйидаги ёзув бор:

هذا وقف سلطان الزمان الغازي سلطان سليم خان ابن السلطان مصطفى خان عفى عنهما الرحمن ١۲١۷.

Бу Сулотонуз замон Султон Мустафохон ўғли Ғозий Султон Салимхоннинг вақфидир. Раҳмон (Аллоҳ) у иккисини афв этсин, 1217.

Мазкур муҳр Усмонийлар империясининг 1789-1807 йиллардаги ҳукмдори Султон Салим III (1761-1808 й.) га тегишли бўлган. Демак, бу қўлёзма ҳижрий 1217 (милодий 1803) йили Султон Салимхон томонидан вақф қилинган.

Асар охири ва калафони 30а-варақда бўлиб, унда қуйидаги жумлалар қайд этилган:

آخر كتاب الضفاء فرغ من تعليفه الفقرالي الله عمر بن ابرهيم بن عبدالله بن عبدالله بن محمد بن العجمي الشافعى الحلبي عفا الله عنهم فى … نهار الاحد رابع عشر جمادى الاول من سنة احدى ثلثين سبعماء من هجرة سيدنا محمد صلى الله عليه وعلى آله و صحبه و سلم تسلما كثيرا[3].

Фақиру илаллоҳи (Аллоҳга муҳтож) Умар ибн Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аъжамий Шофиий Ҳалабий “Китобуз зуафо”нинг охирини ёзишдан фориғ бўлди. Аллоҳ уларни афв этсин … Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларининг 731 йили жумодул аввал ойининг ўн тўртинчи куни якшанба (милодий 1331 йил 17 февраль).

Ҳозирги кунда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг электрон базасида мазкур қўлёзманинг электрон нусхаси сақланмоқда.

 “Китобуз зуафоис сағир” заиф ровийларни ҳар жиҳатдан таниб олиш ва улар ҳақида кенг маълумотларга эга бўлишда муҳим манба ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва ҳадиси шарифларини ўрганишни ният қилган тадқиқотчилар ҳамда ҳадис ва суннат борасида маъруза қиладиган имом-хатиблар заиф ровийларни ҳар жиҳатдан яхши билиши керак. Имом Бухорийнинг мазкур асари ана шу мақсадга хизмат қилувчи ўта ноёб манбадир. Зеро, ҳадис ривоят қилишда унинг саҳиҳ ё заифлигини аниқ билиш, қайси ровийга эргашиш ва қайсисини тарк этишни аниқ билиш адашишдан сақлайди.

[1] Муҳаммад Иброҳим Зойид. Имом Бухорийнинг “Китобуз зуафоис сағир” ва Имом Насоийнинг “Китобуз зуафо вал матрукин” китобларини таҳқиқи. –Байрут – Ливан. Дорул маърифа. 1986. –Б.7.
[2] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Китобуз зуафоис сағир. Қўлёзма – Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонасига қарашли Лалели коллекцияси. инв. № 2089.
[3] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Китобуз зуафоис сағир. Қўлёзма – Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонасига қарашли Лалели коллекцияси. инв. № 2089.
 
Йўлдошхон Исаев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …