Жадидлар ҳаракати Туркистон ўлкасида тасодифан шаклланиб қолган ҳаракат бўлмай, балки чуқур асосларга эга, тарихий илдизлардан озиқланган ҳолда вужудга келди, шаклланди ва кучли ижтимоий, сиёсий ва амалий моҳиятга эга бўлган ҳаракатга айланди. Бу ҳаракат бир томондан ислом динининг асосларига, унинг маърифатпарварлик ғояларига, иккинчи томондан илғор илм-фан ютуқларига таянишни, миллий қадрият ва ўзликни сақлаб қолган ҳолда замон кишисини тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб олган эди. Бу ҳаракатни юзага келтирган яна бир омил Чор ҳукумати амалдорларининг Россиядаги мусулмонларга беписандлик қилиши ва мусулмон аҳолини оёқ учида кўрсатиши ва бунинг натижасида маҳаллий мусулмон қатламида пайдо бўлган хўрлик ҳисси эди.
Гарчи чор маъмурлари мусулмонлар яшайдиган ҳудудларда қандай яхши нарсаларни жорий қилган бўлсалар, бу гимназияларнинг очилиши бўладими, завод ва фабрикаларнинг қурилишими, буларнинг барчасини улар энг аввало ўзларининг манфаатлари учун амалга оширди. Қурол ва қувват нуқтаи назаридан ожиз бўлган маҳаллий халқ орасидан майдонга чиққан бир гуруҳ тараққийпарварлар мустамлака ва хўрлик балосидан халқни қутқариш учун жадидлар ҳаракатига асос солди.
Туркистондаги жадидлар ҳаракатининг ривожланиши ҳам силлиқ кечгани йўқ. Бу ерда ҳам Бухорода бўлгани каби жадид-қадим мунозаралари, икки қатламнинг ўзаро тушунмаслиги каби муҳит ҳукмрон эди. «Садойи Туркистон» газетасининг 1914 йил 23 май кунги сонида чоп этилган «Жадид ва қадим недур?» мақоласи сўзимизга исбот бўла олади. Мақола муаллифи Абдуллоҳ Шоший жадид ва қадим калималарида ҳеч қандай гуноҳ йўқлигини таъкидлаб, балки ҳақиқий гуноҳ «расмий қабиҳчамиз ила одати шаръийядадир», дейди [1:2]. Шу боисдан ҳам ўзаро ихтилофларни тугатиб, икки томон ҳам бир-бирини энг аввало тушуниб олишлари лозимдир. Шунингдек, муаллиф мусулмонларнинг иккинчи манбаси бўлмиш ҳадисдан “Бинобарин Ҳазрати Имом Раббонийни мужаддиди соний дерлар. Яни санойи ҳижриянинг иккинчи минггида динни жадид қилғувчи, ривожлантиргувчи ва нусрат юборгувчи дейиладир ва ҳам ҳадисда келибдурки, «Аллоҳ таоло ҳазрати юборур ва пайдо қилур бу уммат марҳаматининг нафи учун ва дини исломнинг ривожи ва тараққийси учун ҳар юз йил бошида мужаддид юборадур», мисолини келтириб, илоҳий моҳият ва диннинг ўзи жадидликни яъни ислоҳотчиликни талаб қилишини ёзади.
Туркистондаги жадидлар ҳаракатининг ривожланишига Ғози Юнус ҳам ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. У ҳам тараққийпарварлар бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Обиджон Маҳмудов ва бошқа шу каби инсонларнинг маслак ва мақсадлари йўлида хизмат қилди. У бир томондан турли хил бидъат ва хурофотларга чирмашиб кетган исломни пок ва мусаффо ҳолатга келтириш лозимлигини таъкидласа, бошқа томондан халқни янги усул мактабларида ўқишга тарғиб этди. Ғози Юнус ҳам аксарият зиёлилар каби эски усул мактаблари ўз умрини ўтаб бўлганини, ундан энди ҳеч қандай фойда йўқлигини аксинча қайтага зарар келтиришини таъкидлади. Жумладан, у ўзининг «Эски мактаблар ҳақинда» номли шеърида шундай ёзади:
Ғози Юнус онгли мусулмон сифатида ислом динининг минтақа ҳаётида тутган ўрнини чуқур англаган. У бу диннинг энг етук вакиллари бўлмиш уламоларга мурожаат қилиб, улардан Туркистон халқларини уйғотишни, жаҳолатдан маърифатга йўналтиришни, турли хил фитна ва фасодларни тугатишни сўраган. Ғози Юнус уларнинг асл вазифаси фирқаларга бўлиниб олиб жанжаллашишда эмас, балки миллат ва халқни маърифатли қилишда эканини таъкидлаган.
Жумладан, Ғози Юнус ўзининг «Ал-Уламо варасатул анбиё» (Уламолар пайғамбарларнинг меъросхўридир) номли мақоласида: «Ислом динининг қабулина мушарраф бўлғон ва исломият тарбия ила тарбияланмиш ҳар бир мусулмон юқоридаги ҳадиси шарифни жаноб саййидил-аъзам ва расули каримимизнинг қавли шарифи бўлғонийға инонмишлар. Демакки, бир пок мусулмон уламо лақаби ва аълосиға етушкан вақтида анбиё сифатлари ила мутассиф бўлиб ва анбиёларнинг ўз миллатлариға фидокорона хизматларинда сабот этганлари каби ворислиқға етушканлари учун дин ва миллатлариға фидокорона хизматлар ила исбот ҳуқуқ этсалар вориси анбиё бўлурлар. Уламо лақаби ва аълосиға етушкан зоти киромнинг вориси анбиё бўлдиқларинда ҳеч бир мусулмоннинг шубҳаға тушуражак ер йўқдир. Набийлар ҳар бирлари шахс воҳид бўлдиқлари ҳолда сабот ва матонатларининг соясида ўз қавмларини руҳониятға даъватлари ила баробар маданиятға тарғиблари соясида ўз қавмларини бошқа қавмларға қиёс қабул этилмас даражада юқори кўтармишдир» [3:1], деб ёзади.
Ғози Юнуснинг фикрича олимлар ўз қавмларининг ҳар қандай ситамларига чидам, сабр ва матонат кўрсатиб, инсонларни тўғри йўлга солишга қандай интилган бўлса уламолар ҳам шундай намуна кўрсатган ҳолда одамларга саодатли манзилни кўрсатиши лозимдир. Шунингдек, улар ҳудди пайғамбарлардек фақатгина динга эмас, балки маданиятга ҳам чақириши, одамларни рационал тафаккур қилишга, оламни ва ижтимоиётни мулоҳаза қилишга даъват қилиши даркор. Агар «…ўзлари ворис бўлганларига инонсалар Аллоҳ Аъзимуш-шан тарафидан берилган бир қувват ила миллатни иттифоқ ва низомға солуб Жаноби Аллоҳ, Каломи-шариф ва Расули Акрамимиз тарафларидан уларға омонат қўйилмуш вазифаларға тушуниб Жаноби Аллоҳға мутавассил бўлиб, миллатлариға лозим бўлғон хизматларини адо этсунлар. Диний, миллий, маданий ва сиёсий бирор ҳабар бўлғонларини кўрсатуб миллатнинг ўзига муносиб ҳар бир жамиятға тавводдеъ ва зойиф этсунлар» [3:2].
Ғози Юнус мадрасаларни ислоҳ этиш масаласини ҳам бошқа аксарият жадидлар сингари амалга оширилиши зарур бўлган вазифалардан бири деб билди. Бу тўғрида унинг ўзи: “Туркистонда ислоҳи мадарийс масаласи кўпдан бери қўзғолғон бўлинсада, маълум қора кучларнинг (Ғози Юнус қора кучлар деганда чор ва большевиклар ҳукуматини назарда тутмоқда – М.Алижонов) қарши ҳаракати ва эскичиларнинг тескари тутқон йўллари орқасида, ҳар бир замон кутар лекин ислоҳи мадарийс товушина чуқурроқ қабр қазилур эди. Ислоҳи мадарисчилар гарчи Ҳўқанд ва Тошканд шаҳарларида бор бўлсада, эскиларнинг қуввати олдида чеккаларда пусиб ётмоққа мажбур эдилар. Ўзгариш бошланиши билан мадрасани замонга мувофиқ ислоҳ этишни амал қилиб олғон кичкина гуруҳларга нафас олиш мумкин бўлиб, ёнлариға тарафдорлар тўплашға имконият ҳосил бўлди” [4:1], деб таъкидлайди.
1917-1918 йилларда Қўқоннинг баъзи мадрасаларида ва Тошкентнинг машҳур Бароқхон мадрасасида таълимни ислоҳ қилиш тарафдорлари бош кўтаради. Бироқ Фарғонада бошланган Мухторият атрофидаги воқеалар сабаб бу эзгу ният амалга ошмасдан қолди. Ғози Юнуснинг фикрича, Тошкентдаги мадрасаларни ислоҳ қилишга ҳаракат қилаётган талабалар ўзларига Бароқхон мадрасасини умумий қароргоҳ қилиб олиб, «эскилар ва эскичилар» билан курашди. Ислоҳот тарафдорлари мадрасадан 40-50 йилдан бери фаолият олиб бораётган «муборак» ҳўжаларни ҳайдаб чиқариб, уларнинг ўрнига ўзини кўрсата олган, замон зайли билан яшаб, унинг талабларига жавоб берадиган мударрислар ишга жойланди. Бироқ “…шундай бўлса ҳам халқнинг руҳи билан ҳисоблашмоққа тўғри келди, ва бирдан (мадрасаларни – М.Алижонов) ислоҳ этиш мумкин бўлмади” [4:1].
Ғози Юнуснинг тараққийпарварликка доир ғоялари айниқса у фаолият кўрсатган «Ишчилар дунёси» журналидаги мақолаларида яққол намоён бўлди. Журналнинг биринчи сонида босилган «Маслак ва мақсад» мақоласида Ғози Юнус: «Маслагимиз проғраммасини тўлиқ амалга ошириш, унда шариати набавияда устувор туриб қўл учи билан кун кўрувчи фақир халқимизни моддий ва маънавий жиҳатларини яхшиламакка интилиш, шу йўлда съездлар, йиғинлар ташкил этиш, иш бориши билан ишчилар учун мактаблар, дорулфунунлар, қироатхоналар, шифохоналар ва маданий муассасалар бунёд этиш, саноатни йўлга қўйиш, сиёсатда чор микробларини суриб ташлаб ўрнига турк-ислом сиёсати ўрнатмоқ йўлида жон фидо этмакдир, вассалом» [5:3], деб ўзининг ва давр тараққийпарварларининг мақсадини очиқлайди.
Жадид тараққийпарварлари ўзбек ёшларини ҳорижий ўқув юртларида ўқитишни ҳам мақсад қилган бўлиб, улар бу йўлда халқ илмий тафаккурини юксалтириш ва бу омилни тараққиётнинг энг кучли воситаси сифатида ҳал қилиниши лозим бўлган миллий масала даражасига кўтарди. Улар Туркистонда олий таълим муассасаларининг йўқлиги ва бу борада амалий тажриба ҳам пастлиги сабаб жадид тараққийпарварлари ёшларни чет элларда ўқитиш, айниқса, Европа илм-фани ютуқлари билан ёшларни яқиндан таништириш орқали Туркистонни эрк ва озодликка олиб чиқишни мақсад қилганди. Шу мақсадда илк маротаба 1909 йил 12 майда Тошкентдаги Туркистон жадидларининг «Жамияти хайрия»си талабаларнинг илк гуруҳини Россиянинг Петербург, Саратов, Қозон, Уфа, Оренбург шаҳарларига ўқишга юборди. Бу жараён жадаллик билан ривожланиб борди.
1909 йил 18 июлда Бухородаги «Тарбияли атфол» жамияти шу йилнинг ўзида Фитрат, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли, Ато Хўжа, Мазҳар Бурхонов каби кўпгина ёшларни Истанбулга ўқишга йўллаган [6:4]. Бу ҳаракатлар натижасида Бухородан Истанбулга юборилган талабалар сони 1911 йилда 15 нафарни ташкил этган бўлса, 1912 йилда 30 нафарга етган. Қолаверса, «Кўмак» ташкилоти ҳам ўзбек ёшларини ҳорижда ўқитиш борасида катта ишларни амалга оширган. Бу ташкилотнинг юзага келишида Маориф комиссарияти Ўзбек билим ҳайъати қошидаги ўрта, олий мактабларда ўқувчи ўзбек ёшларининг «Адабиёт» тўгараги асосий ўзак бўлиб хизмат қилди [6:4]. Бу ташкилотнинг юзага келиш жараёни тўғрисида Салимхон Тиллахонов қуйидагиларни ёзади: «Кўмак» уюшмасининг мақсади Туркистон талабаларига олий таҳсил асосларини яратмоқ, ҳорижга ва ички Россияга бориб ўқувчиларнинг ишларини енгиллаштирмоқдир” [7:2]. Шунингдек, Салимхон Тиллахонов ўз мақоласида уюшма Тошкент дорулфунуни ва бошқа мактабларда ўқиган ўқувчиларни таълим олишларини самарали давом эттириши учун ташкил қилинганини қайд этган. Яна Россия ва чет элларда талабалар учраши мумкин бўлган машаққатларни прогноз қилиб Саййидалихўжа, Иброҳим Орифхонов, Камол Дадахўжа ўғли, Ризқи Раҳимий, Абдувоҳид Жаҳонгир, Тўлаган Мўмин ўғли, Очил Хўжа, Аҳмад Шакурий, Тоҳир Шокирий, Салимхон Тиллахонлар тўпланиб 1922 йил 2 майда «Кўмак» уюшмасига асос солинганини ёзган [7:2].
Ғози Юнус ўзининг «Қизил байроқ» газетасидаги мақолалари орқали ўзбек ёшларининг ҳорижда таҳсил олишлари лозимлигини айтиб, шу мақсадда ташкил этилган «Кўмак» уюшмасининг фаолиятига ҳам бутун халқнинг эътиборини қаратишга ҳаракат қилди. Жумладан, бу газетанинг 1922 йилги 200-сонида босилган «Шарафлик кўмак» мақоласида, «…эски идора вақтида илм йўлида кўрган тўсуқларимиз тўғрисида кўп ёздиқ, кўп қичқирдиқ, ниҳоят қуруқ шовқун-сурондан фойда чиқмаслиғини тушуниб амалий сувратда ишка бошладиқ», деб [8:3] қўллаб-қувватлайди ва кейинги йилларда ўзбек ёшларида уйғонган «илм йўлидаги ёлқинлиқ»ни алоҳида эътироф қилади. Шунингдек, Ғози Юнус айни вақтда ёшларда илмга нисбатан уйғонган ҳисни маҳкам ушлаб қолган ҳолда олдингга ҳаракат қилиш лозимлигини урғулаб, «Мана шу ҳиснинг ўзбек ёшларида уйғониши ўзбек миллиятини илмсизлик орқасида бўйниға ўралғон занжирдан қутқаза…» [8:3] олишлигига ишонади.
Ғози Юнус «Кўмак» уюшмасининг фаолиятига баҳо бериб: “«Кўмак» уюшмаси аъзолари бу тўғрида чарчамасдан ишлаб турадирлар. Булар ҳукуматдан кўмак кутиб ўлтурмасдан, ионалар тўплаб ишка бошлади. «Кўмак» уюшмаси иона тўплаш билан ишнинг яхши самаралик чиқмаслиғини кўзда тутиб ҳукуматимиздан кўмак сўраб тегишлик ўрунларға мурожаат қилди. Шунинг билан баробар қўшни жумҳуриятларга ҳам кўмак сўраб мурожаат қилғон эди. Бу мурожаатга биринчи қучоқни Бухоро ҳукумати очди. Бухоро ҳукумати «Кўмак» уюшмаси аъзоларидан икки кишини [6:9] ўз масорифи билан чет элларда ўқутишни ўз устига олди. Эшитишимизга қарағонда Бухоро ҳукумати Туркистондан яна икки ўқувчи юборишни ўз устига олғон. Ҳар ҳолда Бухоро ҳукуматининг бир қариндошлиқ мурувватини бутун Туркистон халқи эсидан чиқормайдур”, деб таъкидлайди.
Албатта, юқоридаги ишларни тараққийпарвар зиёлиларнинг кўпчилиги қизғин қўллаб-қувватлади, бироқ орадан озгина фурсат ўтмасдан ҳорижда таҳсил олаётган талабаларнинг кам-кўстлари учун йиғилган пул жуда оз экани маълум бўлди. Бу ҳақда Ғози Юнус: «Россияда ўқиғувчи талабаларимизнинг сони борғон сари кўпайиши аниқдир. Бултур бутун Россияда Туркситонлик ўқиғувчилар 20га етмагани ҳолда, бу йилги ўқуш вақтида (агар борғувчи ўқувчиларға турли тўсиқлар бўлмаса) 200дан ошиши мумкиндир. Бултур Московда ва Петербургда ўқиғувчи талабаларимизнинг маиший ва ўқуш асбоблари етишмагани орқасида, уларнинг қандоғ қийин ҳолларға тушканликлари кўпимизга маълумдир» [9:2], деб хабар беради ва барчани талабалар учун ионалар тўплашга чақиради. Ғози Юнус талабаларнинг иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш учун: «Россияда ўқиғувчи талабаларимиз учун, ўзимиздан тўпланғон налоғлардан бир миқдорини чиқариш керак. Ҳамда ўзимизнинг миллий бойлиғимиз бўлғон вақфларнинг йиллик даромадидан бир қисмини ажратиб, Россияда ўқиғувчи талабаларимизни овқат, кийим ва ўқуш қуроллари билан таъмин этишимиз керак. Бундан бошқа ҳеч чора йўқдир», деб ечим таклиф қилади.
Хуллас Ғози Юнус жадид ва фаол жамоат арбоби сифатида ХХ асрнинг бошидаги тараққийпарварлик жараёнларида фаол иштирок этди. У жадид тараққийпарварлари қаторида Туркистоннинг азалий ва ўз ечимини кутиб ётган муаммоларини дадил кўтариб чиқиб, халқ ва ҳукумат эътиборини уларга қаратишга ҳаракат қилди.
-
Абдуллоҳ аш-Шоший. Жадид ва қадим недур? // Садойи Туркистон. –1914 йил 23 май. –№ 12.
-
Ғози Юнус. Эски мактабалар ҳақинда // Иштирокиюн. –1919 йил 25 июнь. –№ 129.
-
Мардикор. Ал-Уламо варасатул-анбиё // Турон. –1917 йил 6-центабр. –№ 2.
-
Ғози Юнус. Мадрасаларимизда ислоҳот // Туркистон. –1923 йил 6 февраль. –№ 57.
-
Ғози Юнус. Маслак ва мақсад // Ишчилар дунёси. –1918 йил 4 январь. –№ 1.
-
Баҳром Ирзаев. Туркистон жадидларининг кўмак ташкилоти. –Т.: Тошкент ислом университети нашриёт матбаа бирлашмаси. 2016.
-
Салимхон. Кўмакнинг жавоби. // Туркистон. – 1923 йил 29 июль. –№ 163.
-
Бароқхон талабаси. Шарафлик кўмак // Туркситон. 1922 йил 22 июль. –№ 200.
-
Ғ. Ўқиғувчи талабаларга кўмак бериш лозим // Туркистон. 1922 йил 6-центабр. –№ 216.