Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда аёлнинг ўрни ва қадри

Исломда аёлнинг ўрни ва қадри

Ислом оламида онага ҳурмат ва оналикнинг қадр-қиммати жуда улуғланган. Қуръони каримда ота-онага нисбатан яхши муносабатда бўлишни Аллоҳ таолога сажда қилишдан кейинги биринчи ўринга қўяди: “Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўлинг остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут – ҳокисор бўл ва: “Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, деб (ҳақларига дуо қил)!.

“Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан хомладор бўлди (яъни қорнидаги хомила каттарган сари онанинг холи қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз ўзимга қайтажаксан!”.

Ислом оламида мусулмонлар шу кунгача қатъий амал қилиб келаётган унча кўп бўлмаган дастурларидан бири – онага алоҳида муносабатдир. Мусулмонларнинг ўз оналарини қанчалик ҳурмат қилишлари кўпчиликка маълум. Ғарбликларни мусулмон оналар ва фарзандлар ўртасидаги ўзига хос илиқ муносабат, мусулмон эркакларнинг ўз оналарига нисбатан чуқур иззат-ҳурмати қойил қолдиради.

Пайғамбаримиз кўпгина масалаларда Мадиналик аёлларнинг жасоратини ўрнак қилиб кўрсатишлари бежиз эмас. Уларнинг қатъий туриб берган саволлари ҳатто саҳобаларни ҳам қойил қолдирганликлари тарихдан маълум. “Бир аёл ҳазрат Пайғамбаримизга (с.а.в.) деди: «Сўзингизни тинглашимизга имконият бўлмаяпти, бевосита ўзингиздан эшитайлик, бир кунни тайин килинг, келайлик, Аллоҳ сизга ўргатганини бизга ўргатинг!». Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в) алоҳида дарс ўтишни қабул қилиб, буюрдилар: “Фалон кун, фалон ерда тўпланинглар!” Ўша кун келгач, уларга ваъз-насиҳат айтдилар, баъзи диний ишларни буюрдилар: “Эй хотинлар, орангизда уч боласи ўлган бирорта ҳам хотин бўлмаса керак, мабодо бўлса, уни ўша болалари парда бўлиб дўзах ўтидан асрагайдир”, дедилар. Шунда бир хотин: “Иккита бўлса-чи?”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Иккита бўлса ҳам (парда бўлгайдир)”,-дедилар (бу гап отага ҳам тааллуқли). Уларнинг илмга интилишлари таҳсинга лойиқ.

Мамлакатимизда оналаримизни эъзозлаб, ҳурматлаб қилинаётган ишларга қараб туриб, беихтиёр «Аёлларга эркаклар ўз туғишган опа-сингиллари каби муносабатда бўлишлари керак», «Тангри аёллар билан яхши муомалада бўлишларингни тавсия этади, чунки улар оналаринг, қизларинг, холаларингдир», «Аввало онангга, яна онангга ва яна онангга, сўнг отангга яхшилик қил», дейилган муборак ҳадислар ёдга тушади.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …