Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗГА МАЛАЙЗИЯ ҲУКУМАТИ ВАКИЛИ КЕЛДИ

МАРКАЗГА МАЛАЙЗИЯ ҲУКУМАТИ ВАКИЛИ КЕЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига айни кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Малайзия ташқи ишлар вазири ўринбосари Камаруддин Джаффар раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди.

Нуфузли меҳмонларни Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ва илмий ходимлар кутиб олди.

Меҳмонларга Марказ ва унинг фаолияти, ўрнатилган халқаро алоқаларнинг айни ҳолати, хусусан Малайзия илмий ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди.

Бугунги кунда Малайзиянинг Малайзия Исломни англаш институти, Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти, Малайзия Ислом илмий университетлари билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланган бўлиб, мазкур муассасалар билан яқин ҳамкорлик амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти директори ўринбосари, доценти Моҳд Ал Адиб Самури Марказ томонидан таъсис этилган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг илк совриндори бўлди.

Ал Адиб Самури ўз мамлакати ҳукумати вакилига олиб бораётган тадқиқоти йўналиши ҳамда эришган натижалари ҳақида маълумот бериб, Марказда илмий фаолият учун яратилган қулай шароитлар ва кутубхонанинг кенг имкониятлари, шунинг билан бирга ходимлар илмий салоҳияти ҳақида илиқ фикрлар билдирди. 

Дастур ғолибига айланган яна бир неча нафар малайзиялик тадқиқотчи жорий йил якунига қадар Марказда тадқиқотлар олиб борилиши кўзда тутилган.

   

Хорижлик дипломат Марказ музейи ва унда ўрин олган қўлёзма ҳамда буюмлар билан танишаркан, улуғ муҳаддис, “Ҳадис илмининг султони” Имом Бухорий сийратига нисбатан ўзининг чексиз ҳурматини изҳор этди.

   

Делегация аъзолари шунингдек, Марказ кутубхонаси, сканерлаш ускунаси ҳамда бошқа бўлимлар билан танишдилар.

Делегация раҳбари, Малайзия ташқи ишлар вазири ўринбосари Камаруддин Джаффар Марказ веб-сайти учун махсус интервью берди.

 

Ташриф якунида юқори мартабали меҳмонга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар намунаси ҳадя қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …