Бугун пойтахтимизда жорий йил 16-20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти, қатор халқаро ташкилот ҳамда муассасалар томонидан ташкил этилаётган тадбир доирасида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида динлар ва маданиятлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт ва илғор хорижий тажриба намойиш этилмоқда.
Мазкур форумда Америка, Европа, Осиё, Африка ва Яқин Шарқнинг ўнлаб давлатларидан турли дин вакиллари, диншунослар, илоҳиётшунослар, ҳуқуқшунослар ва расмийлар билан бирга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий ходимлари ҳам анжуманнинг таркибий қисми бўлган “Кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш” номли илмий-амалий семинарда фаол иштирок этмоқда.
Форумнинг асосий тадбири 19 май куни Бухоро шаҳрида ўтказилади. Унинг дастурига биноан Марказ директори, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдов маъруза қилиши белгиланган.
Тадбир сўнггида форум якунларига оид “Бухоро декларацияси” қабул қилиниши назарда тутилган.