Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУРЪОНДА МАСЖИД ҲАҚИДАГИ ОЯТЛАР ТАҲЛИЛИ

ҚУРЪОНДА МАСЖИД ҲАҚИДАГИ ОЯТЛАР ТАҲЛИЛИ

Ҳар бир диний таълимотда бўлгани каби, ислом динида ҳам, мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун махсус ибодатхона мавжуд. У масжид (мачит) деб номланади. Масжид مسجد))  сўзи араб тилидан олинган бўлиб, сажда қилинадиган жой деган маънони англатади [3: 298.]. Истилоҳда эса, масжид деб мусулмонлар жамоат бўлиб намоз ўқийдиган ибодатхонага айтилади. Масжидлар асосан, кундалик беш вақт намозни, жума, ҳайит ва жаноза намозларини адо этиш, рамазон ойида хатми-Қуръон ва ифторликлар ўтказиш, никоҳ ўқиш каби диний ибодат ва маросимлар бажарадиган жой саналади.

Ислом динидаги кўрсатмалар Қуръон ва ҳадисга асосланади. Ўрганишлар жараёнида шу нарса аниқландики, Қуръони каримда масжид сўзи 26 оятда, 27 маротаба зикр қилинган. Масжид сўзи Қуръони каримнинг 21 ўрнида бирлик шаклида, яъни 16 ўринда “ал-масжид” (المسجد) ва 5 ўринда “масжид” (مسجد) кўринишида келган бўлса, кўплик шаклида, 4 ўринда “ал-масожид” (المساجد) ва 2 ўринда “масожид” (مساجد) шаклларида ўз аксини топган.

Масжид сўзи Аъроф сурасининг 29 ва 31 оятларида, Тавба сурасининг 107 ва 108 оятида ва Каҳф сурасининг 21 оятида “масжид” (مسجد) кўринишида, Бақара сурасининг 144, 149, 150, 191, 196 ва 217 оятларида, Моида сурасининг 2 оятида, Тавба сурасининг 7, 19, 28 оятларида, Исро сурасининг 1 ва 7 оятларида, Фатҳ сурасининг 25 ва 27 оятларида, Ҳаж сурасининг 25 оятида ва Анфол сурасининг 34 оятида “ал-масжид” (المسجد) шаклида, Бақара сурасининг 187 оятида ва  Жин сурасининг 18 оятида “масожид” (مساجد) ҳолатида ҳамда Бақара сурасининг 114 оятида, Тавба сурасининг 17 ва 18 оятларида ҳамда Ҳаж сурасининг 40 оятида “ал-масожид” (المساجد) шаклида зикр қилинган.

Ислом дининг муқаддас манбаси Қуръони каримда яҳудийлик ва насронийликдан фарқли равишда ибодатгоҳни қаерга ва қандай қурилиши, унинг таркибий тузилиши ва ундаги ибодат атрибутларининг шакл-шамоили ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кўрсатмалар келтирилмаган. Масжиднинг таркибий қисми ва қурилиши ҳақидаги кўрсатмалар ҳадислар билан тартибга солинган.

Қуръони каримда масжид ҳақидаги оятлар турли мавзуларда нозил қилинган. Унга кўра масжидлар Аллоҳники саналади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

[1:72:18].وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا

“Ва албатта масжидлар, Аллоҳникидир. Бас Аллоҳдан бошқага дуо қилманг” [4: 282].

Ушбу ояти карима масжидлар Аллоҳ ибодат қилинадиган жой, “Аллоҳнинг уйи” эканлигига далолат қилади.

Қуръони карим оятлари таҳлили шуни кўрсатадики, Қуръони каримда жами 3 (Масжид ул-Ақсо, Масжид ул-Ҳаром ва Масжид аз-Зирор) масжиднинг номи зикр қилинган. Улардан биринчиси Масжид ул-Ҳаром деб номланади. У мусулмонлар учун муқаддас саналган Макка шаҳрида жойлашган бўлиб, у унинг ҳудудида қон тўкиш ҳамда бошқа ёмон ишларни қилиш ҳаром қилингани учун шундай номланган [2: 8]. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг 15та оятида Масжид ул-Ҳаромни зикр қилган [1:2:144; 2:149; 2:150; 2:191; 2:196; 2:217; 5:2; 9:7; 9:19; 9:28; 17:1; 48:25; 48:27; 22:25; 8:34.].

Масжид ул-Ҳаром ҳақидаги оятлар турли мавзуларда нозил қилинган бўлиб, уларнинг бир нечтаси мусулмонлар учун қибла ўзгартирилиб ибодатни Масжид ул-Ақсодан масжид ул-Ҳаромга юзланган ҳолда адо этилишига бағишланган. Масалан, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 144-оятида шундай дейди:

  قَدْ نَرَى تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ وَإِنَّ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّهِمْ وَمَا اللَّهُ بِغَافِل عَمَّا يَعْمَلُونَ

 “Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратурмиз. Юзингни масжид ул-Ҳаром томонга бур. Қаерда бўлсангиз ҳам юзингизни у томон бурингиз. Албатта китоб берилганлар унинг Роббиларидан бўлган ҳақ эканини  билурлар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган  ишларидан ғофил эмас” [5: 127].

Баъзи оятлар Ҳарам масжиди олдида қон тўкиш катта гуноҳлардан эканлиги, “фитна” қотилликдан каттароқ гуноҳ эканлиги, имондан қайтиб иймонсиз ҳолда вафот этганларга охиратда аламли азоб борлиги тўғрисида хабар беради. Жумладан, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 217-оятида шундай марҳамат қилади:

يَسْأَلُونَكَ عَنْ الشَّهْرِ الْحَرَامِ قِتَالٍ فِيهِ قُلْ قِتَالٌ فِيهِ كَبِيرٌ وَصَدٌّ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ وَكُفْرٌ بِهِ وَالْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَإِخْرَاجُ أَهْلِهِ مِنْهُ أَكْبَرُ عِنْدَ اللَّهِ وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنْ الْقَتْلِ وَلَا يَزَالُونَ يُقَاتِلُونَكُمْ حَتَّى يَرُدُّوكُمْ عَنْ دِينِكُمْ إِنْ اسْتَطَاعُوا وَمَنْ يَرْتَدِدْ مِنْكُمْ عَنْ دِينِهِ فَيَمُتْ وَهُوَ كَافِرٌ فَأُوْلَئِكَ حَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَأُوْلَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

 “Сендан ҳаром ойида уриш қилиш ҳақида сўрарлар. “Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжид ул-Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш, Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан каттароқдир”, деб айт. Улар, агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар бу дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолгувчилардир” [5: 208-211].

Айрим оятлар ҳаж ибодатига оид ҳукмий оятлар қаторига киради. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 196-оятида шундай марҳамат қилади:

وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ فَإِنْ أُحْصِرْتُمْ فَمَا اسْتَيْسَرَ مِن الهَدْيِ وَلَا تَحْلِقُوا رُءُوسَكُمْ حَتَّى يَبْلُغَ الْهَدْيُ مَحِلَّهُ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ بِهِ أَذًى مِنْ رَأْسِهِ فَفِدْيَةٌ مِنْ صِيَامٍ أَوْ صَدَقَةٍ أَوْ نُسُكٍ فَإِذَا أَمِنتُمْ فَمَنْ تَمَتَّعَ بِالْعُمْرَةِ إِلَى الْحَجِّ فَمَا اسْتَيْسَرَ مِنْ الْهَدْيِ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ فِي الْحَجِّ وَسَبْعَةٍ إِذَا رَجَعْتُمْ تِلْكَ عَشَرَةٌ كَامِلَةٌ ذَلِكَ لِمَنْ لَمْ يَكُنْ أَهْلُهُ حَاضِرِي الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

“Аллоҳ учун ҳаж ва умрани адо этинг. Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлганича қурбонлик қилинг. Қурбонлик ўз жойига етмагунча, сочингизни олдирманг. Сиздан ким бемор бўлса ёки бошида озор берувчи нарса бўлса, рўза тутиш ёки садақа бериш ёҳуд қурбонлик сўйиш ила тўлов тўласин. Агар тинч бўлсангиз, ким умрадан ҳажгача ҳузур қилган бўлса, муяссар бўлган қурбонликни қилсин. Ким топмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда – ҳаммаси бўлиб ўн кун тўлиқ рўза тутсин. Бу аҳли Масжид ул-Ҳаромда яшамайдиганлар учундир. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир” [5: 183].

Бир оятда Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни Масжид ул-Ҳаромдан Масжид ул-Ақсога сайр қилдирганини ёдга олади. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 1-оятида шундай марҳамат қилади:

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِنْ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آيَاتِنَا إِنَّه هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

“Ўз бандасини кечаси Масжид ул-Ҳаромдан атрофини барокатли қилганимиз Масжид ул-Ақсога мўжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитувчи ва кўргувчи зотдир” [6: 396-400].

Қуръонда номи зикр қилинган масжидларнинг иккинчиси бу Ақсо масжиди. Масжид ул-Ақсо сўзи арабча (الأقصى المسجد) дан олинган бўлиб, “Узоқ Масжид” деган маънони англатади. У Қуддусда жойлашгани учун унга шундай ном берилган. Ушбу масжид ер юзида қурилган иккинчи масжид ҳисобланади. Абу Зарр (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ер юзида қурилган энг аввалги масжид ҳақида сўрадим. У зот “Масжид ул-Ҳаром”, дедилар. Сўнгра қайси? дедим. Сўнгра “Масжид ул-Ақсо”, дедилар. Ораларида қанча (вақт) бор? дедим. “Қирқ йил”, дедилар. Сўнгра: “Ер сен учун масжиддир. Сенга қаерда намоз вақти етса, ўқи” дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насоий) [2: 49].

Ислом тарихида Ақсо масжиди 1 йилу 8 ой давомида мусулмонларнинг қибласи бўлган [7: 95].

Аллоҳ таоло Қуръонда Масжид ул-Ақсони қуйидагича зикр қилади:

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِنْ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آيَاتِنَا إِنَّه هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

“Ўз бандасини кечаси Масжид ул-Ҳаромдан атрофини барокатли қилганимиз Масжид ул-Ақсога мўжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитувчи ва кўргувчи зотдир” [6: 396-400].

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни меърож кечаси Ҳаром масжидидан Ақсо масжидига сайр қилдиргани ҳақида зикр қилади. Бу воқеа исломда Исро деб аталиб, шу кеча пайғамбар алайҳиссалом Меърожга кўтариладилар. Ислом таълимотига кўра Исро ва Меърож воқеаларига ишониш шарт саналади.

Исломда ушбу масжид зиёрат учун бориладиган ибодатхоналар ичида масжид ул-Ҳаром ва масжидун Набавийдан кейинги учинчи ибодатхона ҳисобланади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбар алайҳиссалом: “Кўч боғлаб бориш уч масжидгагина бўлади: Менинг ушбу масжидимга, Масжид ул-Ҳаромга ва Масжид ул-Ақсога дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий).

Бошқа бир ҳадисда “Фақат учта масжид зиёратига бориш учун уловга минилади: Масжид ул-Ҳаром, менинг масжидим ва Масжид ул-Ақсога” дейилган [2: 49].

Қуръонда номи зикр қилинган масжидларнинг учинчиси масжид аз-зирор деб номланади. Масжид аз-Зирор ислом тарихида мусулмонлар ичида фитна чиқариш, мусулмонларни бирлигини бузиш, ислом динига зарар етказиш мақсадида қурилган масжид саналади [7: 229]. Ушбу масжиднинг номи ҳам айнан зарар етказиш сўзидан олинган. Масжид аз-зирор Қуръони каримнинг тавба сураси 107-оятида зикр қилинган бўлиб, унда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مَسْجِدًا ضِرَارًا وَكُفْرًا وَتَفْرِيقًا بَيْنَ الْمُؤْمِنِينَ وَإِرْصَادًا لِمَنْ حَارَبَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ مِنْ قَبْلُ وَلَيَحْلِفُنَّ إِنْ أَرَدْنَا إِلَّا الْحُسْنَى وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ

“Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир [8: 612].

Тавба сурасининг 108-оятида зирор масжидининг номи айтилмаган бўлсада, у юқоридаги оятнинг давоми сифатида нозил қилинган. Унда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

لَا تَقُمْ فِيهِ أَبَدًا لَمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَنْ تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَنْ يَتَطَهَّرُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

“Сен у (масжид)да  ҳеч қачон турма! Албатта биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севади” [8: 613].

Исломда масжид қуришга катта аҳамият берилади. Зеро пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар:

 “Ким Аллоҳ учун масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуриб беради”

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ким Аллоҳнинг розилиги учун бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатни ва унда у учун бир уй қуриб беришлиги айтилмоқда.

Ислом тарихидаги илк масжид Муҳаммад алайҳиссалом томонидан 622 йили Мадина шаҳри яқинидаги Қубо қишлоғида барпо этилган. Бу масжид ҳижрат асносида қурилган бўлиб, унга “Масжид ул-Қубо” номи берилган. Унинг қурилишида пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари иштирок этганлар. Масжиднинг асоси тошлардан, устки қисми эса хом ғиштдан қилиб қурилган[10]. Қубо масжидида минбар бўлмаган [9:  226].

Аввалига масжидлар меҳроб, минбар каби диний атрибутлар билан жиҳозланмаган. Мазкур атрибутлар кейинчалик суннат билан шаклланган.

Масжиддаги ибодат атрибутларидан биринчиси минбар. Минбар – масжидда имом ваъз айтадиган баланд жой, кенг зинапояли супа бўлиб, ислом тарихидаги биринчи минбар уч поғонали, баланд ўриндиқли бўлган. Унда Муҳаммад алайҳиссалом 628-629 йилларда икки зина орқали чиқиб, ваъз ўқиган [12]. У масжид хонақоҳининг меҳроб девори жойлашган қисмининг ўнг томонида ёки меҳробнинг ўнг тарафидаги бурчакда жойлашган бўлади.

Ривоятларга кўра, пайғамбар алайҳиссалом Мадинада ваъзни хурмо дарахтининг тўнкасига чиққан ҳолда ўқиганлар. Мусулмонларнинг сони кўпайганидан сўнг пайғамбар алайҳиссаломга минбар ясаб бериш таклифики киритилганда рози бўлдилар. Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан сўнг халифа Абу Бакр (р.а.) пайғамбарга ҳурмат юзасидан минбарнинг иккинчи поғонасига, халифа Абу Бакр (р.а.) вафотидан сўнг, халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) Абу Бакр (р.а.)га ҳурмат юзасидан минбарнинг қуйи поғонасига чиқиб ваъз ўқиган. Халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) вафотидан сўнг, Халифа Усмон (р.а.) Абу Бакр (р.а.) билан бир хил иккинчи поғонада, Халифа Усмон (р.а.) вафотидан сўнг, халифа Али (р.а.) пайғамбар алайҳиссалом каби биринчи поғонада ваъз ўқиган. Муовия (р.а.) халифалик даврида минбарга қўшимча 6 та поғона қўшилган бўлиб, халифалар хулафои рошидинларга ҳурмат юзасидан қуйи, яъни учинчи поғонага чиқишмаган. Бугунги кунга келиб минбар 12 ва ундан кўпроқ поғонали қилиб қурилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Биргина Тилла қори мадрасасидаги минбар 12 поғонадан иборат. Минбарнинг катта-кичиклиги масжид хонақоҳининг ҳажми билан боғлиқ.

Масжиддаги ибодат атрибутларидан яна бири меҳроб. Меҳроб масжиднинг Каъба томонидаги девори ичига тахмон шаклида қурилган жой [11]. Меҳроб, ислом динининг дастлабки даврларидан ҳар бир масжидда мавжуд бўлиб, у намоз юзланиб ўқиладиган томон (қибла)ни белгилаш учун хизмат қилади. Ҳозирги кунда масжидларнинг меҳроби Қуръони Карим оятлари, ҳар хил рангдаги шишалардан фойдаланиб дурадгор усталар томонидан ишлов берилган нақшлар билан безатилганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шуни айтиб ўтиш керакки, мазкур безаклардан мусулмонлар нафақат меҳробни, балки, минбар ва масжид шифтини безашда ҳам фойдаланадилар.

Ислом таълимотида ибодатларни масжидда бажариш шарт қилиб белгиланмаган. Мусулмонларга ибодатга имкон бор, пок жойда ибодат қилишга рухсат берилган. Бироқ, масжидда жамоат билан ўқилган намоз уйда ўқилган намоздан афзал саналади.

Юқорида келтирилган маълумотлардан хулоса қилиб қуйидагиларни келтириш мумкин:

  • Ислом дининг муқаддас манбаси Қуръони каримда яҳудийлик ва насронийликдан фарқли равишда ибодатгоҳни қаерга ва қандай қурилиши, унинг таркибий тузилиши ва ундаги ибодат атрибутларининг шакл-шамоили ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кўрсатмалар келтирилмаган. Масжиднинг таркибий қисми ва ундаги атрибутлар ҳақидаги кўрсатмалар ҳадислар билан тартибга солинган.
  • Ислом динининг муқаддас манбаси Қуръони каримда масжид масжид сўзи 26 оятда, 27 маротаба зикр қилинган. Масжид сўзи Қуръони каримнинг 21 ўрнида бирлик шаклида, яъни 16 ўринда “ал-масжид” (المسجد) ва 5 ўринда “масжид” (مسجد) кўринишида келган бўлса, кўплик шаклида, 4 ўринда “ал-масожид” (المساجد) ва 2 ўринда “масожид” (مساجد) шаклларида ўз аксини топган;
  • Ислом таълимотига кўра масжидлар Аллоҳники бўлиб, у мусулмонларнинг кундалик беш вақт намоз, жума, ҳайит ва жаноза намозларини адо этиш, рамазон ойида хатми-Қуръон ва ифторликлар ўтказиш, никоҳ ўқиш каби диний ибодат ва маросимларни бажариладиган жой;
  • Ислом динининг муқаддас манбаси Қуръонда каримда уч масжид (Масжид ул-Ақсо, Масжид ул-Ҳаром ва масжид аз-Зирор) номи зикр қилинган;
  • Масжид ул-Ҳаром инсоният тарихидаги энг биринчи қурилган масжид. Масжид ул-Харом ҳақида тушган оятлар турли мавзуларда нозил қилинган. Масжид ҳақида нозил қилинган 15 оятнинг бир нечтаси мусулмонлар учун қибла ўзгартирилгани (Масжид ул-Ақсодан масжид ул-Ҳаромга) ва ибодатни Масжид ул-Ҳаромга юзланган ҳолда адо этилиши лозимлиги айтилган бўлса, баъзи оятларда Ҳаром масжиди олдида қон тўкиш катта гуноҳлардан эканлиги, “фитна” қотилликдан каттароқ гуноҳ эканлиги, имондан қайтиб иймонсиз ҳолда вафот этганларга охиратда аламли азоб борлиги айтилган. Айрим оятлар ҳаж ибодатига оид ҳукмий оятлар қаторига кирса, бир оятда Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни Масжид ул-Ҳаромдан Масжид ул-Ақсога сайр қилдирганини (Исро воқеаси) ёдга олади;
  • Ақсо масжиди инсоният тарихида қурилган иккинчи масжид бўлиб, у масжид ул-Ҳаромдан 40 йил кейин қурилган;
  • Аввалига Масжид ул-Ақсо мусулмонларга қибла вазифасини бажарган. Кейинчалик Аллоҳнинг буйруғига биноан қибла Каъбага ўзгаради. Бугунги кунда пайғамбар алайҳиссаломнинг масжидларида икки қибланинг ўрни бор. Ушбу масжид “масжидул қиблатайн” икки қиблали масжид деб ҳам аталади;
  • Масжид аз-зирор ислом тарихида мусулмонлар ичида фитна чиқариш, мусулмонларни бирлигини бузиш, ислом динига зарар етказиш мақсадида қурилган масжид саналади. Кейинчалик ушбу масжид бузиб ташланган;
  • Аввалига масжидлар меҳроб, минбар каби диний атрибутлар билан жиҳозланмаган. Мазкур атрибутлар кейинчалик суннат билан шаклланган;
  • Минбар – масжидда имом ваъз айтадиган баланд жой, кенг зинапояли супа бўлиб, ислом тарихидаги биринчи минбар уч поғонали, баланд ўриндиқли бўлган. Унда Муҳаммад алайҳиссалом 628-629 йилларда икки зина орқали чиқиб, ваъз ўқиган. У масжид хонақоҳининг меҳроб девори жойлашган қисмининг ўнг томонида ёки меҳробнинг ўнг тарафидаги бурчакда жойлашган бўлади.

Ривоятларга кўра, пайғамбар алайҳиссалом Мадинада ваъзни хурмо дарахтининг тўнкасига чиққан ҳолда ўқиганлар. Мусулмонларнинг сони кўпайганидан сўнг пайғамбар алайҳиссалом ўзларига минбар ясашни буюрдилар. Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан сўнг халифа Абу Бакр (р.а.) пайғамбарга ҳурмат юзасидан минбарнинг иккинчи поғонасига, халифа Абу Бакр (р.а.) вафотидан сўнг, халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) Абу Бакр (р.а.)га ҳурмат юзасидан минбарнинг қуйи поғонасига чиқиб ваъз ўқиган. Халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) вафотидан сўнг, Халифа Усмон (р.а.) Абу Бакр (р.а.) билан бир хил иккинчи поғонада, Халифа Усмон (р.а.) вафотидан сўнг, халифа Али (р.а.) пайғамбар алайҳиссалом каби биринчи поғонада ваъз ўқиган. Муовия (р.а.) халифалик даврида минбарга қўшимча 6 та поғона қўшилган бўлиб, халифалар хулафои рошидинларга ҳурмат юзасидан қуйи, яъни учинчи поғонага чиқишмаган. Бугунги кунга келиб минбар 12 ва ундан кўпроқ поғонали қилиб қурилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Биргина Тилла қори мадрасасидаги минбар 12 поғонадан иборат. Минбарнинг катта-кичиклиги масжид хонақоҳининг ҳажми билан боғлиқ.

  • Меҳроб масжид атрибутларидан бири. “Меҳроб” сўзи араб тилидан олинган бўлиб “саждагоҳ“ деган маъно англатади. Меҳроб масжиднинг Каъба томонидаги девори ичига тахмон шаклида қурилган жой [11]. Меҳроб ислом динининг дастлабки даврларидан ҳар бир масжидда мавжуд бўлиб, у намоз юзланиб ўқиладиган томон (қибла)ни белгилаш учун хизмат қилади. Ҳозирги кунда масжидларнинг меҳроби Қуръони карим оятлари, ҳар хил рангдаги шишалардан фойдаланиб дурадгор усталар томонидан ишлов берилган нақшлар билан безатилганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шуни айтиб ўтиш керакки, мазкур безаклардан мусулмонлар нафақат меҳробни, балки, минбар ва масжид шифтини безашда ҳам фойдаланадилар.
  • Ислом таълимотига кўра, уч масжид (Масжид ул-Ҳаром, Масжидун Набавий ва Масжид ул-Ақсолар) ҳар бир мусулмон зиёрат қилиши лозим бўлган масжидлар ҳисобланади;
  • Ислом таълимотида ким бир масжид қурса жаннатда Аллоҳ таоло унга бунинг эвазига қаср қуриб беради. 
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Қуръони карим.
  2. Саҳобов О. Уч муқаддас масжид. – Т.: Мовароуннаҳр, 2017.
  3. “Ан-Наим ул-Кабир” арабча-ўзбекча луғат. – Наманган. Наманган, 2014.
  4. Тафсири ҳилол . 6-Жуз / Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: Шарқ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2009.
  5. Тафсири ҳилол. 1-Жуз / Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: Шарқ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2009.
  6. Тафсири ҳилол . 3-Жуз / Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: Шарқ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2009.
  7. Ҳузарий, Муҳаммад. – Нурул яқийн: М.Солиҳнинг араб тилидан ўгирган уйғурча матни асосида Э.Усмонов ўзбекчалаштирган. –Т.: Чўлпон, 1992.
  8. Тафсири ҳилол. 2-Жуз / Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: Шарқ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2009.
  9. Кўнрапа, Муҳаммад Зако. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ва ислом тарихи/Масъул муҳаррир Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ, 2017.

 

Исломиддин ҲАЙДАРОВ,
 Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО”
кафедраси таянч докторанти

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …