Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида университетнинг кимё факультетида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир шу мавзуга бағишланди.
Тадбирда Марказ илмий ходимлари, Самарқанд давлат университети кимё факультети педагоглар жамоаси ва талаба ёшлар иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Марказ бўлим бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев ва факультет декани Норйигит Мусулмонов бугунги кунда Ўзбекистонда барқарор тараққиёт ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бағрикенглик қадриятларига асосланган демократик жамият қуриш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни жаҳон ҳамжамияти эътироф этаётганини таъкидладилар.
Маърифий учрашувда Марказ илмий ходимлари Баёзхон Маҳмудов, Сирожиддин Абдувоитов ва факультет деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Машраб Мамирзаевлар маъруза қилиб, бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, жумладан, Яқин Шарқ мамлакатларида одамларни қурбон қилаётган тўқнашувлар, турли йўналиш ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган зиддиятлар ислом дини ниқоби остида амалга оширилаётганига далиллар келтирди.
Давра суҳбатида ҳар қандай бузғунчилик ва фитналардан холи бўлган, тинчлик ва эзгуликка йўғрилган динимиз софлигини сақлаш, ёт оқимларга қарши маърифат билан курашиш, мамлакатимизда ижтимоий барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Иштирокчиларга Марказ фаолияти ва ютуқлари, айни пайтда олиб борилаётган тадқиқот йўналишлари, шунингдек, режалаштирилган илмий лойиҳалар хусусида ҳамда уларни қизиқтирган саволлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.