Тарихга назар соладиган бўлсак, юртимизда ҳамиша ижтимоий ҳамкорлик руҳи ва бағрикенгликни тарғиб этувчи қадриятлар устувор бўлиб келганидан далолат беради. Мустақиллик туфайли ўзлигимизни англаш, маънавий қадриятларимизни тиклаш жараёни кечаётган ҳозирги пайтда умуман динга ва айниқса ота-боболаримиз дини бўлиб келган ислом динига муносабат тубдан ўзгарди. Бу соҳадаги ютуқлар ва ўзгаришларни санаб ўтишга ҳожат йўқ албатта.
Бағрикенглик тушунчаси турли эътиқоддаги дин вакилларининг бир диёрда биргаликда ҳаёт кечиришига, миллати ва динидан қатъий назар уларнинг чин инсоний фазилатларга хос муомалада бўлиши тушунилади. Бу эса ўз навбатида, юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилиб келмоқда.
Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар, уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этмоқ лозим.
Ҳозирги кунда ҳукуматимиз томонидан оқилона, диний бағрикенглик сиёсати олиб борилмоқда. Республикада ислом дини билан бир қаторда, 16 диний конфессияга мансуб ташкилотлар эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган. Буни диёримизга ташриф буюраётган турли миллат вакиллари ўз кўзи билан кўриб бунга амин бўлмоқда. Эътиқод эркинлиги, диний бағрикенгликнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатлари диний ташкилотлар ва давлат муносабатларида доимо долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Бу бежиз эмас, албатта. Дин мамлакат аҳолисини руҳий чиниқтириш ҳамда юксак ахлоқ, Ватан ва халқ манфаати йўлида фидокорлик, поклик, ўз миллатига содиқлик каби қадриятларни кундалик ҳаётга татбиқ этиш орқали турмуш тарзини ўзгартириш ва юрт фаровонлигини оширишга хизмат қилади. У инсондаги қимматли, энг эзгу фазилат ва хислатларни юзага чиқаришга қодир.
Ислом дини ҳам илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлиб, у инсонларга мурувватли, очиқ юзли, бўлишлик, бошқа дин вакиллари билан чиройли суратда муомалада бўлиш, уларга эҳтиром кўрсатиш ҳамда бағрикенгли бўлишга алоҳида эътибор қаратган. Бу хусусда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй мўминлар), сизлар Аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилинглар…”[1]. Мазкур оятда Аллоҳ таоло бошқа дин вакиллари билан чиройли услубда муомала қилишга буюрмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакилларига бағрикенгли бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмасдан, биз инсонларни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб: “Ким аҳдлашган бошқа дин вакилини ўлдирса жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради”, деганлар. Мусулмонларнинг асрлар оша ўзга дин вакиллари билан бағрикенг бўлишларига сабаб, илоҳий таълимотга оғишмасдан амал қилганлари сабабидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларга хитоб қилиб шундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор зотдир”[2].
Исломда кечиримли бўлиш, бағрикенглик мақталган ахлоқлардандир. Аллоҳ таоло Пайғамбари ва мўмин – мусулмон бандаларга шу сифатлар билан зийнатланишликка амр этган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Авфни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”[3] деган. Авфни (қабул қилиб) олинг. Авф этиш бирор кишининг айб, ёмон ишларини кечириш, айбдорга нисбатан жазо лойиқ бўлса ҳам, унга лутф ила жазоламаслик. Кечиримли ва сабрли бўлиш динимизнинг асосий тамойилларидан биридир. Уламоларимиз “Авф” сўзини “бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш” дея изоҳлаган эканлар. Имом Табарий раҳматуллоҳ алайҳ бундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ушбу оятни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Шунда Жаброил алайҳиссалом:“Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқда-ки, Сизга зулм қилган кишини Сиз авф этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” деб шарҳлаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бу фазилатларнинг барчаси мужассам, сўзлари ва феълларида ҳам бу хулқ ила зийнатланган эди, бошқаларни ҳам кечиримли бўлишга ундардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирларни ислом динини қабул қилишга қизиқтирсаларда, аммо уларни бунга ҳеч қачон мажбур қилмаганлар. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал ахлоқлари ва бағрикенгликлари уларнинг Исломга киришларига сабаб бўлган. Бу эса, у зотнинг хушмуомалаликлари, мулойим ва раҳмдиллигининг шарофатидир. У зот: “Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳ раҳм қилмайди”, деганлар. Бу ерда фақат мусулмонларга эмас, балки бутун инсониятга раҳм – шафқатли бўлишга чақирилмоқда.
Абу Наср Форобий ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” асарида “Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи асос инсонийликдир”[4], деган фикрларидан ҳам раҳмдиллик, кечиримлилик, нақадар улуғ фазилат эканини англаш мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида мусулмонларни бошқа дин вакиллари билан яхшилик ва меҳр-мурувват қилишга чорлаб, ўзаро тинчлик ва тотувликда бағрикенглик ҳамда меҳр-шафқатли бўлишни “Мумтаҳана” сурасида қуйидагича марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.
Буюк муфассир Абу Лайс Самарқандий “Баҳру-л-улум” номли тафсир китобида Қуръондаги мазкур оятни шундай тафсир қилган: “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”.
Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорику-т-танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”, деб шарҳлайди[5].
Демак, миллий қадриятлар ва ислом дини одамларни доимо бағрикенг, ҳамда кечиримли бўлишга инсонлар билан доимо хушмуомилали, самимий бўлишга чорламоқда. Зеро, жамият турли ижтимоий қатламлар, этник маданий, лисоний, конфессионал гуруҳлардан иборат бўлган ҳозирги даврда бағрикенгликнинг ўзаро ҳурмат ва энг юксак инсоний қадриятларга асосланиши, жамиятда тотувлик ва ҳамжиҳатлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.