Home / КИТОБЛАР / ОТА-ОНАСИНИ СЎКМАЙДИ

ОТА-ОНАСИНИ СЎКМАЙДИ

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ : «مِنَ الْكَبَائِرِ أَنْ يَشْتُمَ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ». فَقَالُوا: كَيْفَ يَشْتُمُ؟ قَالَ: «يَشْتُمُ الرَّجُلَ فَيَشْتُمُ أَبَاهُ وَأُمَّهُ».

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир кишининг ўз ота-онасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир», дедилар.
«Қандай қилиб (ўз ота-онасини) сўкади?» дейишди.
«Бир одамни сўкади. У эса унинг ота-онасини сўкади», дедилар».

Шарҳ: Албатта, ҳар қандай ёмон одам ҳам ўз ота-онасини сўкмайди. Саҳобалар ҳам шу мулоҳазани қилиб, «Киши қандай қилиб ўз ота-онасини сўкади?» деб сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг қандай ҳосил бўлишини тушунтириб бердилар.
Биров бир одамни сўкади, сўкиш эшитган одам «Отангга фалон, онангга фалон», деб унинг ота-онасини сўкади.
Демак, бошқа одамнинг ўз ота-онасини сўкишига сабабчи бўлган кимса ўз ота-онасини сўккан бўлар экан ва бу иш гуноҳи кабиралардан экан. Шунинг учун фарзанд ота-онасига лаънат келтиришга эмас, балки уларга атрофдагилардан, халқдан раҳмат, ташаккур олиб беришга ҳаракат қилмоғи керак экан.

Фарзанд бирор ёмон ишни қилса, бировга ёмон муомала қилса, «отанг фалон бўлсин», «онанг фалон бўлсин» каби сўкишларга сабаб бўлса, бу нарса ота-онаси учун ниҳоятда ёмон бир иш ва ушбу ҳадиси шарифнинг таъбири билан айтганда, ота-онасини сўккан, гуноҳи кабира содир қилган кишиларнинг қаторида бўлар экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Ота-онани сўкиш гуноҳи кабиралардан экани.
2. Олим одам айтган гапни тушунмаган кишилар қайтадан сўраб, тушуниб олиши кераклиги.
3. Ота-онасининг бировлар томонидан сўкилишига сабаб бўлиш уларни сўкиш билан баробар экани.
4. Ота-онанинг сўкилишига сабаб бўлиш гуноҳи кабиралардан экани.

عَنْ عُرْوَةَ بْنِ عِيَاضٍ؛ أَنَّهُ سَمِعَ عَبْدَ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ يَقُولُ: مِنَ الْكَبَائِرِ عِنْدَ اللهِ تَعَالَى أَنْ يَسْتَسِبَّ الرَّجُلُ لِوَالِدِهِ.

Урва ибн Иёздан хабар берилади:
«У Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг «Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта гуноҳлардан бири – киши ота-онасига сўкиш олиб беришидир», деганини эшитган экан».

Шарҳ: Бир киши ўз ота-онасига сўкиш келтирадиган бўлса, ана ўша одам гуноҳи кабиралардан бирини қилган бўлади. Бу аввалги ҳадиснинг бироз бошқачароқ маънода айтилганидир. Зотан, аввалги ҳадисни ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ўзлари ривоят қилган эдилар.
Демак, фарзанд доимо ота-онасига раҳмат, ташаккур олиб берадиган бўлишга ҳаракат қилиши зарур экан. Мусулмон фарзанд зинҳор ота-онасига сўкиш, танқид келтирадиган бўлмаслиги керак экан.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …