Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилинади:
«Аллоҳ таолонинг Китобида мен ҳақимда тўртта оят нозил бўлган.
Онам агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилмасам, овқат емаслик ва сув ичмасликка қасам ичган эди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла «Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, уларга итоат этма ва дунёда икковларига яхшилик қил»ни нозил этди.Иккинчиси: Мен ўзимга ёққан қилични олволган эдим. «Эй Аллоҳнинг Расули, буни менга ҳиба қилинг», дедим. Шунда «Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар» ояти нозил бўлди.
Учинчиси: Бемор бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўргани келдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен молимни тақсимламоқчиман. Ярмини васият қилайми?!» дедим. «Йўқ», дедилар. «Учдан бирини-чи?» дедим. Сукут сақладилар. Ўшандан кейин учдан бир жоиз бўлди.
Тўртинчиси: Ансорийлардан бир қавм билан хамр ичдим. Улардан бир киши бурнимга туянинг жағ суяги билан урди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эдим, Аллоҳ азза ва жалла хамрнинг ҳаромлигини нозил қилди».
Шарҳ: Ушбу ривоятда бу бобга боғлиқ ери очиқ кўриниб турибди. Ундан Аллоҳ таоло Қуръони Каримда фарзандлар мушрик ота-онага ҳам яхшилик қилишлари кераклигини таъкидлаганини билиб оламиз.
Бу ривоятдан унинг ровийси Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазлларини ҳам билиб оламиз. Бунга у кишининг ривоят бошидаги қуйидаги гаплари далилдир.
«Аллоҳ таолонинг Китобида мен ҳақимда тўртта оят нозил бўлган».
Ҳар бир саҳобий учун унинг ҳақида бирор оят нозил бўлиши катта обрў ҳисобланади. Аммо бир эмас, бир йўла тўрт оят нозил бўлиши қанчалар обрў ва фазл эканини билиб олаверсак бўлади.
Энди ана шу тўрт оятни уларнинг нозил бўлиш сабаблари билан ўрганиб чиқайлик.
«Онам агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилмасам, овқат емаслик ва сув ичмасликка қасам ичган эди.
Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, уларга итоат этма ва дунёда икковларига яхшилик қил»ни нозил этди».
Тарихчиларимиз қилган ривоятларда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзлари Исломга қандай кирганларини қуйидагича васф қиладилар:
«Исломга киришимдан уч кун олдин тушимда ўзимнинг қатма-қат зулматлар ичида қолганимни кўрдим. Унинг тўфони ичида типирчилаб турганимда, бирдан менга ой нур сочиб қолди. Мен у томон юрдим. Ўз олдимда у ойга мендан олдин борганларни – Зайд ибн Ҳориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр Сиддиқни кўрдим. Уларга:
«Бу ерга қачон келдингиз?» дедим.
«Мана шу соатда», дедилар.
Эрта билан менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яширин равишда Исломга даъват қилаётганлари ҳақида хабар етди. Шунда Аллоҳ таоло менга яхшиликни ирода қилганини, мени зулматлардан нурга чиқаришни ирода қилганини билдим.
У зот томон шошилиб бордим. Жиёд дарасида учратдим. Намоз ўқиб турган эканлар. Мусулмон бўлдим. Тушимда кўрганларимдан бошқа шахс менинг олдимга туша олмаган.
Онам Исломга кирганимни эшитиши билан тўполон қилишни бошлади. Мен унга яхшилик қиладиган ва маҳбуб йигит эдим. У менинг олдимга келиб:
«Эй Саъд, сен қандай динга кирдинг ўзи?! У сени ота-онангнинг динидан чалғитибди! Аллоҳга қасамки, ё янги динингни тарк қиласан, ёки ўлгунимча еб-ичишдан воз кечаман! Менга маҳзун бўлганингдан юрагинг парча-парча бўлиб кетади! Қилган ишингдан надомат қилиб ўлиб кетасан! Одамлар сени абадий айблаб юрадилар!» деди.
«Эй она, ундай қилманг. Мен барибир ўз динимдан қайтмайман», дедим».
Ҳа, бошқа барча янги мусулмонлар каби Саъд ибн Абу Ваққос ҳам ўз Исломларини эълон қилишлари биланоқ дин йўлида синовга дучор бўлдилар.
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Саъднинг онаси ҳатто у ўз динига куфр келтирмагунича унга асло гапирмасликка, еб-ичмасликка қасам ичди. Ва: «Аллоҳ сенга ота-онангга итоат этишга амр қилган, мен онангман, сени шунга амр қиляпман!» деди.
Уч кун ўтиб, қийналганидан ҳушидан кетиб йиқилди. Умора деган ўғли туриб, унга (бир нарса) ичирди».
Бошқа ривоятда шундай дейилади:
«Унга ичимлик ичирмоқчи бўлишса, оғзини чўп билан очиб туриб қуйишар эди. У Саъдни дуоибад қила бошлади. Шунда Аллоҳ таоло «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун ижтиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма» оятини нозил қилди».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Ўша вақтнинг мушриклари янги мусулмонларни азоблашнинг турли услубларини топганларига яна бир далил. Кўплаб саҳобаи киромларнинг ҳар бирига ўзига хос азоб ўйлаб топилган эди.
Саъд ибн Абу Ваққосга эса маънавий азоб ишлатганлар. Энг азиз киши бўлмиш онанинг «Динингдан қайтмасанг, сенга гапирмайман, ўзим еб-ичмайман», деб туриб олиши ўғил учун энг оғир маънавий азоб бўлиши турган гап. Ундан кўра калтаклаб азоб берсалар, енгилроқ бўларди.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг оналари билан бўлиб ўтган бу можаролари ҳақида имом Термизийнинг юқорида зикр қилинган «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, уларга итоат этма» ояти каримасининг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги яна бир ривоятни ўргансак, ҳолат яна ҳам равшанлашади.
Имом Термизий бу ҳақда қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Ушбу оят Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва унинг онаси Ҳамна бинти Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У онасига яхшилик қилувчи эди. Онаси унга:
«Бу янги дининг нима ўзи? Аллоҳга қасамки, аввалги ҳолингга қайтмагунингча, ўлсам ҳам овқат ҳам емайман, ичимлик ҳам ичмайман. Кейин умрбод шу билан ор-номусга қолиб кетасан. Сени «Эй онасини ўлдирган», деб чақиришади», деди.
Сўнгра аёл бир кечаю бир кундуз таом емай, ичимлик ичмай ётди. Сўнгра Саъд розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:
«Эй онагинам, агар сенинг юзта жонинг бўлса-ю, битта-биттадан чиқиб турса ҳам, мен динимдан қайтмайман. Агар хоҳласанг, еб-ич, хоҳламасанг, еб-ичма», деди.
Саъднинг динидан қайтишидан ноумид бўлган онаси еб-ичди. Ана шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди».
Уламоларимиз юқорида зикри келган ояти кариманинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлганини таъкидлашади. У киши Макка ёшлари ичида онасини ҳурмат қилиш билан ном чиқарган эдилар. Бошқа ёшларга онани эҳтиром этишда Саъд розияллоҳу анҳу мисол қилиб кўрсатиларди. Иймонга келганларидан сўнг Саъд розияллоҳу анҳу айнан ушбу нозик нуқтада синовга учрадилар. Аммо у киши иймонни устун қўйдилар.
Ўн етти ёшли йигит Саъд ибн Абу Ваққоснинг дин йўлида қилган бу ишлари мисли кўрилмаган қаҳрамонлик эди. Шу билан бирга, Саъд ибн Абу Ваққос оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг «Ва уларга бу дунёда маъруф ила соҳиб бўл» деган қавлига биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлишни амр қилган эдилар.
«Иккинчиси: Мен ўзимга ёққан қилични олволган эдим. «Эй Аллоҳнинг Расули, буни менга ҳиба қилинг», дедим. Шунда «Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар» ояти нозил бўлди».
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу зикр қилган ояти карима Анфол сурасида бўлиб, у Бадр ғазоти тўғрисида нозил бўлган. Аллоҳ таоло ушбу ғазотдаги воқеалар қиёматгача одамларга ибрат бўлиб қолишини ирода қилди.
Суранинг аввалида одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «анфол» – ўлжалар ҳақида сўрашгани айтилиб, орқасидан ўша саволга батафсил жавоб келади.
Анфол сурасининг дастлабки оятлари жангдан кейин ўлжа устида мусулмонлар орасида жанжал чиққани сабабли нозил бўлган. Ана шу ўлжа талашиш машмашасида, ўзлари айтиб ўтганларидек, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.
Аллоҳнинг ёрдами билан ғолиб бўлган мусулмонлар ғалаба нашидасидан маст эканлар, ўлжа хусусида ўзаро ихтилофга тушиб қолдилар. Бу эса инсон табиати ниҳоятда мураккаб эканини яна бир бор кўрсатади. Кофирлардан тушган ўлжани талашаётган инсонлар аслида бутун мол-мулкидан кечиб, Исломни танлаган зотлар эди. Уларнинг бир қисми мол-дунёларини, қариндош-уруғларини, азиз ватанларини ташлаб, дину диёнат йўлида ҳижрат қилганлар.
Бошқалари эса ҳижрат қилиб келган биродарларига уй-жой, кийим-кечак, озиқ-овқат, қўйингки, ҳамма керакли нарсаларни бериб, уларни ўзларидан устун кўрган ансорийлар эди. Улар Бадр урушига кираётиб, «ўлжа» деган нарсани хаёлларига ҳам келтирган эмаслар. Балки тезроқ шаҳид бўлиб, жаннатга кириш иштиёқида ёнар эдилар. Улардан бири жаннатга киришга шошилганидан қўлидаги хурмоларни охиригача еб тугатишга ҳам сабри чидамаган.
Аммо жанг тугаб, кўп йиллик машаққат ва қийинчиликлардан кейин дастлабки ғалаба қўлга киргач, дарҳол дунёга қизиқиш бошланди. Орада низо чиқди. Бу жуда ҳам хатарли ҳол эди. Лекин аслида бу ҳолат Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган эди. Аллоҳ таоло саҳобалар авлодининг бошларига ҳар хил ишларни солиб, уларни синаб, тарбиялаб борган.
Бадр урушидан кейин ўлжа талашиш ҳам шунга ўхшаш масалалардан биридир. Аллоҳ таоло уларни амалий хато устида тарбиялади. Ўша ҳодисанинг бевосита иштирокчиси бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Бу оятлар биз ҳақимизда – Бадр соҳиблари ҳақида, ўлжа талашиб, ихтилоф қилганимизда, ахлоқларимиз бузилганида нозил бўлган. Аллоҳ таоло ўлжани бизнинг қўлимиздан тортиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берди».
«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Расулникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар», деб айт».
Аллоҳ таоло ояти кариманинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда:
«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар».
Яъни ўлжа устида талашиб, ҳар қайсиси ўзини бошқалардан кўра ҳақлироқ билиб, соҳиблик даъвосини қилганидан сўнг сўрайдилар. «Ўлжалар кимники?» дейдилар.
«…Ўлжалар Аллоҳ ва Расулникидир», деб айт».
Ўлжалар сизники эмас. Сиз шошилиб, уни ўзингизники қилиб олмоқчисиз. Йўқ. Ўлжалар Аллоҳники.
Аллоҳ таоло сизни кофирлар устидан ғолиб қилди.
Бу ғалабани сиз келтирганингиз йўқ, Аллоҳ таоло келтирди.
Мушрикларни сиз ўлдирганингиз йўқ, балки Аллоҳ таоло ўлдирди.
Кофирларни сиз асир олганингиз йўқ, Аллоҳ таоло асир олди.
Ўлжани сиз қўлга киритганингиз йўқ, Аллоҳ таоло киритди.
Ўлжалар сизники эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламники. Ўша зот туфайли сизга Аллоҳнинг ёрдами келди.
Сиз бўлсангиз ҳаққингиз бўлмаган нарсани талашиб, бир-бирингизни хафа қилиб, ўртадаги дўстликка футур етказиб юрибсиз. Бундай қилиш сизларга ҳеч муносиб эмас.
«Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар».
Қалбда тақво бўлгандагина инсон дунёнинг ўткинчи матоҳини талашиб юрмайди. Молу дунё деб ўз биродарлари билан орани бузмайди. Қалбидан тақво жой олган инсонгина Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилади.
«Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг».
Демак, мўминликнинг шарти ҳар бир нарсада Аллоҳга ва Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишдир.
Иймон амалда кўринади. Иймонни кўрсатадиган амал эса Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишда зоҳир бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида: «Иймон қалбда виқор топган ва амал билан тасдиқ этилган нарсадир», деганлар.
«Учинчиси: Бемор бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўргани келдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен молимни тақсимламоқчиман. Ярмини васият қилайми?!» дедим. «Йўқ», дедилар. «Учдан бирини-чи?» дедим. Сукут сақладилар. Ўшандан кейин учдан бир жоиз бўлди».
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Макка фатҳи чоғида оғир хаста бўлиб қолдилар ва ушбу ривоятда зикр қилинган гаплар бўлиб ўтди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Молимнинг учдан иккисини-чи?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Ярмини-чи?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Учдан бирини-чи?» дедим.
«Учдан бир. У ҳам кўп-у… Албатта, сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг уларни юк бўлиб, одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар қандай нафақа қилсанг ҳам, албатта ажр оласан. Ҳаттоки аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» дедим.
« Сен ортда қолиб, Аллоҳнинг розилигини истаб нима амал қилма, даражаю мартабанг албатта ортади. Шояд, ортда қолсанг-да, кейин сен туфайли баъзи одамлар манфаатланиб, бошқалари зарар кўрса. Аллоҳим, саҳобаларимнинг ҳижратларини охирига етказгин ва уларни ортларига қайтариб юбормагин!» дедилар».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Кейин Аллоҳ таолонинг шариати Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўзлари таъкидлаганларидек, ушбу ҳадисда айтилганидек, учдан бирни васият қилишга рухсат берди.
Бу ерда айтиб ўтишимиз лозим бўлган яна бир гап бор. Ўлим тўшагида ётган киши мол-мулкининг учдан бирини васият қилишга ҳақли экани ҳақида оят нозил бўлган эмас. Балки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг қиссаси васият ҳақидаги оят ҳукмини хослашга, учдан бирга тайин қилишга сабаб бўлган.
«Тўртинчиси: Ансорийлардан бир қавм билан хамр ичдим. Улардан бир киши бурнимга туянинг жағ суяги билан урди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эдим, Аллоҳ азза ва жалла хамрнинг ҳаромлигини нозил қилди».
Кунларнинг бирида Отабон ибн Малик исмли киши уйига меҳмонларни таклиф қилади, улар орасида ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос ҳам бор эдилар. Мезбон меҳмонлар олдига туянинг бошини қўйиб, май тортади. Зиёфат авжига минади. Ўз урушларини улуғловчи, Мадина мусулмонлари – ансорийларни эса танқид остига олувчи шеърхонлик бошланади. Шунда меҳмонлардан бири туянинг жағ суягини кўтариб, Саъд ибн Абу Ваққоснинг бурнига туширади. Қаттиқ ранжиган Саъд ибн Абу Ваққос Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, воқеани батафсил ҳикоя қилиб берадилар. Ана шунда Моида сурасидаги ушбу оят нозил бўлади:
«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» (Моида сураси, 90-91-оятлар).
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Қуръони Каримда бир нечта оятлар нозил бўлишига сабаб бўлган ҳодисаларнинг иштирокчиси бўлганлари.
2. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг онаси унинг мусулмон бўлишига қаттиқ қарши тургани.
3. Аллоҳ таолонинг таълимотларига қарши бўлган масалаларда ота-онага итоат қилиш мумкин эмаслиги.
4. Инсоний алоқаларда мусулмон фарзанд мушрик ота-онага ҳам яхшилик қилиши кераклиги.
5. Ўлжани ўзича олиш мумкин эмаслиги.
6. Беморни кўргани бориш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экани.
7. Билимли кишидан ўзи қилмоқчи бўлган ишнинг шариатга тўғри ёки тўғри эмаслигини сўраб олиш кераклиги.
8. Мусулмон киши ўлими олдидан молининг учдан биридан кўпини васият қилиши мумкин эмаслиги.
9. Хамр, яъни ароқнинг ҳаромлиги Қуръони Карим билан собит бўлгани.
Манба:@islomuz_kanal