Кейинги пайтларда нақшбандия-мужаддидия тариқати намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти ҳамда силсиласи тўғрисида турли фикр-мулоҳазалар билдириляпти ва бу борада ўз навбатида ҳар хил саволлар ҳам кўтарилган. Бундан нақшбандия ва унинг турли тармоқлари ҳали ҳам мукаммал ўрганилмаганлиги ва тадқиқот учун кўплаб муаммолар борлигини алоҳида таъкидлаш керак.
Агар биз мазкур тариқатнинг силсила ва насл-насаб занжирига эътибор қаратсак, бу борада тадқиқотлар бир оз заиф олиб борилганлигига гувоҳ бўламиз. Одатда, тариқат силсиласи хулафои рошидун ёки чориёрлардан бири орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб уланади. Турли манбаларда, силсила билан боғлиқ ҳужжатларда ҳамда шажара ва насабномаларда устод-шогирдлик силсиласи, насл-насаб занжири турлича кўриниш касб этган. Бу ўз-ўзидан турли муаммоларни юзага чиқаришга олиб келган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али орқали тўрт силсила занжири мусулмон дунёси бўйлаб ёйилган ва бундай боғланиш тасаввуф тариқатларининг негизи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалишидан далолат беради. Манбаларда Абу Бакр Сиддиқ орқали Нақшбандия, Умар ибн Хаттобдан сухравардия-кубравия, Усмондан эса чиштия-ишқия ва Ҳазрати Алидан қодирия-жаҳрия силсиласи бошланади[1]. Тариқат силсиласи муайян сулукнинг энг ишончли томонларидан бири саналади. Силсила – муайян тариқатнинг ўз шайхи ёки пири орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган ҳасабномаси, яъни устоз-шогирдлик шажарасидир. Силсилага кирувчи шайхлар тариқат асосларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилишда хизмат қилган[2]. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг силсилаи маънавийлари Абу Бакр Сиддиқ орқали тасаввуф тариқати отаси шайх Юсуф Ҳамадонийгача етиб келгач, уни муаррихлар “силсилаи Сиддиқия”, деб юритишган. Шайх Абдулхолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача етиб келган силсила “хожагон-нақшбандия”, дейилган, Хожа Аҳрори Валийдан бошлаб “нақшбандия-аҳрория” номини олган.
Хожа Аҳрори Валий ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш бўйича юртимиз ва хорижий олимлар томонидан етарли тадқиқот ишлари олиб борилган.
Хожа Убайддуллоҳ Маҳмудхожа ўғли – Аҳрор Валий номи билан машҳур бўлиб, 806/1404 йил рамазон/март ойида Шош/Тошкентнинг Боғистонида дунёга келган. Отаси Хожа Маҳмуд ва боболари маърифатли кишилар бўлиб, деҳқончилик ва тижорат ишлари билан шуғулланган. Она тарафидан машҳур шайх Хованди Таҳур[3]га бориб уланади.
Хожа Убайдуллоҳ болалигидан илмга чанқоқлиги сабаб бўлган кўринади 22 ёшида тоғаси хожа Иброҳим Шоший уни таҳсил олиш учун Самарқандга олиб боради. У ерда Мавлоно Қутбиддин Садрнинг мадрасасида таҳсил олади. 1428 йилда Ҳирот шаҳрида Сайид Қосим Табризий (Қосим Анвор)нинг даргоҳида таҳсилни давом эттиради. Шу тариқа, Чағониён мавзеида яшовчи нақшбандия тариқати муршидларидан бири Мавлоно Яқуби Чархий ҳузурига бориб тасаввуф сир-асрорларини қунт билан ўрганади. Бу ҳақда Алишер Навоий ўзининг “Насойимул муҳаббат” асарида “Хожа Убайдуллоҳ Хуросон машойихлари Ҳазрати Мир Саййид Қосим Анвор, шайх Баҳоуддин Умар, шайх Зайниддин Хавофий, Мавлоно Муҳаммад Асад, Мавлоно Саъдуддин Қошғарийлар, Мовароуннаҳр машойихларидан Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Абу Наср, Мавлоно Низомиддин Хомуш суҳбатда бўлиб, Мавлоно Яъқуби Чархийдан” иршод ва тарбия топганлиги баён этилган.
Яъқуб Чархийдан таълим олган Хожа Аҳрор Ҳиротга ва у ерда бир йил яшаб қолади. Сўнгра 29 ёшида[4] Тошкентга қайтиб, тоат-ибодат ва деҳқончилик билан машғул бўлади. Халқ орасида анча танилгандан сўнг, 1450 йилдан кейин[5] Самарқандга келади.
Хожа Аҳрори Валий одамларни ром қилувчи нутқ ва ривоятларга, илми фиқҳ ва рубоиётларга, Қуръон тафсири ва ҳадисларга шу даражада бой бўлган.
Хожа Аҳрорнинг ҳаёт йўли ва фазилатини баён қилувчи кўпгина тарихий асарлар орасида энг биринчилардан бўлиб ёзилган “Масмуот” (Эшитилган) асари ул зотнинг куёви ва издоши Мир Абдулаввал Нишопурий томонидан XV аср охирларида битилган. Унда Хожа Аҳрорнинг юриш-туриши, фазилати, сўфийлик дунёқараши ҳақида сўз борган. Китобда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва чаҳорёрлардан тортиб, Хожа Аҳрори Валий яшаган давргача етиб келган тасаввуф силсиласи сулукнинг энг улуғ намояндалари фаолияти ҳамда Хожанинг замондошлари бўлган темурийлар сулоласи билан муносабати баён қилинган.
Хожа Аҳрорнинг шогирдларидан бири Мавлоно Муҳаммад Қози ибн Бурҳониддин ўзининг “Силсилатул орифин ва тазкиратус содиқин” (Донолар маънавий занжири ва сиддиқийлар хотираси) ва Фахриддин Али Сафийнинг “Рашаҳот айнул ҳаёт” (Ҳаёт чашмаларидан томчилар) деб номланган асарларда устозининг насл-насаби, келиб чиқиши, ёшлиги, фазилатлари ҳамда ирфоний-фалсафий мушоҳадалари ҳақида муфассал маълумотларни баён этган.
Нақшбандия тариқатининг Хожа Аҳрор Валий орқали тарқалган силсила нафақат Мовароуннаҳр ҳудуди, балки Хуросон, Ироқ, Озарбайжон, Рум ва Мисргача, Хитой ва Ҳиндистонгача етиб борганлиги кўришимиз мумкин. Самарқанд қози калони тарихчи Абу Тоҳир хожа ўзининг “Самария” китобида: “Хожа Аҳрорнинг ўзига жалб қилувчи оҳанграбоси шу даражада кучли эдики, унинг ширинсуҳан суҳбатлари умрбод эсга қоларди”, деб айтгани ҳам дунё тасаввуф таълимотида унинг маънавий мавқеи юқори бўлганидан далолат беради.
Хожа Аҳрори Валийдан шогирди Мавлоно Муҳаммад Қози орқали Махдуми Аъзам Даҳбедийдан бошлаб “нақшбандия-аҳрория-даҳбедия” ёки шогирди Мавлоно Зоҳид Вахшуворий орқали имом Аҳмад Сирҳиндийдан бошлаб “нақшбандия-аҳрория-мужаддидия” каби силсиланинг турли тармоқлари шаклланган. Унинг авлодларидан Нақибхон Тўғрал, Султонхон Тўра Адо каби улуғ кишилар етишиб чиққан.
Хулоса ўрнида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий нақшбандия тариқатининг энг буюк муршидларидан бири эканлиги, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётда катта из қолдириб, ўз даврида шуҳрати дунё мамлакатлари бўйлаб машҳур бўлган. Унинг тасаввуф тарихидаги буюк хизматларидан бири нақшбандия силсиласи ислом оламидаги энг улуғ силсилалардан бирига айланишидир.
Хожа Аҳрори Валий тасаввуф тарихида биринчи бўлиб халқ равнақи йўлида тариқатни сиёсатга, подшоҳларга таъсир кўрсатувчи амалиётга айлантирган.
-
Абу Тоҳирхожа. Самария. Таҳрир ҳайъати: Б. Аҳмедов ва бошқ.– Т.: Камалак, 1991.– 81 б.
-
Тасаввуф таълимотига оид манба. Асар номи ва муаллиф номаълум. Қўлёзма, форс тилида. ИБХИТМ манбалар хазинаси инв. №52.
-
Каримов Э. Хўжа Аҳрор (ҳаёти ва фаолияти). Т.: Маънавият, 2003. 43 б.
-
Каттаев К. Тасаввуф алломалари. Т.: Ғафур Ғулом, 2017. 320 б.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Нақшбандия: вазифалар, зикрлар. – Т.: Hilol-Nashr, 2019. 160 б.
-
Ўринбоев А. Хожа Аҳрор. https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/xoja-ahror-valiy-1404-1490/.