Home / МАҚОЛА / ИСЛОМДА ТЕНГЛИК МАСАЛАСИ (1-ҚИСМ)

ИСЛОМДА ТЕНГЛИК МАСАЛАСИ (1-ҚИСМ)

Ижтимоий тармоқда “Аёллар саждада тирсакларини ерга теккизиши ва кафтлари бурунларининг олдида туриши керакми. Руку қилганда тиззалари озгина букилиш керакми,” деб сўралган саволга айрим қўштирноқ ичидаги олимлар: “Бу айтилган гаплар Ҳанафий мазҳабини(нг) ижтиҳодларидан. Далилига баъзи бир асарлар келтирилган ҳанафий фиқҳида. Лекин асарлари саҳиҳ (э)мас, ҳужжат бўладиган далил эмас. Аёллар ўзи намоз масаласида “Аёллар эркакларни(нг) тенгидир”. Илло далил ажратган жойлар, саҳиҳ далил билан ажратилса, ажратилади. Шунинг учун ҳозирги айтилган нарсалар ҳанафий мазҳабнинг ижтиҳоди. Агар ўша мазҳабда мана шу тўғри деб эътиқод қилган бўлса, ўша мазҳабга амал қилади. Лекин далил жиҳатдан олганда “Аёллар эркакларни(нг) тенгидир” ҳадиси булардан кўра қувватли ҳисобланади. Далил жиҳатдан қараганда тирсагини теккизмаслиги ва тиззасини ҳам тўғри қилиши қувватли бўлиб кўринади”, деб жавоб берган.

Қуйида юқорида айтилган бу жавобни таҳлил қиламиз, хулоса сиздан, азиз ўқувчи!

Таъкидлаб ўтиш керакки, шаръий масалалар жавобида: “Бу айтилган гаплар ҳанафий мазҳабини(нг) ижтиҳодларидан. Далилига баъзи бир асарлар келтирилган ҳанафий фиқҳида. Лекин асарлари саҳиҳ (э)мас, ҳужжат бўладиган далил эмас”, каби сўзлар билан инкор оҳангида, менсимаган ҳолда гапириш салафи солиҳ уламоларимизга нисбатан ҳурматсизлик, паст назар билан қараш саналади. Албатта, бундай оҳангда гапириш ортида уларнинг ўз мақсади бор, яъни олимларни беҳурмат қилиш орқали туркий тилда, хусусан, ўзбек тилида сўзлашувчи халқнинг қон-қонига сингиб кетган ҳанафийликни йўқотиш мақсади ётади.

Олимликни даъво қилиб, салафи солиҳлар йўлини ва уларнинг ибодатларга оид берган фатволари ҳақида “асарлари саҳиҳмас, ҳужжат бўладиган далил эмас”, дейиш учун инсон мунофиқ бўлиши керак. Соғлом фикрли мусулмон киши салафи солиҳлар ҳақида бундай сўзларни айтмайди. Чунки, Имом Абу Ҳанифа 1 млн.га яқин ҳадисни санади билан, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса 500 мингдан ортиқ ҳадисни санади билан ёддан билганини эътиборга олсак, фақиҳлар ижтиҳоди ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганини англаб етамиз.

Бу фатволарнинг вужудга келишида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари, саҳобаи киромлар ва тобеинларнинг асарлари муҳим асос бўлиб хизмат қилган. Мужтаҳид уламоларимиз ўз фатволарига оят ва ҳадислардан, саҳоба ва тобеинларнинг сўзларидан ортиқ яна қандай ҳужжатни манба қилиб олиши керак. Таълимни саҳоба ва тобеинлардан олган Абу Ҳанифанинг фатволари саҳиҳ эмас, заиф бўлар экан-да, таълимни Ибн Таймиядан олган мана бу одамларнинг фатволари саҳиҳ бўлар экан. Мантиқни қаранг. Ҳайрон қоласиз! Бундай кимсалар айтаётган сўзларни ақл тарозусига қўймай қабул қилаётган инсонларнинг ўта соддалиги кишини янада ҳайратга солади.

Шубҳасиз, мазҳаб пешволари Қуръони карим ва ҳадислар, ҳар бир оятнинг сабаби нузули ва ҳар бир ҳадиснинг ворид бўлиш сабаблари, тафсири ва таъвиллари билан тўлиқ ёддан билган. Мана шу билим ва салоҳияти билан бир қаторда, уларнинг ҳар бири улкан фаҳму фаросат соҳиблари бўлган.

Имом Абу Ҳанифа ўз фаҳму фаросатининг юксаклигидан 600 мингдан ортиқ воқеликдаги масаланинг ечимини тўғри топиб, фатво берган ва уни замондош уламолари тўғри деб топган. Имом Абу Ҳанифа фаросат ва фаҳмининг ўткирлигидан ҳали воқеликда содир бўлмаган, аммо келажакда юз бериши мумкин бўлган 80 минг масаланинг ечимини айтиб берган.

Салафи солиҳлар илму ирфоннинг мана шундай юксак чўққисига етиб фатво берган. Шу сабабли, уларнинг Қуръони карим ва суннати мутаҳҳарродан ижтиҳод қилиб чиқарган фатволари асрлар оша мусулмонлар учун дастурил амал бўлиб хизмат қилиб келган. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари бу тўрт мазҳаб пешволарининг чиқарган фатволарини тўғри ва ҳақ деб ҳисоблайди. Аслида ҳам шундай.

Энди ўзини салафи солиҳлар йўлини тутганини даъво қилган, аслида эса, салафи солиҳларга қарши гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона гапираётган кимсалар қанча ҳадисни ёд билар экан. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, улар 100 ёки  200 та ҳадисни ёддан айтиб бериши мумкин. Аммо, ундан ортиқ айтиб бера олмайди. Агар санади билан айтиб бер, дейилса, тўрт дона ҳадисни ҳам айтиб бера олмаслиги аниқ.

Улар мана шундай саёз билими билан аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳақ деб билган мазҳабни инкор қилиб, шаръий масалаларда ижтиҳод қилмоқда. Улар шундай билими билан рожиҳ маржуҳ қилиб фатво бермоқда. Бундай ҳолатда ижтимоий тармоқда фатво бераётган, кўринишидан олим, аслида саводсиз кимсаларни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ билан қиёслашнинг ҳожати йўқдир.

Бундай кимсалар фикрини ўзига ўхшаган саводсиз кимсалар маъқулламаса, аҳли сунна вал жамоа уламоларидан бирортаси уларнинг сўзини тасдиқламайди.

Салафи солиҳ уламоларимиз ва мужтаҳидларимиз тўплаган илмни тоққа қиёс қилсак, бундай кимсалар билими гўё истеъмолга яроқсиз бир дона тухум кабидир. Мажозий маънода айтганда, улар ўзига эргашган кимсаларга палағда тухум едирмоқда.

Юқоридаги қиёсимизнинг ҳақиқат эканига яна бир далил шуки, асрлар оша мазҳаб пешволари ва мужтаҳид уламолар ижтиҳоди мусулмонлар томонидан истифода қилиб келинмоқда.

Мазҳаб пешволари ва мужтаҳид уламоларга тош отаётган бундай “олимлар”нинг фатволари эса уларнинг бу дунёдан кетиши билан ёки ундан ҳам олдин мусулмонлар назаридан четда қолади. Чунки, тарихда ислом дини душманлари томонидан муқаддас динимизга тош отувчи юқоридагига ўхшаш чаласавод олимлар кўплаб тайёрланган ва бу ҳолат давом этаверади.

Бир вақтлар ўзини ҳанафий ҳисоблаган бу шахснинг “Аёллар ўзи намоз масаласида эркакларни(нг) тенгидир”. Илло далил ажратган жойлар, саҳиҳ далил билан ажратилса, ажратилади. Шунинг учун ҳозирги айтилган нарсалар ҳанафий мазҳабининг ижтиҳоди”, деган сўзлари замирида ҳанафийлар фатвосига амал қилмасангиз ҳам бўлаверади, деган маъно ётади. Бундан эса, унинг қалбида ҳанафий мазҳабига нисбатан нафрат мавжуд эканини англаш мумкин.

Жавобда зикр қилинган: “Аёллар эркакларнинг тенгидир” ҳадисига тўхталамиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

عن عائشةَ أمِّ المؤمنين رَضِىَ اللهُ عَنْها قالَتْ: قال النَّبيُّ ﷺ : إِنَّمَا النِّسَاءُ شَقَائِقُ الرِّجَالِ مَا أكرَمَهُنَّ إلّا كرَيمٌ وَمَا أهَانَهُنَّ إلّا لَئِيم.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Албатта, аёллар эркакларнинг иккинчи ярмидир (яъни тенгидир).”[1] Бу ҳадиснинг ворид бўлиш сабаби уйқуда эҳтилом бўлиб қолиш ва ундан ғусл қилиш масаласи бўлиб, бунда аёллар эркаклар билан тенг эканлиги, агар  улар уйқуда эҳтилом бўлиб қолса, эркаклар каби уларга ҳам ғусл вожиб бўлиши айтилган. Бу ҳадис замиридаги ҳукм бошқа ибодатларга ҳам қиёс қилинади.

Шунингдек, ушбу ҳадис исломда эркакларнинг қандай имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи бўлса, аёлларнинг ҳам шундай ҳуқуққа эга эканини англатади. Айрим ўринларда, хусусан, жазонинг ижро этилишида аёллар ҳуқуқи эркаклар ҳуқуқидан юқори қўйилади, ҳатто, жиноятга жазо беришда эркак кишига берилмайдиган имтиёзлар аёлларга берилган. Чунки, ҳадиснинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлларни фақат ҳурматли кишиларгина ҳурмат қилади, уларни фақат пасткаш кишиларгина хорлайди”, деганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳам уларга нисбатан яхши муомалада бўлишга буюради:

 ﴿وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ﴾ 

“Улар билан тотув турмуш кечирингиз”[2].

Дарҳақиқат, ислом динида ҳар бир жон эгаси, жумладан, инсон зотининг ҳуқуқлари ҳам кафолатланган ва табиатга зарар бермасликка буюрилган. Хусусан, оят ва ҳадисларга мувофиқ аёлнинг ҳақи қаттиқ ҳимояланган. Ислом зулмнинг ҳар қандай кўринишига қарши бўлган тенглик динидир. Аёл ва эркак ҳуқуқий масалаларда илоҳий мезонга биноан тенгдир. Аммо, бу аёллар эркакларга берилган ҳуқуқдан, эркаклар эса аёлларга берилган ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин, дегани эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий мезони билан эркак ва аёлнинг ҳар бирининг ҳуқуқини ўзларининг хилқатига муносиб равишда аниқ чегаралар билан белгилаб қўйган.

Шу сабабли айрим ўринларда эркаклар (масалан, ҳарбий ишлар, оғир меҳнат, оилани бошқариш) устун бўлса, айрим ўринларда аёлларнинг ҳуқуқлари эркаклардан устундир (масалан, оила қуришда аёлнинг маҳр олиши, ўзи ишлаб топган пулини оиласига ишлатмаслик ҳуқуқи, оғир ишларга жалб этиш мумкин эмаслиги, ҳайз ва нифос ҳолатларида намознинг соқит бўлиши, фарзандлар зиммасида оналар ҳақининг оталарга нисбатан уч баробар ортиқлиги, аёл жиноят содир этса, жазога тортилишда бир қатор енгилликлар берилгани кабиларни айтиш мумкин).

[1] Имом Абу Довуд. Сунан. 236-ҳадис.; Имом Термизий. Сунан. 113-ҳадис.; Имом Аҳмад. Муснад. 25663, 26195-ҳадислар.
[2] Нисо сураси, 19-оят.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Ҳалол касбнинг беш қоидаси

Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ким касби ҳалол бўлишини истаса, беш нарсани маҳкам тутсин: 1️⃣ …