Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк мутафаккир, давлат арбоби ва сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган “Шеърият мулкининг султони — 585 ёшда” мавзусидаги маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказ илмий ходимлари билан бир қаторда Ҳадис илми мактаби талаблари иштирок этди.
Танланган мавзу замирида Навоий даҳосининг нафақат бадиий сўз санъаткори, балки миллат тафаккурини янги босқичга олиб чиққан илмий қудратига бўлган эҳтиром мужассам, зеро Навоий нафақат туркий тилнинг имкониятларини дунёга кўрсатган, балки қисқа фурсат ичида ҳайратланарли даражадаги илмий ва ижодий жасорат кўрсатган сиймодир. Масалан, Ҳазратнинг “Хамса”дек улкан адабий обидани 6 ой ичида якунлагани адабиёт тарихидаги ноёб ҳодиса саналади. Бундай шиддат Навоийнинг нафақат шоирлик, балки теран илмий тафаккур соҳиби эканлигидан далолат беради.

Сўзга чиққанлар Алишер Навоий ижодининг илмий асослари ва унинг Имом Бухорий мероси билан маънавий муштараклиги ҳақида қимматли фикрларни илгари сурди. Таъкидланганидек, аллома асарлари мазмунига ислом фалсафаси ва ҳадис илми шу даражада чуқур сингдирилганки, унинг ҳар бир ғазали маънавий поклик сабоғи бўлиб хизмат қилади. Айниқса, мутафаккирнинг “Арбаин” асари бевосита ҳадисларга бағишлангани, унинг ижоди муқаддас манбалардан сув ичганини илмий жиҳатдан исботлайди. Маърузачилар Алишер Навоий меросини ўрганишда замонавий интернет технологиялари имкониятлари, рақамлаштирилган қўлёзмалар ва халқаро илмий макондаги янги тадқиқотларга ҳам тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда Алишер Навоий ижодига мурожаат қилиш шунчаки адабий анъана эмас, балки миллатнинг ўзлигини англаши ва она тилимиз софлигини сақлаб қолиши йўлидаги маънавий эҳтиёждир. Мутафаккир асарларида тараннум этилган инсонпарварлик ғоялари беш асрдан буён ўз қийматини йўқотмай келаётгани, дунёнинг турли нуқталарида навоийхонлик анжуманлари давом этаётгани ушбу мероснинг умумбашарий аҳамиятини кўрсатади. Тадбирда қайд этилганидек, мутафаккир маънавий олами билан танишиш унинг даҳосига ҳурмат, бой меросига нисбатан масъулият ҳиссини уйғотади.

Тадбир якунида ҳазратнинг боқий мисралари жаранглади ва буюк мутафаккир руҳига эҳтиром кўрсатилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





