Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ЁШЛАРНИНГ ТЕРАН ТАФАККУРИ – МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ

ЁШЛАРНИНГ ТЕРАН ТАФАККУРИ – МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ

Куни кеча Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан Самарқанд давлат университети Ўзбекистон -Финландия Педагогика Институти Педагогика факультети бошланғич таълим йўналиши талабалари ўртасида «Жаҳолатга қарши – маърифат» бош ғояси асосида «Буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлайлик» мавзусида маърифий тадбир  ташкил этилди.

Тадбирни СамДУ Ўзбекистон – Финландия педагогика  институти директорининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари З.Мўминова очиб берди.

Давра суҳбатида Марказ директорининг Бош маслаҳатчиси, профессор Б.О.Тўраев, илмий ходимлар Ж.Жумаев ва Б.Маҳмудов мавзу юзасидан маърузалар қилди.

«Шахснинг комиллиги унинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан баркамоллиги, поклиги билан белгиланади. Маънавий пок инсон ота-онаси, қариндошлари, қўни-қўшнилари, қишлоқдошлари ва бутун мамлакат халқининг фаровонлиги ҳақида қайғуради. Умуман олганда, Ўзбекистонда жамиятни тубдан янги демократик асосларда қуриш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш халқнинг дунёқараши, айниқса ёшларнинг салоҳияти, маънавияти билан бевосита боғлиқдир» – дея таъкидлади профессор Б.Тўраев.

Дарҳақиқат, дунё мезони маърифат томон юз тутмоқда. Буни илғаган халқлар ўз ёшларини янада ўқимишли, ҳунарли қилиб тарбиялаб, глобал дунёда комиллик билан ўз ўрнини топишлари учун барча имкониятларни сафарбар этишяпти. Зеро, ёшлар тақдири – миллат тақдири, ёшларнинг теран тафаккури – маърифатли жамиятнинг залворли зиёсидир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол, жисмонан соғлом, ақлан етук, нафақат кўплаб билимларни, балки ҳозирги даврда талаб катта бўлган касб-ҳунарларни эгаллаган, айни пайтда, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод  тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассам экани табиийдир.

Давра суҳбати эркин мулоқот тарзида ўтди. Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари, ҳуқуқий-маданий саводхонлик, радикализм, экстремизм, терроризмга қарши кураш мавзулари ҳам ёритилган тадбирда талаба ёшлар турли мафкуравий таҳдидлар шароитида уларнинг тузоғига илинмаслик чоралари ҳақида тушунчага эга бўлишди. Савол-жавобларда ёшларга диннинг асл таълимоти, эзгулик ғоялари, соф инсонпарварлик тамойиллари ҳақида, шунингдек, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга оид маълумотлар ҳам берилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …