Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони карим тиловати фазилати

Қуръони карим тиловати фазилати

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур”[1], деган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръон ўқишга буюрганлар. Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни қироат қилинг. У қиёмат куни ўз асҳобларига шафоатчи бўлиб келади», дедилар.

Шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръон ўқувчига тайёрлаб қўйилган улуғ ажру савоблар ҳақида хабар бериб: «Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мислига кўпайтирилур. Алиф лаам мийм бир ҳарф демайман. Лекин алиф бир ҳарф. Лом бир ҳарф. Мим бир ҳарф», дедилар».

Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни яхши қироат қилишни ўрганиб, маҳоратга эга бўлган, унинг ҳукмларига амал қилган кишининг даражаси фаришталар даражаси билан тенг экани ҳақида:

«Қуръонни моҳирлик билан ўқийдиган киши мукаррам, олийжаноб элчи фаришталар билан биргадир», дедилар»[2]. 

Ҳадиснинг давомида у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Қуръонни тутилиб-тутилиб, қийналиб ўқийдиган кишига эса икки ҳисса ажрдир”, деганлар.

Бундан маълум бўладики, киши Қуръон ўрганиб турганида, қийналса ва хато қилса, унга икки баробар ажр берилар экан.

Қуръонни ўргатиш фарзи кифоя, уни тўлиқ ёдлаш эса, вожиби кифоядир. Яна унинг мутавотирлиги йўқолмаслиги учун умматдан баъзи кишилар уни тўлиқ ёд олсалар қолганлардан бу вожиб соқит бўлади. Лекин бундан қолганлар уни тўлиқ ташлаб қўйишлари мумкин деган маъно чиқмайди. Ҳар бир мусулмон камида намозларига етарли даражада сураларни ёдлаб олиши, тажвид билан ўқишни ўрганиши фарздир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: »Ичида Қуръондан бирон нарса бўлмаган киши(нинг қалби) хароба уй кабидир».

Қуръони каримни ўқиш одобларини мухтасар ҳолатда зикр қиламиз:

  • Қиблага қараб ўқиш;
  • Тишларини мисвок қилиш, тоза бўлиш;
  • Либосларини ва жами баданини пок тутиш;
  • Қуръон ўқишда тавозели бўлиб, тафаккур ва таддаббур билин ўқиш;
  • Қалбини пок қилмоғи ва ўқиганидан таъсирланиши ва ҳавоий нафсини тарк қилиши;
  • Қироат қилишда йиғлашга ҳаракат қилиш;
  • Овозини чиройли қилишга интилиши;
  • Ўқиганига амал қилиши;
  • Қуръон ўқишда кулмаслиги ва эътиборли бўлишлиги, ҳар томонга аланглайвермаслик;

Аллоҳ айтади.

  كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آَيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ

“(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир”.[3]

Аллоҳ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га буюриб деди:

وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلَاً

  • Қироатда доим бўлиш.

Қироатнинг уч даражаси бор:

Тартил, тадвир, ҳадар.

  1. Тартил – Қуръони каримни сокинлик, хотиржамлик билан, маъноларини тадаббур қилиш билан, тажвид аҳкомларига риоя қилган ҳолатда қироат қилишдир. Бу уч даражанинг энг афзалидир. Зеро, Қуръони карим шундай нозил бўлган.
  2. Тадвир – Қурони каримни хотиржамлик ва шошилишлик ўртасида, аҳкомларга риоя этиш билан тиловат қилиш.
  3. Ҳадар – Қуръони каримни тажвид аҳкомларини сақлаган ҳолда тезлик билан қироат қилиш.

Тажвид илми қоидаларини биринчи бор таълиф қилган олимлар ҳақида турли қарашлар бор. Улардан Абу Асвад Дуалий (вафоти 69 ҳ.), Халил ибн Аҳмад Фароҳидий (вафоти 170 ҳ.) ва Абу Убайд Қосим ибн Салом (вафоти 224 ҳ.) тажвид илми қоидаларини биринчи бўлиб таълиф қилган имомлар ҳисобланишади. Ислом дини кенг тарқалиб, бошқа тилда гапирувчи халқларнинг Исломни қабул этишлари билан Қуръони каримни қироат қилишда қатъий бир қоидаларни белгилаб, ёзиб қўйишга эҳтиёж туғилди. Ушбу мақсадда кейинги асрларда олдин Ҳазрат Усмон Мусҳафида ва араб тили имлосида бўлмаган нуқталар ва ҳаракатлар жорий этилди. Сўнг тажвид қоидалари ишлаб чиқилиб, Қуръони каримни тиловат қилувчи ҳар бир киши шу қоидаларга амал қилиши белгилаб қўйилди.

Саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуръони Карим етти ҳарфда нозил бўлганини очиқ-ойдин айтганлар:

عَنِ ابْنَ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «أَقْرَأَنِي جِبْرِيلُ عَلَى حَرْفٍ، فَرَاجَعْتُهُ فَلَمْ أَزَلْ أَسْتَزِيدُهُ وَيَزِيدُنِي حَتَّى انْتَهَى إِلَى سَبْعَةِ أَحْرُفٍ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Унга мурожаат қилиб, зиёда этишини сўрайвердим, ниҳоят етти ҳарфга етди», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши уни муяссар бўлганича, қироати турли кишиларга осон ва қулай бўлиши учун жорий қилинган. Агар бир ҳарфдагина қироат қилиш мажбурий бўлганида, одамлар Қуръони Каримни қироат қилишда қийналиб қолишлари мумкин эди. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шуъбаси раҳбари
Расулов Ҳасан

[1] Исро, 9.

[2] Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

[3] Шайх Абдулазиз Мансур Қуръон карим маънолари таржимаси.Сод сураси . 29-оят

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …