Home / МАҚОЛАЛАР / ШАМОИЛУН НАБАВИЙНИНГ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ(2-қисм)

ШАМОИЛУН НАБАВИЙНИНГ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ(2-қисм)

Шу боисдан ҳам дин илмини тақводор устозни танлаб, таниб, ундан сўнг ўрганмоғи лозим. Шунда ҳозиргидек билиб-билмасдан ҳар-хил оқимларга эргашишлар бўлмайди.

Асар колофони 102а варақда жойлашган бўлиб, унда асар 1164/1751 йилда кўчирилгани ҳақидаги маълумот келтирилган:

   تمت كتابته ونقص قرأته فى الامبول       تمت كتابته وتصحيحه 1164[1].

“Мактабатул Жомиъил Ислом”  кутубхонасида №3280 рақам остида сақланаётган қўлёзма 93 варақдан иборат. Асар хаттот Саййид Дарвиш Абдураҳим Диёрбакрий томонидан насх хатида кўчирилган бўлиб, пойгирлари келтирилган. Барча варақларидаги сатрлар рамка ичига олинган бўлиб, 13 қаторни ташкил этади. Асарнинг 28а-б ва 93а варақларига бир турдаги муҳр ва 5б варақда ўртаси араб хатида, чети лотин хатида ёзилган замонавий муҳр (печат) қўйилган. Муҳрлар жуда хира бўлгани учун уларни ўқиш мушкул.  

Асар 1б варақдан басмала билан бошланган. Ундан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбар алайҳиссаломга саловат, муаллиф ва биринчи боб номи келтирилган.

 الحمد لله وسلام على عباده الذين اصطفى قال الشيخ الحافظ ابو عيسى محمد بن عيسى بن سورة الترمذى رحمه لله باب ما جاءَ فى خلق رسول الله صلى عليه وسلم

Асар охири 93а варақда қуйидагича тугаган:

فاردنا ايصال كلام مهم للّا يحصل لبعض الناس تردّد فى هذالامر وتعثربه شبهة فيض والله يهدی مایشأ الى صراط مستقیم.

Асар колофони 93а варақда жойлашган бўлиб, хаттот номи Сайд Дарвиш Абдураҳим Диёрбакрий эканлиги келтирилиб ўтилган.

صرده عبده الفقيرالحقير المحتاج الى رحمة ربّه القدير السيد درويش عبدالرحيم دياربكری[2].

Франция миллий кутубхонасида №5971 рақам остида сақланаётган қўлёзма ҳам тўлиқ бўлиб, 29 варақдан иборат. Асар сатрлари 29 қаторни ташкил этиб, улар рангли рамка ичига олинган. Асарнинг пойгири ва 1б варағида зарҳал унвони бор. Асар мазкур варақдан басмала билан бошланиб, юқоридаги нусхалар каби Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбар алайҳиссаломга саловат келтириб, ундан сўнг асар муаллифи ва биринчи боб номини келтирган ҳолда давом этиб кетган.

         الحمد لله وسلام على عباده الذين اصطفى قال الشيخ الحافظ ابو عيسى محمد بن عيسى بن سورة الترمذى رحمه لله باب ما جاءَ فى خلق رسول الله صلى عليه وسلم[3].

Бу нусха ҳам насх хатида кўчирилган. Унинг матнидаги фақат  “ҳаддасана” сўзи баъзи ўринларда қизил сиёҳда ёзилган.

Асар охири 29а варақда Ибн Сиррийн раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадис диндир, динларингизни кимдан олаётганингизга қаранг” деди, ривояти билан тугаган.

حدثنا محمد بن على ثنا النضر قال انا ابن عوف عن ابن سيرين قال هذا الحديث دين فانظروا عمن تأخذون دينكم .    

Асар колофони 29а варақда бўлиб, унда қуйидаги сўзлар ёзилган.

          تم بعون الله و توفيقه .

Асар муқоваси ва таякси қора чармдан бўлиб, муқова четига оқ рангли рамка чизилган.

Америка Қўшма Штатлари Мичиган университети кутубхонасида №211 рақамлар остида сақланаётган қўлёзма ҳам тўлиқ бўлиб, 79 варақдан иборат. Мазкур нусха Абу Сано Ҳаммод ибн Ҳибатуллоҳ ибн Ҳаммод ибн Фузайл Ҳароний ривояти асосида ёзилган[4]. Асар насх хатида кўчирилган. Матн сатрлари 13 қаторни ташкил этади. Асарнинг пойгирлари ва 2б варағида кўк ва зарҳал рангли унвони бор. Қоғозлари сариқ рангли. Бу нусхада фақат “боб” ва “ҳаддасана” сўзлари қизил сиёҳда ёзилган. Асарнинг 48б, 49б, 72а-76б варақларидаги матннинг ҳаракат – эъроби қўйилган. Унинг 50а, 54а, 57а, 62а, 79б варақларида муҳрлар бўлиб, барчаси хира бўлгани учун уларни ўқиб бўлмайди.

Мазкур асар ҳам 1б варақдан басмала билан бошланган. Ундан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбар алайҳиссаломга саловат ва ровилар силсиласи келтирилган.

الحمد لله رب العالمين و الصلوة والسلام على سيدا محمد وآله وصحبہ اجمعین اخبرنا الشيخ الفقيہ الامام العالم رضی الدین ابوالثناء حمّاد بن هبة الله بن حماد بن الفُضيل الفيضلى الحراني  …قال اخبرنا ابوعيسی محمد بن عيسى بن سورة الترمذی الحافظ قال باب صفة رسول الله صلّى الله عليه و سلّم.

Мазкур нусханинг бошқаларидан фарқли жиҳати шундаки, асар бошида Имом Термизийдан то Абу Сано Ҳаммод ибн Ҳибатуллоҳ ибн Ҳаммод ибн Фузайл Ҳаронийгача бўлган ровийлар силсиласи келтирилган. Алоҳида эътиборга молик томони, бу нусханинг ровийси Ҳаммод ибн Ҳибатуллоҳ Ҳаронийга устозларидан икки йўл билан етиб келган. Биринчи йўл устози Абу Шужоъ Умар ибн Абулҳасан Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Наср Бастомийдан ижоза олиш орқали бўлса, иккинчи йўл устози Абулмаҳосин Масъуд ибн Муҳаммад ибн Ғоним Ғонимийга Ҳавот, деган жойда ўқиб бериш орқали етиб келган. Ҳар икки йўналишда ҳам Имом Термизийдан Абу Сано Ҳаммод ибн Ҳибатуллоҳ ибн Ҳаммод ибн Фузайл Ҳаронийгача бўлган санади олтита ровийни ташкил этади. Бу эса мазкур нусха ишончли ровийлар орқали, узлуксиз санад билан етиб келганига ҳужжат бўлиб, шубҳаларга ўрин қолдирмайди.

Асарнинг охири 79б варағида олдинги нусхалар каби Ибн Сиррийн раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадис диндир, динингизни кимдан олаётганингизга қаранг” деди, деган қуйидаги ривоят билан тугаган.

 حدثنا محمد بن على اخبرنا النضر اخبرنى ابن عوف عن ابن سيرين قال هذا الحديث دين فانظروا عمن تأخذوا دينكم.

Асар муқоваси ва таякси тўқ малла рангли чармдан, чети ва ўртасида зарҳал рангли нақшлари бор.

Мазкур нусхалар турли замонларда, ҳар хил жойларда, бошқа-бошқа хаттотлар томонидан кўчирилгани боис уларнинг ёзилиши ва ҳажми  бир-биридан фарқ қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Термизийнинг “Шамоилун набавий” асари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шамойилларини ўрганишда, ёшларнинг имонли, эътиқодли бўлиб улғайишида ва уларни ватанпарварлик руҳиятида тарбиялашда катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Асарнинг нусхалари эса мазкур асарни ўрганишда таҳқиқ, тадқиқ ва таҳлил этишда тадқиқотчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 [1] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. Қўлёзма – Саудия Арабистони, “Жомиъул Маликис Сауд” кутубхонаси. №277. 102а варақ.
[2] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. Қўлёзма – Саудия Арабистони, “Мактабатул Жомиъил Ислом”  кутубхонаси. №3280. 93а варақ.
[3] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. Қўлёзма – Франция миллий кутубхонаси. №5971. 1б варақ.
[4] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. Қўлёзма – Америка Қўшма Штатлари, Мичиган университети кутубхонаси. №211. 1б варақ
Йўлдошхон Исаев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …