Home / МАҚОЛАЛАР / Табиатни асраш бугунги кун муаммоси!

Табиатни асраш бугунги кун муаммоси!

Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга ақл-идрок бахш этган. Ақлли хушёр инсонлар зиммасига атроф-муҳитни тоза ва покиза сақлаш, ҳамда табиатни муҳофаза этишдек катта масъулятни юклаган. Бу шарафли ишни инсон азалдан баҳоли қудрат адо этиб келади.

Биринчи президентимизнинг “Ўзбекистон буюк келажак сари” номли асарида шундай сатрлар бор: “Экологик хавфсизлик муаммоси аллақачонлар миллий ва минтақавий доирадан чиқиб бутун инсониятнинг умумий муаммосига айланган. Табиат ва инсон ўзаро муайян қонуниятлар асосида муносабатда бўлади. Бу қонуниятларни бузиш ўнглаб бўлмас экологик фалокатларга олиб келади”.

Ислом дини бирон бир давлат, миллат ёки муайян гуруҳларга мансуб бўлмай, унинг ҳаётбахш таълимоти, аввало инсонни азиз мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Унинг маънавий камолатига ва ҳаётий манфаатларига хизмат қилади.

Тарихдан маълумки, Ўрта Осиё ҳудудида аҳоли азалдан водийларда, катта сув манбалари – дарё ва анҳорлар бўйида яшаб келади. Атрофи чўл ва саҳролар билан ўралган, табиати, иқлими ғоят мураккаб миллатларнинг минг йиллар давомида бир-бирига мослашиб яқин елкадош бўлиб, бир-бирининг оғирини енгил қилиб яшашини тақозо этиб келади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб лаънатга қолишдан қўрқинглар” – деганлар. (Абу Довуд ривояти).

Ҳеч бир ориятли инсон ҳадисда зикр қилинган ишларни қилишга ботинмайди, аксинча бундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб бундай қилиш ярамас иш эканлигини тушунтиради.

Инсон Аллоҳ таоло яратган барча жонзодларнинг энг шарафли, азиз ва мукаррами бўлиши билан бирга зиммасида муҳим вазифалари кўп бўлган зотдир.

Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейилган:

“Дарҳақиқат, Биз одам болаларини азизу мукаррам қилиб, уларни қуруқлик ва денгизда юрадиган қилиб қўйдик ҳамда ҳалол – пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Уларни ўзимиз яратган жуда кўп жонзодлардан афзал –устун қилиб қўйдик”.

Парвардигор инсонларнинг муътадил ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун лозим бўлган моддий бойликларни яратиб қўйган. Она-табиатни муҳофаза этиш ислом динининг таълимотларидан бири. Динимиз яшаб турган жойларимизнинг озода бўлиши, ичимлик сувимизни беғубор бўлишига, ўзимизни эса покиза юришимизга буюради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар:

“Аллоҳ таоло барча нуқсонлардан муназзаҳ ва бенуқсон нарсаларни дўст тутади. Унинг ўзи пок ва покизаликни ҳуш кўради. Унинг карами кенг, саҳовати чексиз, саҳоватли бандаларни дўст тутар. Шунинг учун ҳам, Эй умматларим, хонадонингиз ва унинг атрофларини озода ва саришта тутинглар!” десалар яна бошқа ҳадисда эса:

“Назофат – чин иймон аломатлардандир” деб айтганлар.

Демак, табиатга оид ҳар бир нарсани, яъни диёримиздаги ўсимлик, қушлар ва ҳайвонот оламини асрар эканмиз, улар келажак авлодларимизга биздан мерос бўлиб қолишини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз даркор.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …