Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов Туркия сафари давомида Денизли шаҳридаги Памуккале университетига ташриф буюрди.
1992 йилда асос солинган Памукалле университети мамлакатнинг йирик давлат олий ўқув юртларидан бири бўлиб, унда ҳар йили 34 мингга яқин талабага 2000 нафардан зиёд олий тоифали ўқитувчилар таълим беради. Ҳозирда университет Туркия университетлари орасида ТОП-20 мутлақ етакчилар қаторига киради. Шунингдек, университет жаҳон даражасидаги энг яхшиларнинг ТОП-5 фоизига киритилган.
Мамлакатимизнинг Туркия сафаридаги делегация аъзоси Ш.Зиёдов ташриф аввалида мазкур университет ректори доктор Аҳмад Қутлихон билан учрашди. Учрашувда ҳар икки илм даргоҳларининг юксак илмий салоҳияти юқори баҳоланиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Конструктив мулоқотдан сўнг меҳмон Ўзбекистон номидан университетга эсдалик совғаларини тақдим этди.
Ташриф мазкур университетнинг Ислом илмлари институтида давом этди. Институтда ўзаро ҳамкорликнинг йўналишлари, истиқболлари ва амалга ошириш механизмлари келишиб олинди.