Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг ўзбек тилига таржима қилинган 30-жузи Фарғона вилоятида тақдим қилинди.
Асар тақдимотига бағишланган тадбирда марказ олимлари, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тақдимот очилишида вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Хатамов ва вилоят бош имом хатиби У.Абдуллаевлар сўзга чиқишиб, давлатимиз раҳбари бошчилигида сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада кенг миқёсда олиб борилаётган туб ислоҳотлар замирида буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий мероси, шу жумладан, уларнинг ислом илми ривожига қўшган бебаҳо асарларининг илмий-маънавий қийматини кенг тарғиб этишга қаратилаётган эътибор бугунги кунда юксак қадр топаётганини эътироф этишди ва бунинг ёрқин самараси сифатида амалга оширилаётган илмий изланишлар кўламини кенгайтиришга имкон яратилаётганини таъкидлашди.
Тадбирда асосий маърузачилар Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини ўзбек тилига таржима қилиш жараёнларининг бориши, ушбу илмий-тадқиқотнинг юртимизда тафсир ва калом илми бўйича тарихий асл манбаларга таянган ҳолда қилинган илк ислом илоҳиётига оид янгилик сифатидаги аҳамияти ҳамда асарнинг динни соф сақлаш нуқтаи-назаридан тарихий қиймати хусусида тўхталдилар.
Тақдимотда сўзга чиққанлар ўз муаллифига катта шон-шуҳрат келтириш билан бирга бутун мусулмон олами ва ислом дунёси учун баъзи адашган ақидавий фирқаларнинг Қуръон маъноларини бузиб талқин қилишдек ботил таржималарига раддия ўлароқ ишончли манбалиги билан ҳам қимматли экани эътироф этилган мазкур асарнинг ўзбек тилидаги талқини иймони бутун, эътиқоди мустаҳкам халқимиз учун манфаатли бўлиб, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдиришди.