Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ДИНИ ВА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДА УСТОЗЛАРГА МУНОСАБАТ

ИСЛОМ ДИНИ ВА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДА УСТОЗЛАРГА МУНОСАБАТ

Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.”[1]  Шавкат Мирзиёев

Дарҳақиқат, устоз-мураббийлар жамият эртанги кунининг бунёдкорларидир. Эл-юртнинг моддий ва маънавий тараққиёти устозларнинг меҳнати ва жамиятнинг уларга нисбатан нечоғлик қадрлашига  бевосита боғлиқдир.

Динимизда устоз-муаллимларнинг ўрни юқори баҳоланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда қуйидагича марҳамат қиладилар: “Ердаги ва осмондаги барча нарсалар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам инсонларга яхшиликни ўргатувчи муаллим ҳаққига истиғфор айтади”. Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги фаришталар унинг ҳаққига мағфират сўраб турган кишининг мартабасидан зиёда мартаба борми?!

Мўътабар китобларимизда, жумладан, Қуръони каримда шогирднинг устозга муомаласи, одоблари қай тарзда бўлмоғи гўзал тарзда баён қилинган. Аллоҳ таоло каломи шарифида бу умматга устозга қандай муомала қилиш кераклигини Мусо алайҳиссалом тилидан таълим бериб бундай дейди:

 وَإِذْ قَالَ مُوسَى لِفَتَاهُ لَا أَبْرَحُ حَتَّى أَبْلُغَ مَجْمَعَ الْبَحْرَيْنِ أَوْ أَمْضِيَ حُقُبًا

“Мусо ўз шеригига (шогирди Ювшаъ ибн Нунга): “То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ муддат кезмагунча уни ахтаришдан тўхтамайман”, деган пайтини эсланг.”[2]

Айрим уламолар ушбу оятдаги { حُقُبًا ҳуқубан} сўзини “бир замон”, яъни саксон йил, деб тафсир қилган. Оят замирида ишора қилинган энг муҳим ва алоҳида эътиборга молик маъно илм талабидаги инсон ўзи таълим олишни истаган олим кишини унга ҳурмат юзасидан бир умр қидиришга тайёр бўлиши кераклигидир. 

Шунингдек, Аллоҳ таоло устоз ва шогирд ўртасидаги суҳбатда устозга қандай муомала қилишини ҳам Мусо алайҳиссалом тилида қуйидагича баён қилади:

قَالَ لَهُ مُوسَى هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْدًا

Мусо унга: “Сизга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?”  деди.[3]

  Мусо алайҳиссалом ўзига берилган пайғамбарликка, алоҳида шариат илми соҳиби, алоҳида даражага эга бўлишига қарамасдан илми ладуний ато этилган Хизр алайҳиссаломга тавозе ила айтган сўзларига, устозга қилаётган муомаласига эътибор қилинг. Ушбу оятга мувофиқ биз ҳам устозларга ана шундай тавозе ила муомалада бўлишимиз, уларни қадрлашимиз лозим.

Шунингдек, халқимизда “Устоз – отангдек улуғ” деган нақл бор. Зеро, фарзанднинг комил инсон бўлиб вояга етишида ота-онасининг тарбияси нечоғлик аҳамиятли бўлган бўлса, унга таълим бериб, ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳтарам устозларнинг хизматлари ҳам шунчалик беқиёсдир. Устозлар ота-оналаримиз каби бизнинг ўсиб камолга етмоғимиз учун бутун умрини, бор билим ва тафаккурини бахшида этган зотлардир.

Шу сабабли бизда фарзандни устозга шогирдликка бериш чоғида “Эти сизники, суяги бизники” деб айтилган.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий устознинг мақоми ва мартабаси ҳақида бундай дейди:

Агар шогирд шайхул ислом, агар қозидур,

Агар устоз андин розидур Тангри розидур!

Демак, киши инсон боласи эгаллаши мумкин бўлган даража ва мансабларнинг энг олийсига етса ҳам, агар устоз ундан рози бўлмаса, Аллоҳ ҳам рози бўлмас экан.  Устозни норизо қилиб, унинг назаридан қолган шогирд ҳаётда ўз ўрнини топиши жуда мушкулдир.

Ривоятларда келтирилишича, бир куни халифа Маъмун ўғлини бир устозга шогирдликка берибди. Халифа ўғлини таълим олишидан хабар олгани борса, тахтининг вориси, куни келиб бутун мамлакатини бошқарадиган  шаҳзода таҳорат олаётган устозининг оёғига сув қуйиб турганини кўрибди. Бундан жаҳли чиқиб устозга: “Эй Устоз! Биз ўғлимизни сизга шунинг учун берганмидик!? Бундан сўнг ўғлимизга айтингизки,  сиз таҳорат қилаётганингизда бир қўли сув қуйиб, иккинчи қўли билан оёғингизни ювсин!” деган экан. Дарҳақиқат, бизнинг урф-одатларимизга кўра, одатда фарзандни устозга нафақат илм олиш, балки шу билан бир қаторда одоб ўрганиш учун ҳам берилган ва шу тариқа устоз-мураббий мавқеи улуғ даражага кўтарилган. 

Шундай экан, устоз ва мураббийларни орқа-олдида доим ҳурмату эҳтиромда тутиш, кўрганда салом бериб ҳол сўраш, хизмати бўлса, бажариб дуоларини олиш ва ҳақларига дуо қилиш, ҳузурида беодоблик қилиб қўйишдан сақланиш барчамизнинг  инсонийлик бурчимиздир.

Мамлакатимизда ҳам ҳар йили 1 октябрь санаси “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” сифатида умумхалқ байрами тарзида ўтиши азиз ва меҳридарё устоз ва мураббийларимизга халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир. Яратгандан барча устоз муаллимларимизга илм-маърифат ёйиш ва зиё таратиш йўлида олиб бораётган ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

[1] Ш. Мирзиёев. Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига.
[2] Каҳф сураси, 60-оят.
Уламолар ушбу оятнинг шарҳи ҳақида бундай дейди:  Мусо алайҳиссалом бир куни ўз қавми ҳузурида таъсирли ваъз ўқийди. Шунда бир киши ундан: “Ҳаммадан олимроқ киши ким?” деб сўраганда, у: “Мен”, деб жавоб қилади. Бу Аллоҳга хуш келмайди ва унга “Сендан кўра олимроқ киши бор”, дейди. Мусо алайҳиссалом: “Уни қаердан топурман?” деганида, “Бир балиқни саватчага солиб, денгиз бўйидан юриб борасан. Балиқ йўқолган жойда уни топасан”, дейди. Балиқни саватчага солиб, уни шогирди Ювшаъ ибн Нун қўлига бериб, йўлга равона бўлади. “Айнул ҳаёт” деган жойда ухлашганда, балиқ денгизга тушиб, ғойиб бўлади. Бу Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссаломни учратиш жойи эканлигига ишора эди.
[3] Каҳф сураси, 66-оят.
Нодир Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …