Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркиядаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири – Анқара Йилдирим Боязид университети ректори, профессор Иброҳим Айдинли 18 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Меҳмон дастлаб Марказ музейи, унда сақланаётган экспонатлар ва нодир қўлёзмалар билан танишди.
Ташриф доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Анқара Йилдирим Боязид университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ташриф чоғида бўлиб ўтган қисқа мулоқот чоғида томонлар икки илм даргоҳи ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг фаоллашиши Ўзбекистон билан Туркия ўртасида ривожланаётган муносабатлар замирида юзага келаётганини, аждодлар бебаҳо илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилишда ҳамжиҳатликда иш юритиш бу мақсадларга биргаликда эришиш йўлидаги энг долзарб вазифалардан экани алоҳида таъкидланди.
Иброҳим Айдинли ўзи раҳбарлик қилаётган университетдаги ислом илмлари ва ҳуқуқшунослик факультетлари ҳузуридаги ислом ҳуқуқи кафедралари имкониятларидан тўла фойдаланган ҳолда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликни кенгайтириш улуғ алломаларнинг дунё аҳамиятига молик асарлари туб моҳиятини очиб, уларнинг ҳали ўрганилмаган қирраларини юзага чиқаришга муносиб замин ҳозирлашига ишонч билдирди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов ушбу муассаса тадқиқотчилари малакасини оширишда Анқара Йилдирим Боязид университети кўрсатаётган амалий ёрдам учун миннатдорлик билдириб, ўзаро мустаҳкамаланаётган ҳамкорлик алоқалари истиқболда икки томон учун ҳам манфаатли тарзда янада ривожланиши учун барча асослар етарли эканини, бугун имзоланган меморандум бунинг ёрқин тасдиғи бўлганини таъкидлади.
Ташриф ниҳоясида меҳмонга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган адабиётлар тақдим этилди.
Меҳмон самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор қилди.
Анқара Йилдирим Боязид университети ректори, профессор Иброҳим Айдинли мамлакатимиз бўйлаб ташрифини давом эттирмоқда.