Юртимизда энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда халқимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуси тобора юксалмоқда. Токио — 2020 ёзги Олимпиада ўйинларида спортчиларимиз қўлга киритган ютуқлар Она Ватанимиз истиқлолининг 30 йиллигига муносиб совға сифатида барчамизга чексиз қувонч улашди. Зеро, икки юзга яқин давлат вакиллари иштирок этган нуфузли спорт мусобақасида мамлакатимиз байроғи бир неча бор кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янграганда бутун дунё аҳли халқимизга ўз ҳурматини бажо келтиргани шарафлидир.
Уч кун олдин ушбу нуфузли спорт мусобақасининг узвий давоми сифатида Токио — 2020-ёзги Паралимпия ўйинлари ҳам якунига етди. Қувонарлиси, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган матонатли спортчиларимиз дунё аҳли кўз ўнгида юқори натижани намойиш этди. Улар матонат баҳсларида 8 та олтин, 5 та кумуш, 6 та бронза медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 162 давлат спортчилари ўртасида 16-ўринни эгаллади. Бу шукуҳ ҳар бир ватандошимиз қалбида ифтихор туйғусини уйғотиши табиий.
Бинобарин, ушбу натижа билан Ўзбекистон терма жамоаси Осиё мамлакатлари ва МДҲ давлатлари бўйича 4-ўрин ҳамда Марказий Осиё давлатлари ичида 1-ўринни эгаллади. Биламизки, Паралимпия ўйинлари — ногиронлиги бор ва жисмоний имконияти чекланган спортчиларнинг энг йирик халқаро спорт анжумани ҳисобланади. Шу боис, ҳам кунчиқар юртда ўтказилган ХВИ ёзги Паралимпия ўйинларида ҳар бир спортчининг чиқишини нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё аҳли катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди. Мазкур беллашувларда Ўзбекистон жамоаси таркибида 48 нафар спортчимиз спортнинг 8 турида иштирок этди. Вакилларимиз мусобақаларнинг дастлабки кунлариданоқ ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, юксак натижаларни қайд этди.
Янги Ўзбекистонда ҳеч ким ҳеч қачон эътибордан четда эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тантаналарида Токиода ўтаётган спорт ўйинларида қатнашаётган йигит-қизларимизни олқишлаб ўтгани эътиборга молик. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Бугунги кунда янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар ёшларимиз жаҳон майдонларида турли соҳа ва йўналишларда юксак марраларни эгалламоқда.
Мана, яқинда Японияда бўлиб ўтган ХХХИИ ёзги Олимпия ўйинларида моҳир спортчиларимиз ғолиб ва совриндор бўлиб, барчамизни қувонтирдилар. Айни кунларда Токиода ёзги Паралимпия ўйинлари қизғин давом этмоқда. Унда иштирок этаётган Ўзбекистон жамоаси аъзолари бугунги кунга қадар 5 та олтин, 4 та кумуш, 6 та бронза медалларини қўлга киритиб, ўзларининг тенгсиз матонатини намоён этмоқдалар.
Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган мана шу жасоратли ўғилқизларимизга янги муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз”.
Албатта, мазкур байрам тадбиридаги халқимизнинг олқиши спортчиларимиз кучига янада куч, шижоатига шижоат қўшган бўлса, ажаб эмас. Дунёда имконияти чекланган бўлишига қарамай, турли соҳаларда улкан чўққиларни забт этган инсонлар кам эмас. Юртимизда ҳам мана шундай инсонлар учун қулай шарт-шароитлар, бепул ва сифатли таълим олиш учун кенг имкониятлар яратилган. Шу маънода, Паралимпия ўйинларида иштирок этаётган ҳар бир спортчимиз яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳақиқий маънода ҚАҲРАМОН бўлди! Улар ўз жисмоний ва руҳий имкониятларини эзгуликка, соғлом турмуш тарзига бағишлаб, пировардида, Ватан шарафини юксакка кўтаришди.
Бу билан тўрт мучаси соғ бўла туриб, жамият, халққа нафи тегмайдиган, юрти учун ёниб-куймайдиган айрим инсонларга ўрнак бўлди. Улар барча машаққатларга сабр қилди. Бунинг ажрини олмоқда ҳам. Дунё аҳли, хусусан, халқимиз эҳтироми, Президентимиз эътирофи орқали!
Атоқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асарида “Инсон ҳар бир ишни сабр ва матонат ила юрутса, мақсудига тинч ва роҳатда боруб етар”, деб ёзади. Дарҳақиқат, инсон бошига тушган мусибатларга бардош бериши керак. Орзу қилган олий мақомларга етиш йўлида сабрли бўлиши лозим. Зеро, ҳаёт сўқмоқларида дуч келинадиган турли синовлар ва машаққатлар фақат сабр ва матонат олдида енгилади.
Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримнинг “Зумар” сураси 10-оятида “Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилади”, деб марҳамат қилади. “Наҳл” сурасининг 96-оятида эса шундай дейди: “Албатта, биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр билан мукофотлаймиз”.
Шак-шубҳа йўқки, Паралимпия ўйинларида иштирок этган ҳар бир йигит-қиз ҳақиқий матонат ва жасорат соҳибларидир. Тақдирнинг ишларини қарангки, ҳаёт давомида матонат ва ирода синовидан бот-бот ўтадиган йигит-қизларимиз беллашувларга киришмасданоқ яна кутилмаган синовлардан ўтишларига ҳам тўғри келди. Беш нафар спортчимизда коронавирус инфекцияси аниқлангани учун баҳсларда қатнашиш имкониятига эга бўлмабди. Олти нафар пара атлетимиз соғлиғидаги муаммолар мусобақалар олдидан янада кучайгани сабабли курашни эрта тўхтатишга мажбур бўлишди. Аммо ҳар неки бўлганда ҳам, жасоратли ўғил-қизларимиз биз учун қаҳрамон! Намуна бўлгулик қаҳрамон!
Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаб берган янги Ўзбекистоннинг барча жабҳаларида ривожланиш ва ўзгаришлар бўй кўрсатмоқда. Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, ногиронлиги бор ва жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг ҳам билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиши ва интилишига кўра, касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 18-май санасида “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди. Бунинг натижасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш ҳамда улар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар қамровини янада ошириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимлари босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Иқтидорли, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишини таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизими жорий этилмоқда.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 25-июнида “2021-йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХИИ ёзги олимпия ва ХВИ паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегасиясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг имзоланиши айни муддао бўлди.
Юртимиз спортчиларининг ҳар томонлама тайёргарлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатларини янада ривожлантириш кўзда тутилди.
Қувонарлиси, мазкур ислоҳотлар натижасида Токио майдонларида қўлга киритилган ютуқлар барчамизни беҳад қувонтирди. Аёллар ўртасида пара-енгил атлетиканинг найза улоқтириш турида Ф13 классида Нозимахон Қаюмова 42.59 метр натижа билан чемпион бўлди. Аҳамиятлиси, Нозимахон Қаюмова Рио паралимпиадасида ҳам жамоа ҳисобига олтин медални ёзиб қўйган эди. Шунингдек, пара-дзюдо бўйича 100 килограмм вазн тоифасида қатнашган Шариф Халилов икки карра Паралимпия ўйинлари совриндорига айланганини эътироф этиш жоиз.
Метин иродали фарзандимиз Феруз Сайидов Паралимпия ўйинлари ғолибига айлангани шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилганида Ферузбекка қўшилиб қувончдан йиғладик. Ўша он мана шундай ўғлонни камолга етказган юрт вакили сифатида фахр ва ифтихор туйғусини, худди ўзимиз чемпион бўлгандек ҳисни туйдик.
Албатта, мазкур муваффақиятларнинг замирида имконияти чекланган бўлишига қарамай ўзида куч ва матонат тўплаб, ҳаётда ўз номим ва изимни қолдираман, деб астойдил ният қилган, бу йўлдаги барча қийинчиликлар ва машаққатларни енгиб ўтган спортчи йигит-қизларнинг заҳматли меҳнати ётибди. Аммо бу ютуқларга уларнинг оғир кунида ҳамроҳ бўлган, қўлидан тутган, ўз кучига бўлган ишончни уйғотишга ундаган ота-оналари, яқинлари ва устозларининг ҳиссаси борлигини айтишни истардим.
Биргина мисол. Барчамиз аёллар ўртасида узунликка сакраш бўйича баҳсларда иштирок этган Асила Мирзаёрованинг медал учун сўнгги имкониятини ҳаяжон билан кузатдик. Шогирди учун кўз ва тиргак бўлган мураббий Сардор Абдухолиқов ҳақиқий устоз меҳри ва шижоатини намоён этди. У чин мураббий қандай бўлишига намуна.
Мухтасар айтганда, сабр ва матонат тимсолларига айланган, имконияти чекланган бўлса-да, ўзида куч ва ирода топиб, спортимиз ривожи учун муносиб ҳисса қўшган ва қўшаётган йигит-қизларимизни ҳар қанча эътироф этсак арзийди.
Музаффар КОМИЛОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2021-йил 8-сентябрь, 179-сон