Бугун 13 август куни ZOOM дастури орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов, Малайзия миллий университети проректори Моҳд Эхван Хожи Ториман, мазкур университет қошидаги Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шам, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ва илмий ходимлари иштирок этди.
Маросимни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов очиб берди. У нутқида мазкур икки илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг такомиллашиб бориши икки давлат ўртасида ривожланаётган дипломатик алоқалар замирида юзага келаётганини ҳамда аждодларнинг буюк илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилишда ҳамжиҳат фаолиятга эҳтиёж мавжудлигини алоҳида таъкидлади. Нотиқ шунингдек, мустаҳкамланаётган ҳамкорлик ришталари алломаларнинг дунё аҳамиятига молик асарлари туб моҳиятини очиб, уларнинг ҳали ўрганилмаган қирраларини намоён этишга муносиб замин ҳозирлашига ишонч билдирди.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар имзоланаётган меморандум томонлараро тажриба алмашиш, ўзаро электрон китоблар ва қўлёзмалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма онлайн семинар, вебинар ва конференциялар ўтказиш, олимлар ҳаёти ва илмий меросига оид асарлар каталогини яратиш ва нашр этиш, қўшма илмий-техник тадқиқотлар ўтказиш ва шу каби бошқа муҳим тадбирларни амалга оширишда мустаҳкам асос вазифасини ўташига умид билдиришди.
Дарҳақиқат, Малайзиянинг юксак илмий салоҳиятга эга мазкур илм муассасаси билан ҳамкорлик тобора кенг қулоч ёйиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистондаги Ислом цивизилацияси маркази ва Малайзиянинг ислом цивилизацияси институти билан видеоконференция шаклида ўтказилган мулоқот ва унда фаолиятга доир эришилган бир қатор келишувлар ҳамкорликни янги босқичига олиб чиқди.
Ўзаро ҳамфикр фаолиятнинг дебочаси сифатида бир қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилди. Жорий йилнинг 8-9 апрель кунлари “Ислом цивилизациясининг буюк алломалари” мавзусида ўтказилган онлайн семинар, 31 май куни Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, ислом динининг бой ва тарихий қадриятларини очиб бериш мақсадида ислом оламининг буюк олими Имом Бухорий ҳадисларидан илҳомланган ижод аҳлининг ислом санъатига оид онлайн ўтказилган “Бухорий: Ислом санъати кўргазмаси” шулар жумласидандир.
Маросим доирасида бўлиб ўтган конструктив мулоқотдан сўнг, ўзаро ҳамкорликка оид икки томонлама англашув меморандуми имзоланди. Ушбу билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг хориждаги ҳамкорлари сони 30 тага етди.