Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамкорлигида 2021 йил 11-18 август кунлари «Мотуридийлик ва ҳозирги замон» мавзуида туркум халқаро илмий семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Анжуман ва давра суҳбатларида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, ИМХИТМ Бош илмий ходими, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ўз маърузалари билан иштирок этади.
Икки томонлама ҳамкорлик доирасида 11 август куни Марказга доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ташриф буюрди. Директор ўринбосари О.Муҳаммадиев меҳмонни Марказ фаолияти билан таништирди. Аҳмад Саъд Ўзбекистон ҳукумати томонидан алломаларимиз илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга юксак эътибор кўрсатилаётганини мамнуният билан таъкидлади. Доктор Даманҳурийда Марказ кутубхонасига Миср Араб Республикаси ва Туркиядан олиб келинган нодир асарлар катта таъассурот қолдирди. Олим келажакда бундай илмий-тадқиқот марказларида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва бошқа юзлаб алломаларнинг асарлари ўрганилиб, кенг жамоатчиликка етказилишига ишонишини билдирди.
Семинарларда Марказ илмий ходимлари ва бошқа тадқиқотчи исломшунос олимлар иштирокида “Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси”, “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Тавҳид” асарлари ҳақида маърузалар қилинади, давра суҳбатлари ўтказилади.
Самарқандга ташриф асносида меҳмоннинг бу қадим шаҳардаги тарихий обидаларга зиёрати ҳамда Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш жараёни билан танишуви кўзда тутилган.