Home / МАҚОЛАЛАР / Айюб алайҳиссалом қиссаси

Айюб алайҳиссалом қиссаси

Аллоҳ таоло мураккаб бир даврда Бани Исроилга Айюб алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У зот Айюб ибн Амвос ибн Зориҳ ибн ал-Ийс ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. Айюб алайҳиссалом Исҳоқ алайҳиссаломнинг авлодларидан бўлиб,.у зотнинг мол-мулклари, аҳли кўп эди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломдан уларнинг барчасини олиб қўйиб, бошларига турли мусибатларни солди ва дард бериб синади. Аюб алайҳиссаломдан барча юз ўгиради, фақатгина аёллари ҳар қандай вазиятда ҳам у зот алайҳиссалом билан бирга бўлади.

Қуръони каримда ҳам, суннати мутоҳҳарада ҳам Айюб алайҳиссаломнинг ўзларига етган мусибатга сабр қилганларидан бошқа ҳаётлари, қавмлари ёки даъватлари ҳақида маълумотлар йўқ. Шунинг учун биз у зотнинг ҳақидаги ояти карималарни ўрганиш ила кифояланамиз.[1]

Қуръони каримда Айюб алайҳиссаломнинг номлари тўрт сурада тўрт марта зикр қилинган. Бу суралар номлари Нисо, Анъом, Анбиё ва Сод сураларидир[2].

إِنَّا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ كَمَا أَوْحَيْنَا إِلَىٰ نُوحٍ وَالنَّبِيِّينَ مِن بَعْدِهِ ۚ وَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَعِيسَىٰ وَأَيُّوبَ وَيُونُسَ وَهَارُونَ وَسُلَيْمَانَ ۚ وَآتَيْنَا دَاوُودَ زَبُورًا

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонларга ваҳий юбордик. Довудга эса, Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).

Аллоҳ ҳамма пайғамбарларга ваҳий қилган якка ягона Зотдир. Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша зот уларнинг қаторида Айюб алайҳиссаломга ҳам ваҳий юбориб, у зотни ҳам Ўзига пайғамбар қилиб олган.

وَوَهَبْنَا لَهُ إِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ ۚ كُلًّا هَدَيْنَا ۚ وَنُوحًا هَدَيْنَا مِن قَبْلُ ۖ وَمِن ذُرِّيَّتِهِ دَاوُودَ وَسُلَيْمَانَ وَأَيُّوبَ وَيُوسُفَ وَمُوسَىٰ وَهَارُونَ ۚ وَكَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ

«Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни ҳам (ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз» (Анъом сураси, 84-оят). Бу оятда ҳам Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломни Ўзининг пайғамбарлари сафида зикр қилмоқда.

وَأَيُّوبَ إِذْ نَادَىٰ رَبَّهُ أَنِّي مَسَّنِيَ الضُّرُّ وَأَنتَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ

«Ва Айюбнинг Ўз Раббисига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлисисан!» деганини эсла» (Анбиё сураси, 83-оят). Аллоҳнинг пайғамбари бўлмиш Айюб алайҳиссаломга имтиҳон бўлди ва зарар етди. Лекин ана шу зарарнинг нима экани Қуръони каримда очиқ айтилмаган.

Айюб алайҳиссалом илтижо қилган пайтларида ҳам одоб ва ахлоққа риоя қилган ҳолатда, ўзларига келган зиён ва зарарнинг нималигини айтмайдилар. Фақат зарар ва зиён келганини билиб, бу зарар Аллоҳдан эканлигини ҳис қилиб, Аллоҳ таоло меҳрибон ва раҳмли Зот эканлигини эслайдилар. «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлисисан”. Яъни, менга нима зарар етган бўлса, уни нималигини Сен биласан, Сен меҳрибон ва раҳмли Зотсан, менга қандай раҳм қилишни Ўзинг яхши биласан, деб Аллоҳ таолога ёрвордилар.

«Бас, Биз уни (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик».

Олимлар Айюб алайҳиссаломга етган оғир ва жирканч касалликлар ҳақида баъзи ривоятларда муболаға бор, пайғамбарлик ҳурматига ва мақомига ҳам тўғри келмайди, дейдилар.

«Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик».  Бундан кўриниб турибдики, Айюб алайҳиссаломга етган зарар ва зиён ичида хотинларидан ҳам ажралган эканлар. Фақат бир аёллари билан қолганлар. Бу балоларга Айюб алайҳиссалом сабр қилганлар. Аллоҳга ёлворганларидан кейин, Аллоҳ таоло у зотга хотинлари ва оилаларини яна қайтариб, кўпайтириб берди. Аллоҳ таоло бу ишларни қилгани беҳикмат эмас. «Буни Ўз раҳматимиз ила ва обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик». Яъни, биз сабрли бўлган бандаларимизни доимо ўз раҳматимизга умидвор бўлишларини билдириш учун ва обидларга ибрат бўлиши учун шундай қилдик. Обид бу ибодат қилувчи банда. Айюб алайҳиссалом обидларнинг энг ихлосли ва машҳурларидан эдилар. Демак, обид бандалар ҳам синов маъносида турли хил балоларга учраб турадилар. Обидлик – бу улуғ даража, чунки унга осонлик билан етиб бўлмайди. Ҳақиқий обидлик улуғ мақомига эришиш учун банда анчагина имтиҳонлардан ва синовлардан ўтиши керак.

وَاذْكُرْ عَبْدَنَا أَيُّوبَ إِذْ نَادَىٰ رَبَّهُ أَنِّي مَسَّنِيَ الشَّيْطَانُ بِنُصْبٍ وَعَذَابٍ

«Бизнинг бандамиз Айюбни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди» (Сод сураси, 41-оят).

Айюб алайҳиссалом жуда кўп машақатлар ва қийинчиликларга дучор бўлганлар. «Ўшанда у Раббисига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди».

Айюб алайҳиссаломнинг машақат ва қийинчиликларга қилган сабрлари бутун дунёда зарбул масал бўлиб кетди. Айюб алайҳиссаломнинг сабри айнан ўша қийинчилик ва машаққатли синовда намоён бўлган.

Айюб алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаси, танлаб олган пайғамбаридир. Бошқа пайғамбарлар сингари, Аллоҳ таоло у зотни ҳам имтиҳон қилган. Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг умматларига ибрат бўлиши учун ўша синов ҳақида хабар келтирилган. Айюб алайҳиссалом бу имтиҳонларни ҳаммасига чиройли сабр қилиб, бирор лаҳзада ҳам Аллоҳдан узилмадилар, Аллоҳга бўлган муҳаббатлари ва тақволари, ишончилари тўхтамади, Аллоҳнинг розилигини излашда собит турдилар.

Аллоҳ таоло у зотнинг бу илтижосига жавоб бериб деди:

ارْكُضْ بِرِجْلِكَ ۖ هَٰذَا مُغْتَسَلٌ بَارِدٌ وَشَرَابٌ

«Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)» (Сод сураси, 42-оят). Яъни, оёғинг билан ерни тепгин, деди. Айюб алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб, оёғи билан ерни тепган эди, урган жойидан сув чиқди. Шунда Аллоҳ таоло: «Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», деди. Демак, шу сувга чўмилган одам шифо топади. Ундан ичилса, ички дардларга даво бўлади. Шундай бўлди ҳам. Уламоларимиз шу жойда ўта нозик бир жиҳатга эътибор берадилар. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга тайёр сувни кўрсатмасдан, «Оёғинг ила ерни тепгин», деди. У зот ерни тепганида, сув чиқди. Бундан Аллоҳ таоло барча нарсани тайёрлаб қўйиб бермайди, балки банданинг ўзида жидду жаҳд ва ҳаракат бўлса, Албатта, Аллоҳ ёрдам беради, деган маъно англашилади. Шунинг учун ҳар бир нарсада, яъни дардга даъво излашда ҳам банда Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолида ўзи ҳаракат қилиши керак.

وَوَهَبْنَا لَهُ أَهْلَهُ وَمِثْلَهُم مَّعَهُمْ رَحْمَةً مِّنَّا وَذِكْرَىٰ لِأُولِي الْأَلْبَابِ

«Ва Биз унга аҳлини ва яна улар билан бирга мислларичани ҳам ҳадя этдик. Бу Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди» (Сод сураси, 43-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Айюб яланғоч ғусл қилаётган эди. Устидан тиллодан бўлган чигирткалар ёға бошлади. Айюб уларни кийимига йиғиб ола бошлади. Шунда Раббиси унга: «Эй Айюб! Мен сени кўриб турган нарсангдан беҳожат қилмабмидим», деди. У: «Иззатинг ила қасамки, шундоқ бўлган. Лекин, мен Сенинг баракангдан беҳожат эмасман», деди» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Тарихчилар таъкидлашларича, Айюб алайҳиссалом 93 ёшларида дунёдан ўтганлар. Айюб алайҳиссаломнинг 26 нафар ўғли бўлган. Ўшалардан бирининг исми Бишран бўлиб, у Қуръони каримда зикри келган Зул Кифл алайҳиссаломдир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шуъбаси раҳбари
Расулов Ҳасан

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи. Ҳилол нашр. Тошкент, 2018. Б-65.

[2] https://islom.uz/maqola/4497

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …