Home / ЯНГИЛИКЛАР / ОСОЙИШТА, ФАРОВОН КУНЛАР ҚАДРИГА ЕТИБ…

ОСОЙИШТА, ФАРОВОН КУНЛАР ҚАДРИГА ЕТИБ…

Халқимиз муборак Қурбон ҳайити байрамини бағрикенглик, шукроналик, яратувчанлик кайфияти билан нишонлади. Гарчи, бутун дунёни ҳамон таҳликага солиб турган коронавирус пандемияси туфайли улуғ айём кунлари карантин талаблари асосида ўтган бўлса-да, халқимиз кайфияти кўтаринки, эртанги кунга ишончи мустаҳкам. Бунинг учун асослар ҳам етарли.

Аввало, юртимизда бебаҳо неъмат — тинчлик ҳукмрон.

Кўриб турибмиз, бугун айрим давлатларда ножоиз қуролли тўқнашувлар, моҳиятсиз можаролар авж олмоқда. Бу мамлакатлар фуқаролари ўқ овозисиз яшашни орзу қилади, ҳаётининг кейинги лаҳзаси қандай ўтишини билмайди. Азиз фарзандини бағрига босган оналар Аллоҳдан омонлик сўраб, илтижо қилади.

Бозорларимиз тўкин-сочин, даромадимиз тайин, устимиз бут, кўнглимиз тўқ.

Тошкент. Қўйлиқ бозори. Баъзи расталар эгаси — сотувчилар байрам муносабати билан дам олаётган бўлса-да, бозор гавжум, савдо авжида. Қандолат маҳсулотлари сотаётган опа “Бугун ҳайит, келинг сизга арзон қилиб бераман”, дея харидорларнинг кўнглини топади. Сабзавот сотаётган йигит эса мижозларининг фарзандларига биттадан хўрозқанд улашади: “Бу сизларга ҳайитлик”, дейди.

Бугун даромадимиз ҳам тайин. Кимки ҳалол меҳнат қилиб, яхши яшашга интилса, ҳеч тўсиқ йўқ. Тадбиркорларга давлат ҳам, идоралар ҳам хайрихоҳ. Шу боис, устимиз бут, ҳаётдан, бугунги ва эртанги кунимиздан кўнглимиз тўқ. Хуллас, ҳамма хурсанд, байрам кайфияти бардавом.

Азиз юртимизда турли миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳатликда, эмин-эркин дўст бўлиб яшаяпмиз. Виждонимиз озод, тазйиқ ва тақиқлардан йироқмиз.

Диний ва миллий байрамларимиз замирида уйғун ҳикмат бор. Бу — бағрикенглик ва ҳам-жиҳатлик тамойили. Қурбон ҳайити кунлари бу жиҳатлар янада қўр олади. Шу дориломон кунларда яшаётганимиз замирида ҳам миллатлар ва элатлар ўртасидаги дўстона муҳит шакллангани, қуда-анда бўлиб, аҳил яшаётганимиз фалсафаси бор.

Қолаверса, Ўзбекистонда виждон эркинлиги ҳукмрон. Гап ўзани шу мавзуга ўтар экан, бугун юртдошларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга диний эътиқодлари ва эҳтиёжлари ҳам тўла таъминланаётгани ва қонун билан кафолатланганини алоҳида фахр билан тил­га оламиз. Президентимиз томонидан яқинда янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги”ги қонуннинг имзолангани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Фарзандларимиз яйраб ўсмоқда.

Болажон халқмиз. Уларнинг камолини кўриш буюк бахт. Бугун фарзандларимиз учун ҳам барча шароит муҳайё. Янги боғчалар, мактаблар, спорт иншоотлари қурилмоқда. Болаларимиз куну тун илм, соғлом турмуш тарзи билан шуғулланиши учун замин бор. Уларни машғулотларга бехавотир кузатиб, ҳадиксиз қарши оламиз.

Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигини зўр хурсандчилик билан нишонлаймиз.

Қурбон ҳайити байрамининг шундай улуғ сана билан уйғун келиши ҳам барчамизга шукро­налик ҳиссини улашади.

Шу онларда кейинги йилларда эришган ютуқларимиз ва ҳаётимиз мазмунан гўзал бўлиб бораётганидан бошимиз осмонда.

Бугунги ислоҳотлар халқимиз турмуш шароитини яхшилашга қаратилгани билан ҳам ўзгача мазмун касб этади. Улар ҳақида кўп гапириш мумкин. Муҳими, бу ислоҳотларни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда сезиб, ҳис қилиб турибмиз.

Албатта, бу шукуҳли ҳаётнинг ҳар сонияси бизни шукр қилишга чорлайди. Ўз навбатида, диёримизда Қурбон ҳайитининг файзли дамлари кезиб юрган шу кунларда уламоларимизнинг фикрлари, дил изҳорларини эшитиш ҳам ёқимли.

— Сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. — Янги масжидлар қурилмоқда, эскилари қайта таъмирланиб, замонавий кўриниш касб этяпти. Диний таълим соҳасида бир қанча мадрасалар, олий даражадаги таълим муассасалари очилмоқда. Алломаларимизнинг илмий мероси таржима қилиниб, халқимизга тақдим этилмоқда. Илмий марказлар халқаро миқёсдаги нуфузли анжуманларни ўтказиш имконига эга. Бутун дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги бу каби ислоҳотларни юқори баҳолаётганига шоҳид бўлиб турибмиз.

Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Қурбон ҳайити табриги юртдошларимиз учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Табрикдан руҳланган халқимиз кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларимиз бардавом ва баракали бўлишини тилаб, дуолар қилмоқда.

Аллоҳ халқимизга Қурбон ҳайити байрамини муборак қилсин. Бутун дунёга келиб турган коронавирус касаллигини шу кунларнинг шарофати ила тезда даф қилишни Ўзи насиб айласин.

— Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган байрам табриги барчамизни хурсанд қилди, — дейди Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Даврон Махсудов. — Президентимиз ўз табригида мўмин-мусулмонларни улуғ айём билан қутлаб, юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишларга алоҳида урғу берди. Жумладан, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятига доир қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши турли диний эътиқоддаги аҳоли учун кенг имкониятлар эшигини очгани билан аҳамиятли бўлди. Айниқса, ислом динини, аждодларимиз қолдирган мўътабар манбаларни илмий асосда ўрганиш учун шароитлар яратилгани эътиборлидир. Атрофимизга қарасак, қанча-қанча янгиланишлар, ўзгаришлар бўлмоқда. Бугун шу кунларнинг қадрига етиш, шукроналик ҳисси билан яшаш Аллоҳга ҳам хуш келувчи амаллардан саналади.

Дарҳақиқат, бугунги улуғ айём кунлари шукуҳи ҳақида гапирар эканмиз, алломаларимизнинг Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир, деган гапини ёдга олиш ўринли. Шу боис, Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра, кўпроқ намоён қилишимиз лозим.

Улуғбек АСРОРОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири,
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021-йил 23-июл, №147(403)

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …