Home / МАҚОЛАЛАР / Ўз жонига қасд қилиш – оғир гуноҳ

Ўз жонига қасд қилиш – оғир гуноҳ

Инсон ўзига омонатга берилган жонни ўз қўли билан таҳликага отиши, яъни ўз жонига ўзи қасд қилиши восвос касаллигининг энг юқори даражаси ҳисобланади. Чунки, ўз жонига ўзи қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан берилган умр – холи ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳакам зотнинг белгилаб қўйган тақдирига нисбатан кечирилмас исёндир. Инсон томонидан қилинадиган гуноҳларнинг аксарини унинг ҳақиқий, сидқидилдан қилинган тавбаси сабабли Аллоҳ таоло мағфират қилар экан. Аммо инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатида, агар унинг бу ҳатти-ҳаракати амалга ошса, унга бу гуноҳдан тавба қилишнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ўз жонига қасд қилиш инсонга нисбатан шайтон васвасасининг энг авж нуқтаси ва шайтоннинг бир инсон устидан тўлиқ ғалабаси ҳисобланади. Жумладан, бу дардга аксар ҳолда ёшларнинг мубтало бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хўш, ундан қандай сақланмоқ керак?

Мазкур дарднинг келтириб чиқарувчи энг асосий омилларидан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи кинолар орқали тасаввур қилиши, жумладан, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетишлик ҳам бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хоссатан Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъиян қайтарилган.

Инсон онгига таъсир этувчи телвидения ва матбуотларда бу борада омманинг фикрини тўғри йўналтироладиган фикрларни олға суриш керак, токи бу маълумотлар инсонни ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмак берадиган оқилона билимларни ўзида ҳосил қилишга ёрдам берсин. Зеро, инсоннинг оқилона билимлари унга хато йўлни англаш имконини бериб, беҳуда фикрлардан иборат шайтон васвасасидан халос бўлишига ёрдам беради. Ана шундай оқилона билимлар мажмуасининг энг мукаммали Ислом дини асоси бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифда баён қилинган кўрсатмалар ҳисобланади. Чунки, Ислом динида бошга мусибат етганда, унга сабр-тоқат билан бардош беришга чақирилади. Қуйида анна шундай таълимотлардан баъзиларини ўқувчининг эътиборига ҳавола этсак.

Бақара сураси “…….Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади.” ҳамда Нисо сурасида келтирилган “….Ўз жонларингизга ўзларингиз қасд қилманглар. Албата Аллоҳ таоло сизларга меҳрибон зотдир.” 29-ояти ўз жонига қасд қилишдан ман қилиниши фикримизнинг далилидир.

Жумладан, Пайғамбаримиздан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг оқибатлари аниқ баён этилади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда шундай огоҳлантирадилар: “Кимки, ўз жонига темир билан қасд қилса, жаҳаннам оташида унинг қорнига ўз қўлидаги темири билан абадий азоб берилади. Ким заҳар ичиб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оташидан абадий ҳўплаб-ҳўплаб ичкизилади. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, у абадий жаҳанамга улоқтирилади.”

Собит ибн Заҳҳокдан ривот қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Ким ўзини нима билан ўлдирса, қиёматда унга ўша нарса билан азоб берилади.”

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …