Ҳозирги куннинг энг долзарб ва мунозарали масалаларидан бири бу, шубҳасиз, Аллоҳ таолога жиҳат ва маконнинг нисбат берилишидир. Айрим бузуқ ақидалар тарафдорлари томонидан ўртага ташланаётган бу мавзу азал-азалдан Аллоҳ таолони “Ло макон”, яъни маконсиз, деб эътиқод қилиб келган мусулмонлар орасида катта низолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Ўзининг ақидавий тамойилларидан келиб чиқиб, Аҳли сунна вал жамоа уламолари, хусусан, мотуридия калом мактаби намояндалари мазкур мавзуга ўтмишда ҳам кескин, аниқ ва рад этиб бўлмас далиллар билан жавоб берган. Аксар мусулмон уламоларининг эътироф этишича, уларнинг раддиялари айни вақтда ҳам ўзининг илмийлиги ва аҳамиятини йўқотган эмас. Ўтмишда бўлгани каби ҳозир ҳам бундай бузуқ ақидаларга қарши раддиялар бериш мақсадида кўплаб уламолар томонидан катта-кичик асарлар ёзилган.
Буюк ватандошимиз Алоуддин Усмандийнинг “Лубобул калом” асарида ҳам бу мавзу эътибордан четда қолмаган. Муаллиф Аллоҳга жиҳат ва маконни нисбат берганларга раддиялар берар экан, гапни оламнинг Яратувчиси араз, жавҳар ва жисм эмаслиги, сурат ва таркиб топиш каби сифатлар билан сифатланмаслиги ҳақидаги мавзулардан бошлайди. Жумладан, “Оламнинг Яратувчиси араз эмаслигининг исботи ҳақидаги бўлим”да қуйидаги фикрларни билдиради:
“Оламнинг Яратувчиси араз эмаслигининг далили шуки, араз – ўз-ўзича мавжуд бўлиб тура олмайдиган, мавжуд бўлиши учун қандайдир ўринга муҳтож бўладиган нарсадир. Мана шундай ҳолатдаги нарсанинг Ҳай (мангу барҳаёт), Олим (илм эгаси), Қодир (қудратли), Самиъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи) бўлиши маҳол ҳисобланади. Биз қуйида зикр қилиб ўтадиган сабаблар эътиборидан Аллоҳ таоло мана шу сифатларнинг барчаси билан сифатланган Зотдир. Шундай экан, Унинг араз эмаслиги ўз-ўзидан маълум бўлади.
Яна бир далил шуки, агар Аллоҳ таоло араз бўладиган бўлса, бошқа аразлар каби Унга ҳам йўқлик етиши мумкин, деб ҳисоблаш вожиб бўлиб қолади. Бу эса, юқорида айтилган гапларга кўра, Аллоҳ таолонинг бошқа аразлар сингари ҳодис – кейин вужудга келган бўлишини тақазо қилади. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг қадим зот экани ўз тасдиғини топди. Шундай экан, Унинг араз бўлиши ҳам ўз-ўзидан йўққа чиқади”[1: 74].
Асарнинг “Оламнинг Яратувчиси жавҳар эмаслиги ҳақидаги бўлим”ида Усмандий Аллоҳнинг жавҳар эмаслигига қуйидагича раддия беради:
“Оламнинг Яратувчиси жавҳар эмаслигига далил шуки, жавҳарнинг ҳақиқати (моҳияти) – бу ўзининг мавжудлигида қайсидир жиҳатга қўшилиб, бирлашиб туришдан айро тушмайдиган нарсадир. Биз буни юқорида баён қилиб ўтганмиз. Мана шундай ҳолатда бўлган нарса ҳодис бўлмиш аразлар ва тўрт ҳолат(ҳаракат, ҳаракатсизлик, бирлашиш ва ажралиш)дан холи бўлмайди. Борлигида ҳодислардан айро бўлмаган нарсанинг ўзи ҳам ҳодис бўлади. Аллоҳ таолонинг қадимлиги ўз исботини топиб, Унинг жавҳар эканлиги йўққа чиқди” [1: 74].
Оламнинг Яратувчиси мавжуддир, шунингдек, жавҳар ҳам ўз-ўзича бор бўлиб тура олади. Шу маънода, Аллоҳ таолога нисбатан жавҳар исмини ишлатишни Усмандий қоралайди. Чунки, дейди у, жавҳар – бу аслдир. Жисмлар ундан таркиб топади. Шундай экан, бу исмни У зотга нисбатан ишлатиш мумкин эмас.
“Оламнинг Яратувчиси жисм эмаслиги ҳақидаги бўлим”да Унга жисм нисбатини берган мужассималарга қуйидагича раддия беради:
“Бунинг далили шуки, жисм жавҳарлардан таркиб топган бўлади. Аллоҳ таолонинг жавҳар эмаслиги ўз исботини топган экан, Унинг жисм эмаслиги ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло жисм бўладиган бўлса, ҳодис бўлган аразлар ва ҳолатлардан холи бўлмайди. Ҳодислардан холи бўлмайдиган ҳар қандай нарса ҳодисдир. Юқорида ўтган гапларга кўра, Аллоҳнинг қадимлиги ўз тасдиғини топиб бўлди” [1: 74-75].
“Оламнинг яратувчиси (бошқа) “шай”ларга ўхшамаган “шай”дир”, деб айтганимиздек, “У (бошқа) жисмларга ўхшамаган жисмдир”, деб айтишимиз нима учун мумкин эмас?” деб эътироз билдирувчиларга Усмандий бундай жавоб беради:
“Сиз “У (бошқа) жисмларга ўхшамаган жисмдир” деган сўзингиз билан таркиб топганликни инкор этдингизми ёки унга қўшиб бошқа бир нарсаними?”
Агар у “Биринчисини инкор этдим”, деса у ўзининг сўзини рад этган бўлиб чиқади. Чунки жисм – бу зотида мураккаб бўлган нарса. Бинобарин, у гўё: “Оламнинг Яратувчиси жисмга ўхшамаган жисмдир, мураккаб бўлмаган мураккабдир”, дегандек бўлади ва бу гапда зиддият бор. Агар “иккинчисини инкор этдим”, деса бу ҳам ботилдир. Чунки мураккаб нарса борки, унда ўзгаришлар содир бўлишдан холи эмас. Аммо “Оламнинг Яратувчиси (бошқа) “шай”ларга ўхшамаган “шай”дир”, деган сўзимиз бунга ўхшамайди. Чунки “шай” – бу мавжудликдан иборатдир. Биз “(бошқа) “шай”ларга ўхшамаган” деган сўзимиз билан мутлақ мавжудликдан ташқари барча сифатларни, яъни кейин пайдо бўлганлик аломатлари ҳисобланмиш бошқа сифатларни инкор этишни назарда тутган бўламиз. Ана шунда бизнинг “(бошқа) “шай”ларга ўхшамаган “шай”дир”, деган сўзимиз “Кейин пайдо бўлганликка далолат қиладиган сифатлар борасида бошқа мавжудотларга ўхшамайдиган мавжуддир”, маъносида айтилган бўлади. Жисм кейин пайдо бўлганлик ва мавжудликни тақозо қилади. Мавжудлик эса кейин пайдо бўлганликни тақазо этмайди”[1: 75-76].
“Аллоҳ таолони сурат ва таркиб топганлик билан сифатлаш ботил экани ҳақидаги бўлим”да Усмандий Уни сурат, ранг, таъм, ҳид, иссиқлик, совуқлик, намлик, қуруқлик каби сифатлар билан сифатлашни ботилга (асоссизга) чиқаради. Бунинг учун юқоридаги бўлимларда ўтган хулосаларни далил қилиб келтиради. Унинг фикрича, сурат таркиб топишдан иборат. Унинг таркиб топиши ўзгариши билан таъм ва ҳиди ҳам ўзгаради. Мазкур тўрт хусусият жавҳарларга тегишли аразлардир. Юқорида Аллоҳ таолонинг араз бўлиши ёки аразларга маҳал (улар ўрнашадиган жой) бўлиши инкор этилганидан келиб чиқиб, Усмандий мазкур сифатларнинг барчаси Унда мавжуд эмас, деган хулосага келади.
Асосий мавзуга келадиган бўлсак, Усмандий бу хусусда “Оламнинг Яратувчиси қайсидир жиҳат ёки маконда эмаслиги ҳақида” алоҳида бўлим ажратиб, Унинг бирор жиҳатда эмаслигини бир қатор далиллар билан исботлаб беришга ҳаракат қилади ҳамда бундай ақидада бўлишни маҳол ҳисоблайди:
“Биринчи далил шуки, – деб ёзади Усмандий, – жиҳат ҳам, нарса банд қилиб турадиган тасаввурдаги бўшлиқ ҳам битта нарсадир. Бинобарин, Аллоҳ таоло қайсидир жиҳатда бўлса, жавҳарлар сингари тасаввурдаги бўшлиқда ўз ўрнига эга бўлувчига айланиб қолар эди. Тасаввурдаги бўшлиқдан ўз ўрнига эга бўлувчи нарса юқорида айтиб ўтилганидек, кейин пайдо бўлган ҳолатлардан холи бўлмайди. Ҳодислик аломатларидан холи бўлмаган барча нарса ҳодис, яъни кейин пайдо бўлгандир. Оламнинг яратувчиси қадим Зотдир. Демак, Аллоҳ таолонинг қайсидир жиҳатда бўлиши асоссиздир” [1: 76-77].
Усмандий келтирган далилнинг иккинчиси шуки, агар Аллоҳ таоло қайсидир жиҳатда бўладиган бўлса, мумкинлик йўлига кўра бўлар, қайсидир жиҳатда мавжуд бўлган Зот ундан бошқа бир жиҳатда мавжуд бўлиши ҳам мумкин бўлар эди. Чунки қадим Зот қайсидир жиҳатлар қолиб, баъзи бирлари билан хосланиб қолмайди. Шундай экан, У муайян бир жиҳатда мавжуд бўладиган бўлса, Уни ўша жиҳатга хослаб қўювчи бошқа бир зот мавжуд бўлиши керак бўлади. Ана шунда Аллоҳ таоло кейин пайдо бўлганлик сифатлари билан хосланишида бошқа жавҳарларга ўхшаб қолган бўлар эди. Бу ботил гапдир.
Учинчи далил сифатида Усмандий қуйидагиларни ёзади: “Оламнинг Яратувчиси муайян бир жиҳатда бўлса, У ўша жиҳатда қарор топган, чегараланган ва қисмланган бўлиб қолади. Чунки биз муайян бир жиҳатда, деб тасаввур қилган нарса иккинчи бир жиҳатга бориб тугайди. Бу – кейин пайдо бўлганлик аломати. Демак, оламнинг Яратувчиси қадим эканлиги ўз тасдиғини топган экан, Унинг қайсидир жиҳатда бўлиши ҳам асоссиздир” [1: 76-77].
Маълумки, айни кунларда мусулмонлар орасида Аллоҳ таолони “Аршнинг устида” ёки “осмонда”лиги ҳақидаги бузуқ ақида Аҳли сунна ақидасига мухолиф гуруҳлар томонидан шиддат билан тарғиб қилинмоқда. Кўпчилик Аҳли сунна уламолари қатори Усмандий ҳам Аллоҳ таолонинг маконда бўлишини маҳол ҳисоблайди. Бунинг учун ўзининг далилини келтириб, бундай ёзади: “У зот азалда макон тутувчи бўлмаган. Чунки У қадим зот, макон эса юқорида айтиб ўтилганидек, ҳодис, яъни кейин вужудга келган. Агар Аллоҳ таоло маконни яратганидан сўнг макон тутувчи бўлса, аввалги ҳолатидан ўзгарган бўлади. Ўзгариш кейин вужудга келганлик аломатларидан биридир. Оламнинг Яратувчиси қадим Зот бўлиб, Унинг маконда бўлиши ботилдир. Чунки У бирор жойни макон тутувчи бўлганида ё ундан кичик ёки каттароқ ёҳуд ҳажмда у билан баробар бўлиши лозим бўлади. Буларнинг барчаси чегараланиш ва жузларга бўлинишга олиб боради. Бу ҳам кейин вужудга келганлик аломатларидан биридир”[1: 76-77].
Аллоҳ таолонинг бирор маконда эмаслигига оламнинг Яратувчиси бирор жойни макон тутувчи бўлса, ўша жойнинг қайсидир жиҳатида бўлиши лозимлигини, чунки бир жойни макон тутувчи зот ўша жойнинг жиҳатларидан бирида бўлмаслиги ақлга тўғри келмаслигини далил қилиб келтиради. Юқорида зикр қилинган гапларга кўра, У зотнинг бирор жиҳатда бўлиши асоссиз эканлигидан келиб чиқиб, Унинг бирор маконда бўлиши ҳам асоссиз, деган хулосага келади.
“Аллоҳ таоло ҳеч бир жиҳат ва маконда эмас, деган қараш билан Унинг жисм, жавҳар ва араз эмаслиги ҳам инкор этилган бўлади. Бу дегани Аллоҳ таолони бутунлай инкор этишдир. Чунки воқеликда ҳам бир нарсани инкор этишда унинг барча жиҳат ва маконларда бўлишини унинг жисм, жавҳар ва аразлигини инкор этишдан кўра кучлироқ инкор мавжуд эмас”, дея эътироз билдирадиганларга Усмандий бундай жавоб беради:
“Бирор жиҳат ёки маконда бўлиши тасаввур қилинадиган ҳар қандай нарсанинг барча жиҳат ва маконларда бўлишини инкор этиш уни бутунлай инкор этиш ҳисобланади. Шунингдек, жисм ёки жавҳар ёҳуд араз бўлишдан холи бўлмаган ҳодис – кейин вужудга келувчи нарсанинг мана шу сифатларини инкор этиш унинг ўзини бутунлай инкор этиш ҳисобланади.
Аммо жиҳат ва маконда бўлиши, жисм ё жавҳар ёки араз бўлиши маҳол ҳисобланадиган мавжуд зотга келсак, Унинг жиҳат ва маконда бўлишини, Унда кейин вужудга келганлик сифатлари мавжуд бўлишини инкор этиш Уни бутунлай инкор этиш ҳисобланмайди. Шунинг учун ҳам биз Унинг жиҳат ва маконда бўлиши, жисм, жавҳар ва араз бўлиши маҳол ҳисобланади, деб даъво қилаётган ҳамда бунинг учун далиллар келтираётган оламнинг Яратувчисида мазкур сифатларнинг бирортаси мавжуд эмас, дейишимиз қандай қилиб Уни бутунлай инкор этиш бўлсин?
Бунинг далили, юқорида айтиб ўтилганидек, олам кейин вужудга келган бўлиб, уни вужудга келтирувчи ва унга ўхшамайдиган қадим Зот бўлиши лозим. Зеро, унга ўхшаш бўлса, вужудга келтирувчи Зотга муҳтожликда умумий бўлган ҳодис нарсага айланиб қолади. Бу – асоссиздир”.
Усмандий мавзуни давом эттириб: “На жисм, на жавҳар ва на араз бўлмаган, на бирор жиҳатда, на маконда бўлмайдиган, на тасаввурга сиғмайдиган, на ақл уни тасаввур қилолмайдиган нарса мавжудлигини исботлаш имконсиздир”, дейдиганларга бундай жавоб беради:
“Тасаввур – сезгининг натижаси. Ҳис қилинадиган нарсани тасаввур қилиш мумкин бўлади. Яратувчи зотнинг борлиги ҳис қилиб бўлмайдиган, аммо тушуниладиган ишдир. Нарса ҳис қилинмайдиган ва тасаввур остига дохил бўлмайдиган бўлса-да, унинг борлигини тушуниладиган иш бўлиши жоиздир. Бунга мисол, инсоннинг ақли, илми ва кучидир. Тасаввурнинг ўзи тушуниладиган нарса эмас, аммо ақлнинг далолати ила маълум нарсадир. Бу борада хулоса шуки, далиллар оламнинг Яратувчиси борлиги ва Унинг қадимлигига далолат қилган. Шунингдек, Унинг ҳодисларга ўхшамайдиган, мана шундай сифатларни қабул қилмайдиган Зот эканлигига ҳам далолат қилган. Шундай бўлгач, тасаввур остига дохил бўлмаса-да, оламнинг Яратувчиси бор, дейиш вожибдир”.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога жиҳат ва маконни нисбат берадиган гуруҳлар ўз қарашларини асослаш мақсадида Қуръони каримдаги бир қатор оятлар ва битта мантиқий шубҳани далил қилиб олишган. Уларнинг ана шундай далилларига Аҳли сунна уламолари томонидан қониқарли ва рад этиб бўлмас ҳужжатлар тақдим этилган. Шулар қатори Усмандий ҳам бу хусусда сўз юритар экан, мавзуга доир ҳар бир оят ва ақлий шубҳани чуқур таҳлил қилади ва иш улар ўйлагандек эмаслигини исботлаб беради.
“Лубобул калом”да келтирилишича, мухолиф гуруҳлар далил қилиб келтирадиган оятлар, асосан, қуйидагилардир:
﴿ٱلرَّحۡمَٰنُ عَلَى ٱلۡعَرۡشِ ٱسۡتَوَىٰ﴾ [ар-роҳмаану ъалал-ъаршиставаа] – “(У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир”; [2]
﴿ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ﴾ [суммаставаа ъалал-ъарш] – “Сўнгра Арш узра “муставий” бўлган (Аллоҳдир)”; [3] “Истиво” – ўрнашиб олишдир.
﴿ءَأَمِنتُم مَّن فِي ٱلسَّمَآءِ﴾ [а аминтум ман фис-самааи] – “Ё сизлар осмондаги зот (Аллоҳ) сизларни ерга юттириб юборишидан хотиржаммисиз?!”; [4]
﴿وَهُوَ ٱلَّذِي فِي ٱلسَّمَآءِ إِلَٰهٞ وَفِي ٱلۡأَرۡضِ إِلَٰهٞۚ﴾ [ва ҳуваллази фис-самааи илааҳун ва фил-арди илааҳун] – “У (Аллоҳ) осмонда ҳам илоҳ, ерда ҳам илоҳдир”; [5]
﴿وَهُوَ ٱلۡقَاهِرُ فَوۡقَ عِبَادِهِۦۚ﴾ [ва ҳувал-қоҳиру фавқо ъибаадиҳ] – “Бандалари устидан У ғолибдир”; [6]
﴿إِنَّآ أَنزَلۡنَٰهُ﴾ [иннаа анзалнааҳу] – “Албатта, Биз уни (Китобни) нозил қилдик”; [7]. Нозил қилиш фақатгина юқори тарафдан бўлади.
Ақлий шубҳаларига келсак, у қуйидагичадир: Аллоҳ таоло мавжуд, олам ҳам мавжуд. Сифат ўз эгасида қоим бўлгани каби икки мавжуддан бири иккинчисининг вужудида қоим бўлмайди. Шундай экан, бу икки мавжуд нарса бир-биридан ажралиб туриши ёки бир-бирига туташиб туриши лозим бўлади. Бу ишда ўз-ўзидан Аллоҳ таолонинг жиҳатда экани тасдиғи бордир.
Усмандий уларнинг мазкур далилларига қуйидагича жавоб беради:
“Бу ақлий масалалар туркумига киради. Бундай ишларда аниқлик ва илмдан бошқа йўл мавжуд эмас. Шундай бўлгач, таъвил қилса бўладиган оятларнинг зоҳирини олиб, далил қилиш тўғри эмас. Қолаверса, юқорида ўтганидек, ақлий далиллар Аллоҳ таолога жиҳат ва маконни нисбат беришни инкор этар экан, далиллараро қарама-қаршилик вужудга келишининг олдини олиш учун мазкур оятларни таъвил қилиш лозим. Демак, биз бундай деймиз: “Истиводан мурод истило қилиш (эгаллаш) ва қодир бўлишдир, чунки истиво зикр қилинганда ундан ана шу маъно ирода қилинади.
Шоир бундай деган:
قد استوى بشر على العراق من غير سيف ودم مهراق
(Яъни, “Бишр қурол-яроқсиз ва қон (тўкилишлар)сиз Ироқни истило қилди”). Мазкур шеърдаги “иставаа”дан мурод истило қилишдир.
Аммо ﴿وَهُوَ ٱلَّذِي فِي ٱلسَّمَآءِ إِلَٰهٞ وَفِي ٱلۡأَرۡضِ إِلَٰهٞۚ﴾ [ва ҳуваллази фис-самааи илааҳун ва фил-арди илааҳун] – “У (Аллоҳ) осмонда ҳам илоҳ, ерда ҳам илоҳдир”[5] ва шу каби оятларга келсак, улардан мурод ерда ва осмонда Аллоҳнинг илоҳлиги намоён бўлишидир, уларда Унинг зоти мавжуд бўлиши эмас.
Аммо ﴿وَهُوَ ٱلۡقَاهِرُ فَوۡقَ عِبَادِهِۦۚ﴾ [ва ҳувал-қоҳиру фавқо ъибаадиҳ] – “Бандалари устидан У ғолибдир” [8] оятига келсак, ундан мурод қодирлик, куч ва ғолиблик эътиборидан юксалиш ҳамда устун келишдир. Масалан, арабларда: “فوق كل يد يد أخرى” [фавқо кулли ядин ядун ухро] – “Ҳар қандай қўл устида бошқа бир қўл бор”, деган гап юради.
Энди “нозил қилиш” ҳақида гапирадиган бўлсак, ундан мурод – Қуръонни ўзи билан олиб тушувчи Жаброил алайҳиссаломдир. Чунки осмондан тушган зот айнан удир. Уни бизнинг ҳузуримизга тушишга амр этган зот Аллоҳ таолонинг ўзидир. Бунинг учун Аллоҳ таоло бирор жиҳатда бўлиши шарт эмас.
Уларнинг ақлий шубҳаларига қуйидагича жавоб берамиз: “Иккита мавжуд нарса бир-бири билан туташиб туриши ҳам, бир-биридан ажралиб туриши ҳам жоиздир. Жиҳатларнинг бири бошқасидан ажралиб ёки унга туташиб туриши, унинг томонларидан бирида бўлиши лозим. Биз юқорида айтиб ўтган ақлий далил борлиги учун бу ҳолат Аллоҳ таолога нисбатан маҳол ҳисобланади” [1: 80].
Усмандий Аллоҳ таолога нисбатан юқорида зикр этилган сифатларни ишлатиш, У ҳақда шундай ақидада бўлишни қоралаб, илмий асосда ўз қарашларини исботлаб берганидан сўнг “Оламнинг Яратувчиси оламга ҳам, унинг бирор нарсасига ҳам ўхшамаслиги ҳақидаги бўлим”да қуйидаги фикрларни ёзади:
“Аллоҳ таоло оламга ҳам, унинг бирор нарсасига ҳам ўхшамаслиги далили шуки, бир-бирига ўхшайдиган икки нарса бир-бирига монанд ва тенг бўлади. Бир-бирига монанд ва тенг бўлган икки нарса – бу бири иккинчисининг ўрнини босадиган, унинг ўрнини алмаштирадиган ва вазифасини бажарадиган ҳар қандай икки мавжуд нарсадир. Шунинг учун бизлардан биримиз бир нарса бошқа бир нарсанинг ўрнига ўтиши ва жойида бўлишига эътиқод қилса, унга нисбатан “монандлик” номини ишлатади. Агар аксинча бўлса, бу номни унга ишлатмайди.
Бу нарса ўз исботини топган экан, биз бундай деймиз:
“Нарса ўзидан бошқанинг ўрнини босишига сабаб унинг сифатларида шерик бўлганидир, холос. Агар унинг барча сифатларида ўхшаш бўлса, ҳар томонлама унга монанд бўлади. Агар айрим сифатларида ўхшаш бўлса, бир жиҳатдан унга монанд бўлади. Аммо бунинг шарти шуки, нарса ўзидан бошқанинг ўша сифатида ҳар томондан ўхшасин ва тенг бўлсин. Чунки ўша сифатда улар ўртасида тафовут бўлса, бири иккинчисининг ўрнини босмайди ва унинг ўрнини алмаштирмайди. Аллоҳ таоло зотий сифатларида на жавҳарларга, на жисмларга ва на аразларга ўхшайди. Яъни, У жавҳар эмас, тасаввурдаги бўшлиқда ўз ўрнига эга бўлувчи эмас, ҳаракатланувчи ва таркиб топувчи эмас. Шунингдек, баъзи сифатларда ҳам уларга ўхшамайди. Чунки Аллоҳ таолонинг барча сифатлари қадим, мавжуд бўлиши лозим бўлган сифатлардир. Жавҳарлар, жисмлар ва аразлардаги ҳар битта сифат уларнинг кейин вужудга келган эканига далолат қилувчи ҳодисадир. Демак, Аллоҳ таолонинг жисмлар ва аразларга ўхшамаслиги ўз-ўзидан аниқ бўлди” [1: 80].
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Лубобул калом” асари Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” ва “Таъвилотул Қуръон”, Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” асарларида ўз аксини топган Аҳли сунна вал жамоа ақидасини кенг тарғиб этишда ўзига хос ақидавий манбадир. Мазкур асарларда илгари сурилган Аллоҳнинг араз, жавҳар, жисм эмаслиги, сурат ва таркиб топиш билан сифатланмаслиги, бирор жиҳат ва маконга нисбат берилиши жоиз эмаслиги ҳамда олам ва ундаги бирор нарсага ўхшамаслиги каби мавзуларнинг “Лубобул калом” асарида ҳам ўз ифодасини топганлиги фикримиз далилидир. Зеро, бу асар муаллиф айтганидек, “эътиқодни тузатишни бошловчи кишилар учун ҳидоят манбаи” бўлсин, деган мақсадда ёзилган.
-
Алоуддин Усмандийнинг «Лубобул калом» асари.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири ҳилол» китоби. Тоҳа сураси, 5-оят.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири ҳилол» китоби. Аъроф сураси, 54-оят.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири ҳилол» китоби. Мулк сураси, 16-оят.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири ҳилол» китоби. Зухруф сураси, 84-оят.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири ҳилол» китоби. Анъом сураси, 18-оят.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири ҳилол» китоби. Юсуф сураси, 2-оят.