Home / МАҚОЛАЛАР / “Саҳиҳул Бухорий”ни Мисрга олиб кирган дастлабки инсон

“Саҳиҳул Бухорий”ни Мисрга олиб кирган дастлабки инсон

 “Саҳиҳул Бухорий” асарини Мисрга илк бор олиб кирган киши бу – имом, ҳофиз, буюк мужаввид, Абу Али Саид ибн Усмон ибн Саид ибн Сакан Мисрий Баззоз бўлиб, асли Бағдод шаҳридандир. У 353/964 йили вафот этган.

Узоқ вақт ҳадис талаби билан Жайҳун ва Нил дарёлари оралиғида жойлашган шаҳарларни кезиб юрган Абу Али Баззоз ҳаётининг сўнгги йилларида Мисрга келиб жойлашган. У 294/907 йили таваллуд топган.

У Бағдодда Абул Қосим Бағавий, Ибн Абу Довуд ва бу иккисининг замондошларидан ҳадис эшитган. Ҳаррон шаҳрида ҳофиз Абу Урвадан ва бир гуруҳ ровийлардан ҳадис эшитган. Дамашқда у Аҳмад ибн умайр ибн Жавсо, Саид ибн Абдул Азиз Ҳалабий ва уларнинг тенгқурларидан ҳадис эшитган. Хуросонда эса “Саҳиҳул Бухорий”ни Муҳаммад ибн Юсуф Фраб- рийдан эшитган.

Абу Али Баззоз шу билан “Саҳиҳул Бухорий”ни илк марта Мисрга олиб кирган ва у ерда ҳадис ривоят қилган шахсдир. Ундан сўнг Мисрга Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Бадр Боҳилий, Али ибн Аҳмад Аллон ва Абу Жаъфар Таҳовий олиб киришди.

Абу Али Баззоз Дамашқда Муҳаммад ибн Хураймдан ва Ҳишом ибн Амморнинг бир гуруҳ шогирдларидан ҳам ҳадис эшитган. Нишопур шаҳрида эса Абу Ҳомид ибн Шарқий, Маккий ибн Абдондан ҳадис эшитган. Унинг ҳадис талаби билан кўплаб юртларни кезиб юришига ўзининг тижорати ортидан тирикчилик қилиши унга қўл келган.[1]

Абу Али Баззоздан Абу Абдуллоҳ ибн Манда, Абдулғани Аздий, Али ибн Муҳаммад Даққоқ, Абдураҳмон ибн Умар ибн Наҳҳос, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Асад Қуртубий, Абу Жаъфар ибн Авнуллоҳ ва Қози Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муфаррижлар ҳадис ривоят қилишган.
Ибн Ҳазм Абу Али Баззознинг сайланмаси (Саҳиҳи)ни мақтаб гапирган. Унда ғариб ҳадислар ҳам бор.[2]
Ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни Ибн Асад Жуҳаний, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Яҳё ибн Муфарриж ва Абу Жаъфар ибн Авнуллоҳлар ривоят қилган.[3]
Абу Али Баззоз 353 йилнинг муҳаррам ойида вафот этган.

 

“Саҳиҳул Бухорий”нинг Ҳофиз Ибн Сакан қилган ривояти

 Ибн Саканнинг ривояти Андалус шаҳрида кенг тарқалган бўлиб, учта йўл орқали етиб келган. Улар:
Биринчиси: Абдуллоҳ ибн Асад Жуҳаний (ваф. 310/922-395/1005).
Иккинчиси: Абу Абдуллоҳ ибн Муфарраж (ваф. 315/927-380/990).
Учинчиси: Абу Жаъфар ибн Авнуллоҳ (ваф. 300/912-378/988).

Мазкур уч шахс Шарқ ўлкаларига сафар қилган вақтида Мисрда Абу Али Саид ибн Сакан билан учрашишган ва ундан ҳадис эшитиб, сўнг Андалусга қайтганлар. Одамлар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Жуҳаний (ваф.395/1005)дан ўзи эшитган ҳадисларни ривоят қилиб беришини илтимос қилишганда у бош тортган ва: “Модомики, менинг икки нафар (сабоқдош) шеригим ҳаёт экан, мен ҳадис ривоят қилмайман”, деган. Шериклари вафот этгач, ҳадис ривоят қилиш учун илм мажлиси ташкил қилган ва одамлар ундан ҳадис эшитганлар.[4]

Юқорида номлари зикр қилинган уч муҳаддис Андалусдан бўлган. Шунинг учун ҳам бу ривоят Андалусда машҳур бўлиб кетган. Абу Али Жайёний шундай дейди: “Дарҳақиқат, “Ал-жомиъ”ни Ибн Сакандан андалуслик бир гуруҳ шахслар ривоят қилишган. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Яҳё ибн Муфарраж, Абу Жаъфар Аҳмад ибн Авнуллоҳ ва бошқалар ана шулар жумласидандир. Уларнинг барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!”.[5]

 

“Саҳиҳул Бухорий”ни Абдуллоҳ ибн Асад Жуҳаний орқали Ибн Сакандан ривоят қилиш билан танилган ровийларнинг энг машҳурлари иккитадир

 Биринчиси: Абу Умар Юсуф ибн Абдулбар (ваф. 463/1071).
Иккинчиси: Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Яҳё Ҳаззо.
 “Саҳиҳул Бухорий”ни мазкур икки ровийдан Абу Али Жайёний (ваф. 498/1104), Абу Абдуллоҳ ибн Исо Қози ривоят қилган. Қози Иёз ҳам ана шу икки ровийдан олган.

Ибн Авнуллоҳ (ваф. 378/988) ва Ибн Муфарраж (380/990)ларнинг ривояти ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у ҳам Андалус шаҳрида машҳур бўлган ривоят ҳисобланади. Ҳофиз Абу Абдуллоҳ ибн Наббот “Саҳиҳул Бухорий”ни Ибн Сакан ривояти орқали юқорида номлари ўтган икки ровийнинг санади билан ривоят қилган.

Ундан Муҳаммад ибн Аттоб, ундан фарзанди Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Муҳаммад ва ундан Қози Иёз (ваф. 544/1149) ривоят қилган.

Ибн Саканнинг мазкур ривояти Андалусдан сўнг яна Шарқ ўлкаларига қайтиб, IX ва ундан кейинги асрларда машҳур бўлиб кетган. Зеро, Ибн Ҳажар Асқалоний (ваф. 852/1448) Ибн Саканнинг ривоятини Абу Али Жайёний (ваф. 498/1104) орқали икки ҳофиз – Ибн Абдулбар ва Абу Амр Ҳаззодан, улар эса Абу Муҳаммад Жуҳаний орқали унинг ўзидан ривоят қилишган.

Яъни, Ибн Ҳажар Асқалоний “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Али Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ибн Абдул Азиздан, у Яҳё ибн Муҳаммад ибн Саъддан, у Жаъфар ибн Али Ҳамадонийдан, у Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Дебожийдан, у Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Батҳалийдан, у Абу Али Жайёнийдан, у Ибн Абдулбар Қуртубийдан ривоят қилган. Абу Умар Ҳаззо эса Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Яҳёдан, у Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Асад Жуҳанийдан, у Абу Саид ибн Сакандан, у Муҳаммад ибн Юсуф Фираб-рий, у эса Имом Бухорийдан ривоят қилган.

 

Ибн Сакан ривояти билан танишиш ҳақида сўз юритар экан, доктор Жумъа Фатҳий Абдулҳалим қуйидагиларни ёзади:

 «Ким “Саҳиҳул Бухорий”нинг Ибн Сакандан қилинган ривояти билан танишмоқчи бўлса, бу борада бир оз қийинчиликларга рўбарў келади. Бунинг сабаби, биринчи навбатда, дунёнинг турли кутубхоналарида “Саҳиҳ”нинг қўлёзма нусхаларини каталоглаштириш ишлари билан шуғулланган кишилар эътибор билан ёндошмаганлар. Бу ҳолат биргина Ибн Саканнинг ривоятига тегишли эмас. Йўқса, ундан кейин машҳур бўлиб кетган Абу Зар Ҳаравий ва бошқаларнинг ривоятларида ҳам бу каби камчиликлар учрамаган бўлар эди…

Устоз Муҳаммад Манунийнинг [6] зикр қилишича, Ибн Сакан ривоят қилган “Саҳиҳул Бухорий”нинг биринчи жилди Тоза шаҳрида жойлашган “ал-Жомиъ ал-Аъзам”даги вақфлар хазинасида мавжуд. Бу нусха Абдул Муҳаймин ибн Али ибн Али ибн Ҳирзуллоҳ Тамимий тарафидан ҳижрий олти юз тўқсон саккизинчи йилда кўчирилган. У Абу Умар Талманакий қўли билан ёзилган Абул Ҳасан ибн Муғисдаги асл нусха билан солиштириб кўрилган ва нақл қилинган нусхадир».[7]

 

Ибн Сакандан ривоят қилинган нусханинг аҳамияти ва қиймати

 “Саҳиҳул Бухорий”нинг Ибн Сакандан ривоят қилинган нусхаси Имом Бухорийнинг шайхлари (ҳадисдаги устозлари)ни таништиришда ўзига хос жуда катта аҳамиятга эгадир. Ана шу шайхлар жуда машҳур бўлганликлари боис уларнинг насаблари ҳақида кўп ҳолларда сўз юритилмаган.

– Ровийлар тарафидан санадлар ичига тушиб қолган айрим хатоликларни аниқлаштириш жараёнида ривоятлар ўртасидан энг тўғрисини танлаб олишда Ибн Сакандан ривоят қилинган нусханинг аҳамияти жуда каттадир.

Абу Али Жайёний ўзининг “Тақйидул муҳмал” номли асарида ровийлар тарафидан “Саҳиҳул Бухорий”нинг санадларида йўл қўйилган хатоликларни ёритиб бериш мақсадида алоҳида бир бўлим ажратган. У ўзининг мазкур асарида Ибн Сакандан кўплаб ривоятларни келтириб, айрим ўринларда унинг фикрларига қўшилган бўлса, айрим ўринларда унга қарши фикрларни илгари сурган, ҳатто унга қўшимча қилган жойлари ҳам мавжуд.[8]

“Саҳиҳул Бухорий”нинг Ибн Сакандан қилинган ривоятида бошқа ровийларда мавжуд бўлмаган айрим фарқлар учрайди. Абу Али Жайёний мазкур асарида Ибн Саканнинг ривоятида келган матнлар ҳақида сўз юритар экан унинг ривоятида бошқа ровийларнинг манбаларида келмаган баъзи зиёдаликлар мавжудлигини зикр қилиб ўтган. Улар санадларда ҳам, матнлар ичида ҳам, уламолар уни саҳиҳ деб баҳо берганликлари ва бошқаларда намоён бўлган.

Бошқа ривоятларда исмлари зикр қилинган айрим ровийлар Ибн Саканнинг ривоятида тушиб қолган ёки айрим хатоликларга йўл қўйилган ўринлар ҳам мавжуд.[9]

Ибн Саканнинг ушбу ривояти Имом Бухорий ўзи­нинг “Саҳиҳ”ида келтириб ўтган тарожумлар (боб­лар сарлавҳалари) борасида ҳам ўта аҳамиятлидир. “Саҳиҳул Бухорий”нинг Ибн Сакандан қилинган ривоятининг аҳамияти фақатгина ҳадисларда учрайдиган чигалликларни ечиш билан чекланиб қолмаган, балки бобларнинг сарлавҳаларини билишда ҳам ўз таъсирига эгадир. Жумладан, Савдо китобида «Боб: Қассоб ва гўшт сотувчи ҳақида келган ҳадислар» дейилган. Ундан олдин эса «Боб: (Ҳўл ва қуруғи) аралаштирилган хурмони сотиш» ҳақидаги боб, ундан кейин «Боб: Савдода ёлғонни ва айбини беркитиб сотишни ювиб юборадиган нарсалар» ҳақидаги боб, деб зикр қилинган. Кўпчилик ровийлар ҳам худди шундай йўл тутишган. Ибн Саканнинг ривоятида бу нарса бешта бобдан сўнг келган. Бу ҳақда Ибн Ҳажар ўзининг “ал-Фатҳ” номли асарида қуйидагиларни ёзади: «Ушбу сарлавҳа худди шу сингари мана шу ўринда келган. Ибн Саканнинг ривоятида эса бешта бобдан кейин келган. Касб-ҳунарлар ҳақидаги сарлавҳалар кетма-кет келганлиги боис (унинг тартиби) муносиброқдир».[10]

 

“Саҳиҳул Бухорий”нинг мисрликлар тарафидан қилинган ривоят йўллари

 Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳ”и кўплаб йўллар орқали ривоят қилинган:
Биринчиси: Абу Зар Ҳаравийнинг ривоят йўли. Бу йўл марокашликлар, икки ҳарам аҳли ва яманликлар орасида кенг тарқалган ва машҳур бўлган.
Иккинчиси: ироқликлар ва шомликлар орасида машҳур бўлган Абулвақт Абдул Аввал ибн Исо Сажазийнинг ривоят йўли.
Учинчиси: Абу Али Каттоний ва Мустағфирийнинг ривоят йўли бўлиб, у мовароуннаҳрликлар орасида тарқалган.
Тўртинчиси: Карима бинти Аҳмад Марвазиянинг ривоят йўли. Бу фақат мисрликларга хос бўлган йўлдир. Зеро “Саҳиҳул Бухорий” мисрликларга мана шу ривоят йўли орқали етиб келиб машҳур бўлган.[11] Карима Марвазия “Саҳиҳул Бухорий” асарини Кушмиҳаний орқали Фирабрийдан ривоят қилган.

У шайха, санад соҳибаси, зоҳида Уммулкиром Карима бинти Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳотам Марвазиядир. Карима Марвазия Шоҳжоннинг Марвига мансуб бўлиб, катта Марв номи билан танилган бу шаҳар Хуросонда жойлашган шаҳарларнинг энг машҳуридир. Унинг отаси Кушмиҳанлик, онаси эса Сайёрийнинг авлодларидан. Отаси Байтил Мақдисга чиқиб кетган. У Абу Ҳайсам Кушмиҳанийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитгач, кейинроқ Маккага қайтиб келган.

Карима Марвазиянинг шайхлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у Кушмиҳанийдан ташқари яна Зоҳир ибн Аҳмад Сарахсийдан (ваф.389/999), Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Бомуяҳ Исфаҳонийдан (ваф.409/1018) ҳам ҳадис эшитган.

Карима Марвазия вафот этгунига қадар Байтуллоҳ­нинг ёнида яшаб қолди. Шунинг учун унинг олдига турли юртлардан уламолар ташриф буюрар ва ҳаж амалларини адо этиш асносида ундан ҳадислар эшитишар эди. Абу Бакр Хатиб, Абу Толиб Ҳусайн ибн Муҳаммад Зийнабий, Муҳаммад ибн Баракот Саидий ва кўплаб шахслар Карима Марвазиядан ҳадис ривоят қилганлар.

Карима Марвазия “Саҳиҳул Бухорий”ни Куш­миҳанийдан эшитган. Кўпгина имомлар ҳам Карима Марвазияга уни ўқиб беришган. У ҳадис ривоят қилар экан, уларни ўзидаги асл билан солиштириб кўраган. У ибодатжўй ва яхши аёл бўлиш билан бирга билимли, тушунчаси кенг ҳам бўлган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни жуда кўп марта ривоят қилган. Шулардан бирини унинг шогирди Абу Бакр Хатиб ҳаж вақтида одамларга ўқиб берган. Карима Марвазия умуман турмуш қурмай яшаган ва тўрт юз олтмиш бешинчи йили, айрим манбаларда олтмиш учинчи йили Маккада вафот этган. Айтишларича, у юз йил умр кўрган.

Карима Марвазия “Саҳиҳул Бухорий”ни фақат ўзида мавжуд аслидан олиб ривоят қилган. Ривоят қилган вақтда ҳам уни ўша асл билан солиштириб олган. Шунингдек, у “Саҳиҳул Бухорий”нинг ўзидаги нусхасига жуда ҳам эътиборли бўлган. Шунинг учун унинг ривояти машҳур бўлиб кетган. Карима Марвазия юз йил умр кўргани туфайли унинг санади олий санад ҳисобланган. Негаки, у 463/1071 йили вафот этгунига қадар ҳадис ривоят қилган.

Заҳабий бундай деган: «Абулғаноим Нарсий деди: «Карима Марвазия менинг олдимга “Саҳиҳул Бухорий”нинг бир нусхасини олиб чиқди. Мен унинг қаршисида ўтириб олиб, етти варақ ҳадис ёздим ва ўзига ўқиб бердим. Мен (ёзиб олган ҳадисларимни ундаги нусхага) бир ўзим солиштириб кўришни истар эдим. Аммо у: “Йўқ! Мен билан бирга солиштириб кўрмагунингча рози эмасман”, деди. Шундай қилиб, мен у билан бирга солиштириб кўрдим»».

“Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривояти турли юртларга кенг тарқалиб кетган, уламолар ҳадис эшитиш мақсадида унинг ҳузурига чопишган. Карима Марвазиядан “Саҳиҳул Бухорий” асарини ривоят қилганлар:

Араб тили шайхи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Баракот Саидий, Абу Содиқ Муршид ибн Яҳё ибн Қосим Мадиний Мисрий, Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Умар ибн Фарро Мавсилий Мисрий, Имомул Ҳарамайн Ҳусайн ибн Али ибн Ҳусайн Абу Абдуллоҳ Шофиъий, Абул Қосим Халаф ибн Иброҳим ибн Халаф ибн Саид Муқрий Ҳассор, Абул Исбаъ Исо ибн Муҳаммад ибн Абул Баҳр ва Аҳмад ибн Халифа ибн Мансур.

Биринчиси: араб тили шайхи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Баракот ибн Ҳилол ибн Абдул Воҳид Саидийдан “Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривоятини Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Али ибн Масъуд Бувсирий (ваф.598/1201) эшитган. Кейинчалик бу ривоят машҳур бўлиб кетганидан уни Бувсирийдан жуда кўпчилик ровийлар ривоят қилишган. Жумладан:

  1. Ҳасан Али ибн Шужоъ Зарир. (ваф.661/1263). Ундан Шарафуддин Ювнийний (701/1301) ривоят қилган.
  2. Абу Аббос Аҳмад ибн Али ибн Юсуф Дамашқий Ювнийний. (ваф.622/1225).
  3. Абу Амр Усмон ибн Абду Раҳмон ибн Рашиқ Рубаъий.
  4. Абу Тоҳир Исмоил ибн Абдул Қавий ибн Абул Из ибн Азун. (ваф.667/1268).

Мазкур уч ровийнинг ривоят йўллари орқали Карима Марвазиянинг ривоят йўли “Фатҳул Борий” асарида Ибн Ҳажарга бориб туташган.

Иккинчиси: Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Умар ибн Фарро Мавсилий Мисрийдан “Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривоятини Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Артоҳий ривоят қилган. Ундан Абул Ҳасан Али ибн Шужоъ Зарир, Ибн Рашиқ Рубаъий, Ибн Марвон ва бошқалар ривоят қилишган.

Ибн Шужоъдан Ҳофиз Шарафуддин Ювнийний ривоят қилган. Қолганларидан эса “Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривоят йўли “Умдатул қорий” асарида унинг муаллифи Бадриддин Айнийга, “Иршод ас-сорий” асарида унинг муаллифи Қасталонийга бориб туташган.

 

Қолган ривоят йўллари ҳақида сўзлайдиган бўлсак, улар:

Абул Қосим Халаф ибн Иброҳим Муқрий Ҳассор. (ваф.511/1117).
Абул Исбаъ Исо ибн Муҳаммад Абул Баҳр.
Аҳмад ибн Халифа ибн Мансур.
Қози Иёз (ваф.544/1149) “Саҳиҳул Бухорий”нинг Карима Марвазиядан қилинган ривоятини мазкур ровийлар орқали нақл қилган.

 

[1] Сияру аъломин нубалои, 16-жилд, 117-бет. Тарихул ислом, 8-жилд, 55-бет.
[2] Сияру аъломин нубалои, 16-жилд, 118-бет.
[3] Тарихул ислом, 8-жилд, 55-бет.
[4] Ас-сила, 1-жилд, 245-бет.
[5] Тақйидул муҳмал, 3-жилд, 1068-бет.
[6] Одоб факультети ва дор ал ҳадис ал ҳасаниядаги олий таълим ўқитувчисининг мазкур сўзлари унинг “Саҳиҳул Бухорий фид диросотил мағрибия” номли илмий мақоласида келган.
[7] Доктор Жумъа Фатҳи Абдул Ҳалим. Ривоётул-жомиъис-саҳиҳ ва нусахуҳ, 1-жилд, 227-бет.
[8] Ўша манба, 1-жилд, 233-бет.
[9] Ўша манба, 1-жилд, 238-бет.
[10] Ўша манба, 1-жилд, 249-бет.
[11] Доктор Усома Саййид Азҳарий. Асонийд ал мисриййин, 157-бет.
Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …